ЕИ Россияда украиналик журналистнинг ўлими юзасидан чуқур тергов ўтказишни талаб қилди
Олам
−
12 Октябрь
2788Европа Иттифоқи Россия ҳибсхонасида украиналик журналистнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатларга ойдинлик киритиш учун тергов ўтказишга чақирди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг дипломатик хизмати маълум қилди.
“Европа Иттифоқи Россиянинг уруш зоналари ва фронтдаги воқеаларни ёритаётган журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларига нисбатан давом этаётган таъқиблари, қўрқитишлари ва зўравонликларидан чуқур хавотирда”, дейилади хабарда.
Виктория Рошина Россия истилоси бошланганидан бери ўлдирилган ўн учинчи журналист бўлди. Европа дипломатик хизмати инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва журналистларга нисбатан тазйиқлар жазосиз қолиши мумкин эмаслигини қайд этди.
“Европа Иттифоқи украиналик мустақил журналист Виктория Рошинанинг Россияда ноқонуний ҳибсда ўлдирилгани ҳақидаги хабарлардан ҳайратда. ЕИ Рошина ўлимининг барча ҳолатларига имкон қадар тезроқ ойдинлик киритадиган чуқур ва мустақил тергов ўтказишни талаб қилади”, дея қўшимча қилди ЕИ дипломатик хизмати.
Инсон ҳуқуқлари бўйича медиа ташаббуси (MIHR) ижрочи директори Татьяна Катриченконинг Facebook'да ёзишича, Рошина камида иккита қамоқхонада: Бердянскдаги 77-сонли ахлоқ тузатиш колонияси ва Таганрогдаги 2-сонли тергов ҳибсхонасида сақланган. Мавжуд маълумотларга кўра, Виктория Рошина Таганрогдаги қамоқхонадан Москвага кўчирилаётганда вафот этган.
“Тўлиқ миқёсли босқиннинг дастлабки ойларидан бошлаб россиялик расмийлар иккала жойдан ҳам Украина ҳарбий хизматчилари, ҳам тинч аҳолини, хусусан аёлларни сақлаш учун фойдаланмоқда”, деб ёзади у.
Катриченконинг сўзларига кўра, Таганрогдаги тергов изолятори Россия ҳудудида украиналиклар учун энг шафқатсиз ҳибсхоналардан бири сифатида танилган.
“Бу ер дўзах деб аталади, хусусан, Азовсталдан озод қилинганлар у ерда жиноятчиликда гумон қилинган ҳар бир киши бу жойларда қилган “жинояти”ни тан олади ва барча ишларда ўзини айблайди”, дея таъкидлайди у.
У, шунингдек, Рошина Таганрогда камида шу йилнинг май ойидан сентябригача бир кишилик камерада сақланганини қўшимча қилган.
2022 йилнинг февраль ойидан бошлаб Рошина Украина шарқи ва жанубидаги ҳарбий амалиётлар ҳақидаги материалларни чоп этиб келган. Хусусан, босиб олинган Энергодардан Запорожье атом электр станциясининг Россия кучлари томонидан эгаллаб олингани ва Гуляйполедан доимий бомбардимон остидаги ҳаёт ҳақида материаллар тайёрлаган.
У бир қатор Украина оммавий ахборот воситалари – “Suspilne”, “Украинская правда” ва “Озодлик” радиоси билан ҳамкорлик қилган. 2022 йилда у Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши ҳақидаги репортажи учун Халқаро аёллар медиа Жамғармасининг “Журналистикадаги жасорат” мукофотига сазовор бўлган.
Рошина бир неча бор россиялик ҳарбийлар томонидан ҳибсга олинган. 2022 йил 11 мартда у Мариуполга кетаётганида, уни жосусликда айблаб, ФХХ ходимлари ҳибсга олган. Журналист 10 кун ушлаб турилган, аммо кейин асирга олинган Россия аскарларига алмаштирилган. Шундан сўнг, Рошина ўз она шаҳри – Запорожьега қайтиб борган ва Украина назорати остидаги ҳудудда ишлашни давом эттирган.
2023 йилнинг ёзида у Россия орқали Украина шарқидаги босиб олинган ҳудудларга саёҳат қилиш учун Украинадан Полшага йўл олади. Журналист у ерда ғойиб бўлган ва 2024 йилнинг май ойида Россия Мудофаа вазирлиги унинг қўлга олингани ҳамда Россия ҳудудида эканлигини тасдиқлаган. Кейинроқ Халқаро қизил хоч қўмитаси Рошина Россия ҳибсхонасида эканини тасдиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 27 ёшли журналист Виктория Рошина Россияда ҳибсхонада вафот этган хабар қилинганди. Олий Раданинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Дмитрий Лубинец унинг ўлими ҳақидаги тасдиқни Россиянинг Ҳарбий асирлар билан муомала қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи штаб спикери Пётр Яценкодан олган.
LiveБарчаси