Японияга кучли тўфон ёпирилди
Олам
−
10 Август 2023
3482Жорий йилнинг 9 август куни Япония жануби-ғарбий ҳудудида жойлашган Кюсю оролининг бир қисмида кучли ёмғир пайтида юзага келган “Хонун” тўфони анчагина талофатларни юзага келтирди. Бу ҳақда “Кyoda news” агентлиги хабар берди.
Япония метеорология агентлигининг айтишича, секин ҳаракатланувчи тўфон тошқинлар, кучли шамолларни юзага келтирган. Шу билан бирга тўфон жанубий ороллар – Танегаcима ва Якусима ҳудудларида бошланиб, Кюсю оролида давом этган.
Агентликнинг қўшимча қилишича, Тинч океани соҳилидаги ғарбий ва шарқий Япониягача бўлган ҳудудларда август ойида рекорд даражадаги ёғингарчилик кузатилади.
Ноқулай об-ҳаво шароитида кўплаб жароҳат олганлар борлиги ҳақида хабар берилган. Шунингдек, Кумамото, Нагасаки, Миязаки ва Кагосима префектураларидан 6000 дан ортиқ одам эвакуация қилинган. Кюсю шаҳри ҳукумати ҳам одамларни эвакуация қилиш бўйича буйруқлар чиқарган.
Маълумотларга кўра, тўрт префектура ва Оитадаги 12 мингга яқин уй хўжаликлари электр энергиясиз қолган. Бир қатор станцияларда темир йўл хизматлари ёпилиб, жами 400 дан ортиқ рейслар бекор қилинган. Рейслар тўхтатилиши оқибатида 45 мингдан ортиқ йўловчи манзилга етиб бормаган.
Кеча соат 21:00 ҳолатига кўра, “Хонун” тўфони Нагасаки префектурасининг Гото шаҳридан шимолга қараб ҳаракатланаётган бўлиб, унинг марказида атмосфера босими 975 гектопаскалга, шамол тезлиги 144 км/соатга етган. 24 соат ичида Сикоку оролида 300 миллиметргача, шимолий ва жанубий Кюсюда эса 250 миллиметргача ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда.