ЕИ Алишер Усмонов масаласида келиша олмаяпти – ОАВ

Олам

image

Франция ва Словакиянинг россиялик миллиардер Алишер Усмоновни Европа Иттифоқи санкциялар рўйхатидан чиқариш талаби сабаб ташкилот Россияга қарши чекловларни одатдаги муддатга эмас, атиги бир ҳафтага узайтиришга келишди. Бу ҳақда дипломатик манбаларга таяниб, РБК хабар берди.

Қайд этилишича, ЕИ давлатлари элчилари Россияга қарши амалдаги санкцияларни жорий йилнинг 22 сентябрь ярим тунгача узайтиришга келишган. Чекловлар 15 сентябрь куни якунланиши керак эди. Бир ҳафталик муддат аъзо давлатларга мавжуд келишмовчиликларни бартараф этиш ва санкцияларни узайтириш бўйича қўшимча музокаралар ўтказиш имконини беради.

Келишмовчиликларнинг асосий масалаларидан бири Алишер Усмоновни санкциялар рўйхатидан чиқариш бўлган. Маълумотларга кўра, Франция бу борада узоқ вақтдан бери шундай талаб билан чиқиб келаётган Словакияга қўшилган. Париж ўз позициясини миллий хавфсизлик масалалари билан изоҳлаган.

Франциялик дипломатик манба “Reuters”га мамлакат Усмонов масаласида мурожаат қилган халқаро ҳамкорларига ижобий жавоб бериш ниятида эканини билдирган. EUobserver эса бундай давлатлар қаторида Озарбайжон, Туркия ва Ўзбекистон бўлиши мумкинлигини ёзган.

Шунингдек, Хорватия ва Италия ҳам Усмоновни ЕИ санкциялар рўйхатидан чиқаришни қўллаб-қувватлагани хабар қилинган. Март ойидаги музокараларда эса Венгрия ҳам миллиардерга нисбатан чекловларни бекор қилишни талаб қилган.

ЕИ Усмоновга қарши санкцияларни 2022 йилда жорий қилган. Миллиардер чекловларни бекор қилиш учун Европа судларига бир неча бор мурожаат қилган, бироқ бу уринишлар натижа бермаган. Унга нисбатан АҚШ ва Буюк Британияда ҳам санкциялар амал қилади.

Март ойида ЕИ Россияга қарши шахсий санкцияларни 15 сентябргача узайтирган эди. Ўшанда чекловлар қарийб 2,6 минг жисмоний ва юридик шахсни қамраб олгани маълум қилинган.

Россия эса Ғарб давлатлари томонидан жорий этилган санкцияларни ноқонуний деб ҳисоблайди. Кремль Россия иқтисодиёти кўплаб чекловлар шароитида фаолият юритишда давом этаётгани ва уларга нисбатан маълум даражада “иммунитет” шаклланганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Словакия билан бирга россиялик миллиардер Алишер Усмоновни Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатидан чиқаришни таклиф қилиб, бу қарор бошқа аъзо давлатларнинг кескин норозилигига сабаб бўлгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг