“Яшил” ҳудудлар ўртасида ички туризмга рухсат бериш зарур – Президент

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 27 май куни туризм ва давлат активларини хусусийлаштириш соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Коронавирус пандемияси туризм соҳасига салбий таъсир кўрсатди. Жаҳон туризм ташкилоти маълумотларига кўра, 2020 йил якунлари бўйича халқаро саёҳатлар 89 фоизга, иш ўринлари 74 миллионтага қисқариши, соҳадаги жами йўқотишлар 800 миллиард долларни ташкил этиши кутилмоқда.

Маълумки, жорий йил 16 мартдан мамлакат ташқи ва ички туристлар учун ёпилган эди. Оқибатда 1,5 мингдан ортиқ туроператор, 1,2 мингта меҳмонхона ўз фаолиятини тўхтатди.

Бу гидлар, миллий ҳунармандчилик, зиёратгоҳ ва сиҳатгоҳлар, умумий овқатланиш, транспорт ва бошқалар билан қўшиб ҳисоблаганда 250 мингдан ортиқ аҳоли даромадига жиддий таъсир қилди.

Пандемиянинг оқибатларини юмшатиш мақсадида бу соҳага ҳам қатор енгилликлар берилди. Жумладан, 1 минг 750 та субъектга мол-мулк, ер ва ижтимоий солиқлардан 60 миллиард сўмга яқин имтиёз тақдим этилди. Лекин бу имтиёз ва преференциялар вақтинчалик. Доимий барқарор ривожланиш учун эса пандемия шароитида ишлашга ўрганиш зарур.

Шу боис бу борадаги хорижий тажриба ўрганилди. Хусусан, “Uzbekistan. Safe travel guaranteed” (“Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат кафолатланган”) бренди остида туристлар учун санитария-эпидемиологик хавфсизлик тизими ишлаб чиқилди.

Давлат раҳбарига ушбу лойиҳа тақдимот қилинди. Шунингдек, мамлакатда ички туризмни тиклаш ва ривожлантириш борасидаги режалар билан танишилди.

Президент биринчи босқичда “яшил” ҳудудлар ўртасида ички туризмга рухсат бериш зарурлигини таъкидлади. Тоғли жойлар ва кўл бўйларида енгил конструкцияли дам олиш масканларини ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди. Ҳокимлар билан биргаликда кўчма дам олиш масканлари дислокацияси тасдиқланиб, электрон порталга жойлаштирилади.

Иккинчи босқичда коронавирус касаллиги жиловланган давлатлар рўйхатини шакллантириб, улар билан туризм алоқаларини босқичма-босқич тиклаш кераклиги таъкидланди.

“Туризм фаолиятини қайта тиклаш учун, энг аввало, меҳмонхоналар қандай ишлайди, туристлар аэропортда қандай қабул қилинади, уларнинг мамлакат ичида ҳаракатланиши қандай ташкил этилади, деган саволларга аниқ жавоб бўлиши керак. Белгиланадиган меъёрлар содда, лекин касалликнинг олдини олиш учун етарли бўлиши лозим. Мисол учун, битта ҳолат аниқланса, бутун меҳмонхонани карантинга олишга зарурат бўлмайдиган тизим ишлаб чиқиш зарур“, дейди Шавкат Мирзиёев.

Туризм йўналишида тадбиркорлар кўрган зарарни яқин 1-2 йил ичида тўлиқ қоплаш қийин. Шу боис Президент бу соҳага қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш лозимлигини таъкидлади.

Хусусан, туристик йиғимлардан озод қилиш бўйича аввал берилган имтиёз йил якунига қадар узайтирилади. Шунингдек, соҳа корхоналари фойда солиғини ҳисоблашда 2020-2021 йилдаги кўрган зарарларини кейинги йиллар фойдасидан чегириб ташлашга рухсат берилади.

Меҳмонхоналарга кўрсатган хизматининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратилади. Бундан ташқари, уларга айланма маблағ учун кредит фоиз тўловларининг 10 фоизигача бўлган қисмига субсидия берилади.

Рақобат – иқтисодиётнинг муҳим асосларидан бири. У маҳсулот ва хизматларда сифатни таъминлаб, аҳолига танлов имкониятини яратади. Иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш ва монополияга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чоралардан мақсад ана шу.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳамда унга мувофиқ 2019 йил 14 январда қабул қилинган “Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида шу борада аниқ вазифалар белгиланган эди.

Бугунги кунда мамлакатда 2 минг 965 та давлат иштирокидаги корхона мавжуд. Уларнинг аксарияти эски усулда, самарасиз ишламоқда. Ушбу корхоналарнинг ярмидан кўпи ҳатто дивиденд тўлаш имконига эга эмас.

2019 йил 11 декабрь куни Президент ҳузурида ўтказилган йиғилишда ушбу корхоналарни бозор принциплари асосида ислоҳ қилиш, хусусий инвесторларга сотиш бўйича топшириқлар берилган эди. Шундан келиб чиқиб, Республика бўйича ялпи хатлов ўтказилди.

Йил бошидан бери 299 та давлат активлари 348 миллиард сўмга сотилди. Янги инвесторлар ушбу объектларга жами 3,3 триллион сўм инвестиция киритиб, 4 минг 700 нафар янги иш ўринлари яратиш мажбуриятини олган.

Хусусан, собиқ “Чорсу” меҳмонхонаси, “Самарқандкимё” корхонаси, “Ўзбекистон” меҳмонхонасидаги давлат улуши, Қўнғирот сода заводи сотилди. Бу объектларга 425 миллион доллар инвестиция киритилиб, 800 та янги иш ўринлари яратилади.

Тақдимотда давлат активларини хусусийлаштириш, бўш турган объектлар ва ер майдонларини аниқлаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш, давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарувни жорий этишга доир режалар ҳақида маълумот берилди.

 
 

Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Туризм “Яшил” ҳудуд

Баҳолаганлар

85

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг