Европа етакчилари урушнинг 3 йиллиги муносабати билан Киевга борди (видео)
Олам
−
24 Февраль
5234Бугун, 24 февраль куни эрталаб Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Европа кенгаши раиси Антониу Кошта Украина пойтахти Киевга етиб борди. Бу ҳақда етакчилар ўзларининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифаларида маълум қилди.
Икки юқори мартабали европалик сиёсатчи Украина билан бирдамлик изҳор этиш ниятида ва улар Россиянинг Украинага қуролли бостириб киришининг уч йиллиги муносабати билан қўшимча ёрдам беришга ваъда беради.
Киевга етиб келгач, фон дер Ляйен Х платформасидаги микроблогида шундай ёзди:
“Биз бугун Киевдамиз, чунки Украина бу Европа демакдир. Омон қолиш учун курашда фақат Украина тақдири хавф остида эмас. Бу Европанинг тақдири”.
Владимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Киевга фон дер Ляйен ва Коштадан ташқари 13 мамлакатдан давлат ва ҳукумат раҳбарлари келяпти, видеоконференцияда яна 24 нафар етакчи иштирок этади. Урсула фон дер Ляйенга ҳам 20 га яқин Европа комиссарлари ҳамроҳлик қилмоқда.
Бу ҳаракат, айниқса, АҚШ Президенти Дональд Трамп Қўшма Штатлар Киевга ёрдамни кескин қисқартириш ниятида эканига ишора қилганидан кейин муҳим деб кўрилмоқда. Бунинг ўрнига Трамп Украина ва Россияни урушни тугатиш учун музокара столига ўтиришга мажбурламоқчи.
Яқинда Трамп Украина Президенти Владимир Зеленскийни “диктатор” деб атади ва уни Россиянинг Украина билан урушини бошлаганликда айблади. Бу баёнотлар фонида Трамп ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасида Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар ўтказиш режалаштирилган. Трамп Путинга олдиндан бир қанча ён босган, хусусан, у Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш имкониятини рад этган. Бундан ташқари, Украина Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни қайтаришга уринишлардан воз кечиши керак.
Урсула фон дер Ляйеннинг режаси
Урсула фон дер Ляйен эса Киевга поездда кетаётиб, тез орада қурол ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва Европа Иттифоқининг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича кенг қамровли режа тақдим этишини маълум қилди.
Бу чоралардан Украина ҳам фойда олиши керак. Бундан ташқари, фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, Украинанинг ҳам, бутун Европа Иттифоқининг ҳам энергия хавфсизлигини яхшилаш бўйича кейинги қадамлар қўйилади. Шунингдек, Украина ва Молдова электр энергияси бозорлари келаси йил охиригача Европа бозорига тўлиқ интеграция қилиниши керак.
“Эркин ва суверен Украина бутун дунё манфаатларига мос келади”, деди Урсула фон дер Ляйен Зеленский билан учрашувдан бир неча соат олдин.
Унинг фикрича, Украинанинг 2025 йилги бюджети тақчиллиги қоплангач, бу давлатга қурол ва ўқ-дорилар етказиб беришни зудлик билан тезлаштириш керак.
“Бизнинг яқин ҳамкорлигимиз нафақат Украина, балки бутун Европа манфаатларига жавоб беради”, деди Еврокомиссия раҳбари.
Унинг фикрича, Украинанинг юқори даражада инновацион ва қудратли мудофаа саноати Европа Иттифоқини мустаҳкамлаши мумкин.
Бугун биз ҳаммамиз украиналикмиз – Кошта
Ўз навбатида, Европа Кенгаши раҳбари Антониу Кошта Россиянинг Украинага бостириб киришининг уч йиллиги муносабати билан Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлади.
“Украинанинг келажаги Европа Иттифоқида. Украина хавфсизлиги эса Европа хавфсизлигидир. Биз ҳам худди сиз каби адолатли, ҳалол ва мустаҳкам тинчликни истаймиз”, дейди у.
Коштанинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи биринчи кунданоқ Украинани қўллаб-қувватлаган ва унинг ёнида бўлишда давом этади.
“Бугун биз ҳаммамиз украиналикмиз”, дейди Кошта.
У, шунингдек, Россия Украинага босқин бошланганидан бери етказган “шафқатсиз ва кечириб бўлмас” азоб-уқубатларни қоралади.
LiveБарчаси