Россия элчиси КХДР масаласида Жанубий Корея ТИВга чақиртирилди
Олам
−
21 Октябрь
5104Шимолий Корея аскарларининг Украинага қарши урушда иштирок этиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар фонида Россиянинг Сеулдаги элчиси Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Бу ҳақда бугун, 21 октябрь куни Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.
Маълум қилинишича, Жанубий Корея дипломатик департаменти раҳбарининг ўринбосари Ким Хонг Кьюн Россиянинг Сеулдаги элчиси Георгий Зиновьевга яқинда Шимолий Корея аскарларининг Россияга жўнатилганидан чуқур хавотирда эканлиги ва Шимолий Корея ҳарбийларини Россиядан зудлик билан олиб чиқиб кетилишини талаб қилган.
Ким, шунингдек, Шимолий Кореянинг Украинадаги уруш учун қурол ва аскар етказиб бериши нафақат Жанубий Корея, балки жаҳон ҳамжамиятига жиддий таҳдид эканини таъкидлаган. Унинг қайд этишича, бундай ҳаракатлар БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциялари ва жаҳон ташкилоти низомига зиддир.
Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, КХДР Россияга ўқув машғулотлари учун 1500 га яқин аскар юборган ва бу аскарлар Украинага қарши урушда қатнашиши мумкин.
“Биз Шимолий Кореянинг ноқонуний ҳарбий ҳамкорлигини, жумладан, қўшинларини Россияга жўнатишини кескин қоралаймиз. Биз халқаро ҳамжамият билан биргаликда асосий хавфсизлик манфаатларимизга таҳдид солувчи ҳаракатларга қарши барча мавжуд воситаларни сафарбар қилиш орқали жавоб берамиз”, деган Ким Хонг Кьюн.
Вазирликнинг билдиришича, Зиновьев Кимга Жанубий Корея талабларини Москвага етказишини айтган.
Украина Президенти Владимир Зеленский Пхеньянни Россияга 10 минг аскар жўнатишга тайёрланаётганликда айблади ва кеча, 20 октябрь куни Шимолий Кореянинг Украинадаги урушдаги иштироки кучайиб бораётганини тан олган давлатларни кескин муносабат билдиришга чақирди.
Россия ҳам, Шимолий Корея ҳам қурол-яроғ узатилишини рад этган, аммо жорий йилнинг июнь ойида Россия раҳбари Владимир Путиннинг Пхеньянга ташрифи доирасида иккала давлат ўзаро мудофаа шартномасини имзолаб, ҳарбий алоқаларни ривожлантиришга ваъда берган.
Кремль, шунингдек, Жанубий Кореянинг КХДР Украинага қарши Россияга ёрдам бериш учун баъзи ҳарбий хизматчиларни юборган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги даъволарини рад этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский фуқароларига йўллаган кечки мурожаатида Шимолий Корея Россияни нафақат қурол-яроғ билан таъминлаши, балки ўз фуқароларини Россия армиясида Украинага қарши жангга жўнатишини айтганди. Унинг сўзларига кўра, бундай шароитда Украина фронти ғарблик ҳамкорлардан “кўпроқ ёрдамга муҳтож”.
Октябрь ойи бошида “The Times” газетаси Россия армияси Украинага қарши урушда ҳар йили фойдаланадиган уч миллион артиллерия ўқларининг қарийб ярмини олгани ҳақида хабар берди. Шу билан бирга, Украина манбаларининг “The Guardian”га маълум қилишича, КХДР ҳарбий муҳандислари Россия қўшинларига Шимолий Кореянинг КН-23 ракеталари билан Украинага зарба беришда ёрдам бермоқда.
Ўз навбатида, “The Washington Post” газетаси Украина ва Жанубий Корея расмийларига таяниб, Шимолий Корея аскарлари аллақачон Россия томонида жангларда қатнашаётганини ёзган. Бундан ташқари, КХДРдан бир неча минг ҳарбий хизматчилар кейинчалик фронтга жўнатиш учун Россия ўқув лагерларида ўқитилмоқда.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь