ЕИ Ўзбекистоннинг икки компаниясини “қора рўйхат”га киритди
Жамият
−
10:18 8041 2 дақиқа
Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 20-пакети доирасида Ўзбекистоннинг пахта целлюлозаси ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи икки компаниясига нисбатан чекловлар киритди. Бу ҳақда Европа Иттифоқи Кенгашининг “EИ расмий журнали”да эълон қилинган баёнотида айтилади.
Билдирилишича, Фарғона пахта целлюлозаси кимёвий заводи ва Жиззахдаги “Raw Materials Cellulose” компаниясига нисбатан санкциялар жорий этилган.
Ҳисоботда айтилишича, Фарғонадаги кимё заводи Қозон ва Пермга, Жиззахдаги корхона эса Тамбовга порох заводлари учун целлюлоза етказиб берган.
Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, 24 апрель ҳолатига Фарғона кимё заводининг 100% акциялари “Mercury Insurance” компаниясига тегишли.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида Европа Иттифоқи Россияга қарши 19-санкциялар пакетига Фарғона кимё заводи Пермь порох заводи ва Қозон давлат порох заводига пахта целлюлозасини етказиб бергани учун корхона раҳбари Рустам Мўминовга чекловлар ўрнатган эди. Декабрь ойида эса Мўминов Буюк Британиянинг санкциялар рўйхатига киритилди.
“Raw Materials Cellulose” корхонасининг устав фондидаги 25 фоизлик улушлар Лариса Бикова, Бобур Қобулниёзов, Аъзамжон Валихонов ва Маъмуржон Алимовга тегишли.
Европа Кенгашининг қайд этишича, 20-санкциялар пакети Россия Федерациясига учинчи мамлакатлардан муҳим юқори технологияли товарлар етказиб беришни камайтиришга қаратилган.
“Хусусан, Европа Иттифоқи Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Беларусдаги, Россия ҳарбий-саноат мажмуаси учун икки хил мақсадда қўлланадиган товарлар ёки қурол-яроғ етказиб берган 16 та ташкилотни санкциялар рўйхатига киритди”, дейилади Еврокенгаш баёнотида.
Live
Барчаси