ЕИ Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этади
Олам
−
24 Февраль
2391Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари Украинага ўқ-дорилар етказиб беришдан иборат янги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этишга ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳақда бугун, 24 февраль куни Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас Европа мамлакатлари Ташқи ишлар вазирлари билан учрашув давомида сўз очди.
Унинг сўзларига кўра, Европа давлатлари Россияга қарши 16-санкциялар пакети ва Украинани қисқа муддатда ўқ-дорилар билан таъминлаш масаласини муҳокама қилмоқда.
“Биз Россияга қарши санкцияларнинг 16-пакетини муҳокама қилмоқдамиз ва умид қиламанки, у ҳам ўйин консоллари, ҳам соя флотига нисбатан чекловларни ўз ичига олади. Шунингдек, биз Украинани қисқа муддатда ўқ-дорилар билан таъминлаш бўйича янги мудофаа ташаббусларини илгари сурмоқдамиз”, деган у.
Шунингдек, Каллас ЕИнинг янги ҳарбий ташаббуслари “6 март куни Европа Иттифоқи етакчиларининг фавқулодда саммитида муҳокама қилинишини” қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 24 февраль куни эрталаб Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Европа кенгаши раиси Антониу Кошта Украина пойтахти Киевга етиб боргани ҳақида хабар берилганди. Икки юқори мартабали европалик сиёсатчи Украина билан бирдамлик изҳор этиш ниятида ва улар Россиянинг Украинага қуролли бостириб киришининг уч йиллиги муносабати билан қўшимча ёрдам беришга ваъда берган.