ЕИ Путиннинг қизларини “қора рўйхат”га киритмоқчи
Олам
−
06 Апрель 2022
13410Европа Иттифоқи расмийлари Россия Президенти Владимир Путиннинг қизлари деб ҳисобланган Катерина Тихонова ва Мария Воронцовани янги санкциялар рўйхатига киритиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” манбаларга таяниб ёзмоқда.
Агентликнинг таъкидлашича, бу кўпроқ “рамзий ишора”, чунки Тихонова ва Воронцованинг Россиядан ташқаридаги муҳим бойликлари номаълум, аммо бу Путиннинг “эътиборини жалб қилиш” учун мўлжалланган.
“The Wall Street Journal”нинг Европадаги мухбири Лоуренс Норман ҳам Россия Президентининг қизлари деб ҳисобланган Катерина ва Мария санкциялар рўйхатига киритилиши мумкинлиги ҳақида ёзган.
АҚШда эса Россияга қарши янги санкциялар доирасида молия институтларига, хусусан, ВТБ Банк ва “Сбербанк”га нисбатан чекловларни кенгайтириш режалаштирилмоқда, деб ёзади “The Wall Street Journal”. Иккала банк ҳам февраль ойида АҚШнинг санкциялар рўйхатига киритилган эди.
Яқин вақтгача Россия ҳарбийлари жойлашган Киев вилоятининг Буча шаҳри ва бошқа аҳоли пунктларида тинч аҳоли ўлдирилгани ҳақидаги хабарлардан сўнг Ғарб давлатлари Россияга қарши янги санкциялар жорий этишга қарор қилди.
“Буча қирғини”
Жорий йилнинг 1 апрель куни Буча мэри Анатолий Федорук Украина ҳарбийлари россиялик босқинчиларни чиқариб юборганини тасдиқлади. Чекинган руслар фуқаролик иншоотларини, инфратузилма объектларини ва аҳоли пункти ичидаги баъзи ҳудудларни миналаган.
Озод қилинган шаҳарда украиналик ҳарбийлар ҳудудни диверсантлар ва россиялик шериклардан тозалашга киришган.
2 апрель оқшомида Украина Мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр бутун Киев вилояти рус босқинчиларидан озод қилинганини очиқлади.
Шундан сўнг босқинчиларнинг ваҳшийликлари ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлади. Руслар одамларни ўлдирган ва зўрлаган, ҳақорат қилган ва қийноққа солгани айтилди. Дмитрий Комаров Бучадан даҳшатли кадрларни кўрсатди ва аҳоли нонни кўрганда шунчаки йиғлаётганини айтди. Кейинчалик тармоқда пайдо бўлган Бучадан олинган ҳайратланарли фотосуратларда боғланган одамлар ўлдираётгани маълум бўлди. Украиналиклар оммавий қабрларга дафн қилинган. Баъзи жасадлар кўчаларнинг ўртасида қолган.
Буча воқеалари ҳақиқати ошкор бўлгач, дунё давлатлари уни қоралади. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар пакетини ишлаб чиқишни бошлади.
Россия Мудофаа вазирлиги Бучадаги воқеаларни Москвага қарши провокация ва саҳналаштирилган деб атади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь