ЕИ Украинага 2 миллиард евролик ўқ-дори етказиб беришга келишиб олди
Олам
−
20 Март 2023
4465Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррелнинг Украинага 2 миллиард евролик ўқ-дори етказиб бериш режаси Евроиттифоқ вазирлари томонидан маъқулланди ва улар 12 ой ичида Украинага камида 1 миллион ўқ-дори етказиб беришга келишиб олди. Бу ҳақда бугун, 20 март куни “Agence France-Presse” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Европа Иттифоқи Киевга ўқ-дориларни харид қилиш ва етказиб бериш учун Европа тинчлик жамғармасидан 2 миллиард евро ажратишга қарор қилган. Шундан 1 миллиард евро Украинага ўз захираларидан тезда снарядлар етказиб бера оладиган давлатларга компенсация сифатида, яна 1 миллиард евро эса ўқ-дориларни сотиб олиш бўйича қўшма лойиҳаларга йўналтирилади.
Бундан ташқари, Жозеп Боррель жорий йилнинг охиригача Европа тинчлик жамғармаси бюджетни яна 3,5 миллиард еврога ошириш имконияти мавжудлигини билдирган. Дастлаб, 2021 йилдан 2027 йилгача бўлган даврда жамғарманинг бутун бюджети 5,7 миллиард еврони ташкил этган. Ўтган йили Европа Иттифоқи ушбу фонддан Украинага қурол етказиб бериш учун 3,2 миллиард евро ажратган.
Европа тинчлик жамғармаси маблағлари Европа Иттифоқи мамлакатларига Украинага узатган қуроллари учун компенсация сифатида ажратилади. Боррелнинг сўзларига кўра, Брюссель ундан Киевга юборилган қурол ва ўқ-дорилар нархининг 40 фоизини қоплайди.