ЕИ Трампнинг Оқ уйга қайтиши эҳтимолига тайёрланиш учун махсус ишчи гуруҳ тузди – FT
Олам
−
02 Август
3714Европа Иттифоқи АҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг Оқ уйга қайтиши эҳтимолига тайёргарлик кўриш учун махсус ишчи гуруҳ шакллантирди. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.
Нашрнинг ўз манбаларига таяниб ёзишича, Трампнинг жорий йилнинг ноябрь ойида ўтказиладиган президентлик сайловида ғалаба қилиши ва Оқ уйга қайтиши расмий Вашингтоннинг Украина бўйича сиёсатида кескин ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Ушбу президентлик пойгасида эса собиқ президентга мамлакатнинг амалдаги вице-президенти, Демократлар партиясидан Президент Байденнинг ўрнига кўрсатилган номзод Камола Ҳаррис қарши курашади.
“Бу қадам Брюсселнинг Трамп президент этиб сайланса, Европа Иттифоқидан импорт қилинадиган маҳсулотларга юқори миқдорда божлар қўйиши, Киевга ҳарбий ҳамда молиявий ёрдамни тўхтатиши ва Украинани Россия фойдасига сулҳга рози бўлишга мажбурлаши мумкинлигидан чуқур хавотирланиши билан боғлиқ”, деб ёзган FT газетаси.
Шунингдек, газета Трампнинг Қўшма Штатларни НАТО таркибидан чиқариши ёки альянснинг низомидаги жамоавий мудофаа қоидаларини унинг фикри билан айтганда, “ҳарбий эҳтиёжлар учун жуда кам маблағ сарфлайдиган” давлатлар учун ўзгартириш ҳақидаги таҳдидларини амалга ошириш эҳтимоли ҳам Европа Иттифоқида хавотир уйғотаётганини ёзган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 5 ноябрь куни АҚШда президентлик сайлови бўлиб ўтади. Дастлаб республикачилардан Дональд Трамп ҳамда демократлардан Оқ уйнинг амалдаги раҳбари Жо Байден номзод сифатида кўрсатилганди. Бироқ Байден 21 июль куни президентлик пойгасидан чиқишини эълон қилди. Унинг ўрнига вице-президент Ҳаррис номзоди кўрсатилди. У биринчи сўровномадаёқ Трампни ортда қолдирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Парижда 2024 йилги Олимпиаданинг очилиш маросимини танқид остига олгани хабар қилинганди.