ЕИ Россияга қарши 20-санкциялар пакетини тасдиқлади
Олам
−
16 Декабрь 1607 2 дақиқа
Кеча, 15 декабрь куни Европа Иттифоқи Россияга нисбатан 20-санкциялар пакетини қабул қилди. ЕИга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари 17 нафар жисмоний ва юридик шахсга қарши янги чеклов чораларини маъқуллади. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий сайтида хабар берилди.
Мазкур чоралар Европа Иттифоқининг 20-санкциялар пакети доирасига киради ва жумладан, “соя флоти”га қарши йўналтирилган. Шунингдек, санкциялар рўйхатига илк бор АҚШ фуқароси ҳам киритилди.
Хусусан, рўйхатга МГИМО халқаро муносабатлар факультети декани Андрей Сушенцов, Россия Халқаро ишлар кенгаши бош директори, “Валдай” клуби дастур директори Иван Тимофеев, “Валдай” мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси кузатув кенгаши раиси Андрей Бистрицкий, “Россия глобал сиёсатда” журнали бош муҳаррири, “Валдай” клубининг илмий ишлар бўйича директори Федор Лукьянов, украиналик журналист Диана Панченко ҳамда Флоридада илгари шериф ёрдамчиси бўлган Жон Марк Дуган киритилган. Улар “Россиянинг интернетдаги ахборот операцияларини қўллаб-қувватлагани” учун санкция остида қолган.
ЕИ маълумотларига кўра, Жон Марк Дуган 2016 йилда сиёсий бошпана сўраганидан сўнг Россия фуқаролигини олган. Шунингдек, уч нафар Россия Федерацияси Қуролли кучлари Бош штаби Бош разведка бошқармаси офицерига нисбатан ҳам чекловлар жорий этилган.
Бундан ташқари, санкциялар рўйхатига Швейцария махсус хизматининг собиқ офицери Жак Бо, франциялик эксперт Ксавье Моро ҳамда учта кема қатнови компанияси – БААга тегишли Citrine Marine SPC ва Nova Shipmanagement LLC-FZ ҳамда Вьетнамнинг Hung Phat Maritime Trading компанияси ҳам киритилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари Россия нефтини ташиётгани айтилаётган 40 та танкерини “қора рўйхат”га киритгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси