ЕИ Пхеньянни Украинага қарши урушда қатнашишдан огоҳлантирди

Олам

image

Европа Иттифоқи КХДР Россиянинг Украинага қарши давом этаётган босқинчилик урушида қатнашиш учун ҳарбий хизматчиларни юбораётгани ҳақидаги хабарларнинг кўпайишидан чуқур хавотирдалигини билдирди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррель кеча, 24 октябрь куни баёнот берди.

Унинг сўзларига кўра, агар бундай маълумотлар тасдиқланса, бу КХДР томонидан Европа ва глобал тинчлик ва хавфсизлик учун жиддий оқибатларга олиб келадиган бир томонлама душманлик ҳаракати сифатида қабул қилинади.

“Шимолий Кореянинг урушдаги иштироки халқаро ҳуқуқни, жумладан, БМТ Низомининг энг фундаментал тамойилларини жиддий бузиш бўлади”, деб таъкидлайди Боррель.

Бундан ташқари, ЕИ Москва ва Пхеньян ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг чуқурлашишини, хусусан, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг кўплаб резолюцияларини қўпол равишда бузаётган қурол-яроғ етказиб беришни кескин қоралаган.

Шу муносабат билан Европа Иттифоқи Шимолий Кореяни Россиянинг ноқонуний ҳарбий ҳаракатларини қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақирган. Шунингдек, ўз ҳаракатларини, жумладан, жавоб чораларини халқаро ҳамкорлар билан мувофиқлаштиришини кўрсатган.

“Шимолий Корея Россияга Украинага кенг кўламли бостириб киришида ёрдам бериши мумкин бўлган маълумотларнинг кўпайиши Россия минтақада ва бутун дунёда қандай қилиб беқарорлик ва кескинликни келтириб чиқараётганини кўрсатади”, деган Боррель.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин мамлакатда Шимолий Корея қўшинлари борлиги ҳақидаги хабарларга илк бор изоҳ бериб, КХДР аскарларини акс эттирадиган сунъий йўлдош суратлари ҳақидаги саволга жавоб бериб, уларни “жиддий нарса” деб атаганди. У, шунингдек, НАТО ҳарбийлари аллақачон тўғридан тўғри Украина можаросида иштирок этаётганини таъкидлаганди. Ундан олдин, Россиянинг Сеулдаги элчиси Шимолий Корея аскарларининг Украинага қарши урушда иштирок этиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар фонида Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилганди. Жанубий Корея дипломатик департаменти раҳбарининг ўринбосари Ким Хонг Кьюн Россиянинг Сеулдаги элчиси Георгий Зиновьевга яқинда Шимолий Корея аскарларининг Россияга жўнатилганидан чуқур хавотирда эканлиги ва Шимолий Корея ҳарбийларини Россиядан зудлик билан олиб чиқиб кетилишини талаб қилганганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Европа Иттифоқи Украина уруш КХДР Жозеп Боррель

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг