ЕИ Россия нефтининг нархини кескин туширди

Олам

image

Европа Иттифоқи Россия нефтининг нархини 44,1 долларгача туширди. Янги нархлар жорий йил 1 февралдан кучга киради. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг расмий сайтида хабар берилди.

Келтирилишича, ЕИ Россия нефтининг нархининг энг юқори чегарасини бир баррель учун 47,6 доллардан 44,1 долларгача туширган. Янги чеклов 1 февралдан кучга киради. Ушбу санадан олдин тузилган шартномалар ўтиш даврига бўйсунади, битимлар 16 апрелдан кечиктирмай якунланиши керак.

ЕИ ва G7 мамлакатлари 2022 йил декабрь ойида Россиянинг Украинага қуролли босқини учун санкциялар доирасида Россия нефтининг нархларига чекловлар қўйганди. Дастлаб, чеклов бир баррель учун 60 доллар қилиб белгиланган. Бу чора Кремлнинг урушни молиялаштириш имкониятини чеклашга қаратилган. Учинчи давлатлар Россия нефтини фақат белгиланган нарх чегарасига риоя қилган тақдирдагина Ғарб компаниялари орқали сотиб олишлари мумкин.

2025 йил июль ойида нархнинг энг юқори чегараси сузувчи чегарага айланган. Қабул қилинган механизмга кўра, у бозор нархларидан 15 фоизга паст бўлиши керак. Натижада сентябрь ойида энг юқори чегара баррель учун 47,6 долларгача туширилган. 

Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги маълумотларига кўра, декабрь ойида Россиянинг Urals нефтининг ўртача нархи беш йил ичида биринчи марта бир баррель учун 39,18 долларгача тушган.

Европа Иттифоқи ўз навбатида 2027 йил охирига қадар Россия нефть импортини бутунлай тўхтатишни режалаштирмоқда. Ҳозирда Венгрия ва Словакия Европа Иттифоқининг асосий харидорлари бўлиб қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Россияга қарши янги санкциялар ҳақидаги қонун лойиҳасига “яшил чироқ” ёққани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Европа Иттифоқи нефть

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг