Японияда кучли ёмғир олти кишининг умрига зомин бўлди
Олам
−
23 Сентябрь
2051Япониянинг Ишикава префектурасида рекорд даражадаги кўп ёғингарчилик туфайли олти киши ҳалок бўлди, икки киши бедарак йўқолди ва яна саккиз киши билан алоқа узилиб қолди. Бу ҳақда NHK телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакатдаги Накая туннелида кўчки оқибатида 10 нафар ишчи қолиб кетиб, улардан икки нафари ҳалок бўлган. Шунингдек, қурбонлар ер кўчиши туфайли вайрон бўлган тураржой биноси остидан ва дарё тошқинидан кейин топилган.
Телеканалнинг хабар беришича, табиий офатдан асосан Ното қишлоғи, Вадзима ва Судзу шаҳарлари зарар кўрган. Улар, шунингдек, жорий йилнинг 1 январида содир бўлган кучли зилзиладан энг кўп жабр кўрган аҳоли пунктлари ҳисобланади. 21-22 сентябрь кунлари Ишикава префектурасининг еттита шаҳри ва аҳоли пунктларида 131,4 минг кишининг эвакуацияси эълон қилинган.
Вадзима ва Судзу шаҳрида 21 сентябрь куни рекорд даражадаги ёғингарчилик қайд этилган. Хусусан, бир суткада Вадзимада 300, Судзуда 200 мм ёмғир ёғган. Бу 1975 йилдан бери кузатилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япониянинг ғарбий Хонсю оролидаги Ишикава префектурасида кучли ёғингарчилик туфайли 29 750 киши эвакуация қилиниши ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси