ЕК раиси Антониу Кошта Ўзбекистонга келди
Жамият
−
02 Апрель 6159 2 дақиқа
Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта жорий йилнинг 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” биринчи саммитида қатнашиш учун Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов маълум қилди.
Билдирилишича, бугун, 2 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтадиган мазкур саммит ишида қатнашиш учун Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта Ўзбекистонга ташриф буюрган. Олий мартабали меҳмонни Самарқанд халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олган.
Қисқа суҳбатдан сўнг Антониу Кошта ташриф дастурига мувофиқ навбатдаги манзилга жўнаб кетган.
Маълумот учун, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги илк саммит 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Учрашувга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислик қилади ва унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари иштирок этади. 4-5 апрель кунлари эса “Silk Road Samarkand” конгресс марказида биринчи Самарқанд иқлим форуми бўлиб ўтади. Форумда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари, шунингдек, Европа Иттифоқи, БМТ, халқаро молия институтлари ва етакчи экология ташкилотлари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Саммит давомида Евроиттифоқ ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича содиқлигини тасдиқлаши кутилмоқда. Булар қаторига транспорт ва рақамли алоқа, муҳим хомашё ресурслари, иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларидаги шериклик ҳамда энергетик ўтиш жараёни киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ саммит муносабати билан Самарқанд шаҳрига кириш йўллари вақтинча ёпилиши ҳақида хабар берилганди. Кейинроқ эса мазкур саммит ўтказилиши муносабати билан шаҳардаги айрим олий таълим муассасаларига 1-5 апрель кунлари қисқа муддатли ўқув таътили берилиши маълум бўлди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь