ЕИ: “Идлибдаги ҳарбий ҳаракатлар зудлик билан тўхтатилиши зарур”
Олам
−
21 Февраль 2020
4316Европа Иттифоқига аъзо 27 давлат раҳбари томонларни Суриянинг Идлиб провинциясидаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда 21 февраль, жума куни Брюсселда бўлиб ўтаётган давлат ва ҳукумат раҳбарларининг навбатдан ташқари йиғилишида айтилган.
“Сурия режими ва Идлибдаги унинг тарафдорлари томонидан янгиланган ҳарбий ҳужумлар инсониятга нисбатан катта зулмга олиб келди. Европа Иттифоқи барча томонларни зўравонликларни дарҳол тўхтатишга чақирмоқда", дейилади баёнотда.
Баёнотда келтирилишича, Суриядаги можаро томонлари Сочида эришилган келишув мажбуриятларини тўлиқ бажаришлари зарур. "Европа Иттифоқи барча томонларни сулҳни қатъий таъминлашга, тинч аҳолининг ҳимоясини кафолатлашга ва 2018 йил 17 сентябрдаги Сочи меморандуми бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ бажаришга чақиради", дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи раҳбарлари "барча муҳтожларга тўсқинликсиз ва тўғридан-тўғри гуманитар ёрдам кўрсатиш" зарурлигини таъкидлади. "Халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунларни бузганлик учун жавобгарлик жуда катта аҳамиятга эга. Шу сабабли Суриядаги вазиятни Халқаро жиноий суд қайта кўриб чиқиш керак. Европа Иттифоқи Идлибдаги ҳимоясиз фуқароларга инсонпарварлик ёрдамини кучайтиришга тайёр”, дейилади баёнотда.
LiveБарчаси