Ёдгор Саъдиев 73 ёшни қаршилади
Маданият-санъат
−
12 Июнь 2019
14354Бугун, 12 июнь куни ўзбек маданияти ва санъати дарғаси, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев таваллуд топган кун. Актёр Ёдгор Саъдиев 73 ёшни қаршилади.
Ёдгор Саъдиев халқ орасида катта обрў-эътиборга эга актёрлардан бири. У 1946 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Тошкент давлат театр ва рассомчилик институтини тамомлаган. Фаолиятини Ўзбек миллий академик драма театрида бошлаган Ёдгор Саъдиев бугунги кунда ҳам мазкур театр саҳнасида фаолият юритиб, ёшларга ўрнак бўлиб келмоқда.
1946 йил Тошкентда, санъаткорлар оиласида таваллуд топган Ёдгор Саъдиев болалигидан ҳам санъатга, ҳам спортга ҳавасманд бўлиб вояга етди. “Пахтакор” футбол жамоасида дарвозабон бўлиб кўзга тушган Ёдгор Саъдиев спортчиларга хос баъзи муаммолар сабаб футболдан кетади.
Актёр 1971 йилда ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тугатиб, Ўзбек миллий академик драма театрининг ёш актёлари қаторидан жой олади. Отахон театрнинг устоз актёрлари назарига тушган Ёдгор Саъдиев эпизод ролларда узоқ қолиб кетгани йўқ. “Қароқчилар”, “Уйланиш”, “Бой ила хизматчи”, “Юлдузли тунлар”, “Алишер Навоий”, “Келинлар қўзғалони” каби спектаклларда 60дан зиёд эсдақоларли роллар ижро этди.
Театр саҳнасида омади чопган Ёдгор Саъдиевга кино ҳам бегона бўлмади. “Дилбарим”, “Минорхўрлик Жўра овчи”, “Енгилмас”, “Ўн уч терак кўчаси”, “Қизил қумлар” номли фильмлар бугун ТВларда эфирга узатилмасада, уларни кекса томошабинлар яхши эслашади.
Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиевнинг ижодида “Шайнанат” сериали жуда катта ўрин тутади. Таъбир жоиз бўлса, актёр неча йилларким халқ кўз ўнгида Асадбек бўлиб яшаб келмоқда. Бу ҳам бўлса, унинг ўз ролини ишонарли ва қойилмақом қилиб ижро этганидан далолат. 1998 йилда суратга олинган “Шайтанат” сериали ҳалигача томошабинларнинг тилидан тушмай келяпти.
45 йиллик ижодий фаолиятга эга бўлган актёр 1998 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги қошидаги “Қалқон” студиясига раҳбарлик қилиб келмоқда. Актёр ўтган йилларда яна театрга қайтди. Ёдгор Саъдиевнинг мухлислари уни Ўзбек миллий академик драма театри саҳнасида “Имон” спектакли билан кутиб олишди. Ҳам ҳаётий, ҳам ижодий тажрибага эга бўлган актёрни ҳаёт кўп синовлардан ўтказди. Тоблади, бардошини элаклади. Саъдиевдаги салобат, нигоҳларидаги чақин, овозидаги виқор ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ ёки бу шунчаки актёрлик маҳорати эмас. Бу тақдирнинг паст-баландини кўрган, гоҳ аччиқ, гоҳ ширин инъомларини тотган инсоннинг ҳаётий қиёфаси.
Ёдгор Саъдиевнинг театр ва кино соҳасида кўп йиллик ижоди ҳукумат томонидан эътиборга олиниб, 1989 йилда Республика Давлат мукофотиига лойиқ топилди. 1998 йилда Ўзбекистон халқ артистиунвонига сазовор бўлди. 2005 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь