ЕИ давлатлари Афғонистонда элчихоналарни қайта очишни ўрганмоқда – “Bloomberg”

Олам

image

Европанинг бир қанча давлатлари Афғонистонда ўз элчихоналарини қайта очиш ва шу орқали “Толибон” ҳаракатини тан олиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг айрим давлатлари расмийлари ва манбаларига таяниб, “Bloomberg” хабар берди.

“Брюссель расмийлари Афғонистонда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва минтақада стратегик мавжудликни ўрнатиш учун дипломатик ваколатхоналар очиш зарурлигини тан ола бошлади”, дейди европалик дипломатлардан бири.

Агентликнинг эслатишича, Афғонистонда ҳозирда фақат Европа Иттифоқининг бутун уюшма сифатида ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда, алоҳида Европа давлатлари эса “Толибон” ҳокимиятга келганидан кейин ўз элчихоналарини ёпган.

Хусусан, Италия Афғонистонда ўз элчихонасини қайта очиш масаласини кўриб чиқмоқда. Италия Ташқи ишлар вазири Антонио Таянининг айтишича, Италиянинг Қатардаги элчиси яқинда Қобулга борган.

“Биз бу борада ишлаяпмиз. Муаммони ҳал қилиш жуда қийин, бу вақт талаб этади”, деган вазир Вашингтондаги НАТО саммити доирасида агентликка берган интервьюсида.

Қайд этилишича, Испания ҳам худди шундай йўл тутади. Афғонистондаги элчи ҳозирда "хавфсизлик нуқтаи назаридан" Қатарда ишламоқда. Мадрид “имкон қадар тезроқ” элчини Қобулга қайтаришни режалаштирмоқда.

“Хавфсизликнинг минимал шартлари бажарилиши билан биз элчимизни қайтариб берамиз. Биз бир ой олдин тайёр эдик, аммо, афсуски, ўшанда ИШИД террорчилари Афғонистонда уч испанликни ўлдирди”, дейди Испания Ташқи ишлар вазири Хосе Мануэль Албарес “Bloomberg” агентлигига берган интервьюсида.

Шу билан бирга, Франция, Британия ва Германия расмийлари агентликка яқин келажакда Қобулда ўз ваколатхоналарини очишни режалаштирмаганликларини айтган. Ўз навбатида, Франция расмийси Афғонистонда дипломатик ваколатхонанинг йўқлиги "чексиз давом эта олмаслигини" тан олди.

Буюк Британия расмийлари эса “хавфсизлик ва сиёсий шароитлар имкон берса,” дипломатларни Афғонистонга қайтариш имкониятларини ўрганиб чиқишларини тасдиқлади.

Америка маъмуриятининг исмини ошкор этмаган юқори мартабали мулозимининг агентликка маълум қилишича, Қўшма Штатлар Афғонистоннинг “Толибон” ҳаракати томонидан тузилган ҳукуматни расман тан олишни ва бу мамлакатдаги элчихонаси фаолиятини қайта тиклашни режалаштирмаяпти.

Ғарб давлатлари 2021 йилда АҚШ қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетиб, Қобулни “Толибон” кучлари эгаллаб олгандан сўнг дипломатик ваколатхоналарини ёпди. Шу билан бирга, Европа Иттифоқи мамлакатдаги мавжудлигини сақлаб қолди. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жосеп Боррелнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи Афғонистонда бир неча дипломатларини қолдирган, уларнинг асосий вазифаси аҳоли ўртасида гуманитар ёрдам тарқатиш бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Европа Иттифоқи Толибон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг