ЕИ Россияга ёрдам бераётган Хитой компанияларига санкция киритмоқчи 

Олам

image

Еврокомиссия илк бор санкциялар рўйхатига Хитойдан Россияга ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган ускуналар етказиб берувчи 7 та компанияни киритди. Бу ҳақда бугун, 8 май куни “Financial Times” хабар берди. 

Таъкидланишича, 3HC Semiconductors, Sinno Electronics, King-Pai Technology va Sigma Technology каби Хитой компаниялари Россияга ускуналар етказиб бермоқда. Рўйхат яқин кунларда ЕИга аъзо давлатлар томонидан кўриб чиқилади. Ушбу фирмаларнинг баъзилари аллақачон АҚШ санкцияларига дучор бўлган, бироқ Европа Иттифоқи Пекин билан қарама-қаршиликдан қочиб, ХХРнинг Москвага тўғридан-тўғри қурол-яроғ сотилгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқлиги сабаб бундай қадамдан тийилиб келаётганди.

“Украинага қарши тажовузкор урушни қўллаб-қувватлаш йўлида Россия ҳарбий-саноат мажмуаси томонидан фойдаланиш учун электрон компонентларнинг асосий ролини ҳисобга олган ҳолда санкцияларни четлаб ўтишда иштирок этган учинчи мамлакатлардаги айрим субъектларни, шунингдек, мамлакат ҳарбий-саноат комплекси учун электрон компонентларни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш билан шуғулланадиган якка тартибдаги Россия корхоналарини ҳам рўйхатга киритиш мақсадга мувофиқ”, дейилади Брюсселнинг жазо чоралари бўйича таклифида.

Санкциялар рўйхати кучга кириши учун Европа Иттифоқининг 27 та давлати бир овоздан маъқуллаши керак. Бундан ташқари, Еврокомиссия Россияга учувчисиз самолётларни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш билан шуғулланувчи баъзи Эрон компанияларига нисбатан санкциялар жорий этишни таклиф қилмоқда. 

Айтилишича, ЕИ вакилларининг бундай ҳаракатлари Брюсселни “глобал таъсир учун курашда” Оқ уйни қўллаб-қувватлашдан ҳар томонлама тўхтатиб қолишга уринаётган Пекинга ёқмаслиги мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Европа Иттифоқи санкция Хитой Еврокомиссия Пекин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг