Японияда айиқ сабаб 94 та мактаб ёпилди

Олам

image

Бугун, 8 июнь куни Япониянинг Уцуномия шаҳрида айиқ пайдо бўлгани сабабли 94 та бошланғич ва ўрта мактаб вақтинча ёпилди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Қайд этилишича, ҳодиса маҳаллий аҳолида катта хавотир уйғотган ва полиция ҳамда овчилар айиқни топиш учун кенг кўламли қидирув ишларини бошлаган. Маълумотларга кўра, ўртача катталикдаги қора айиқ (тахминан 1 метр узунликда) жорий йилнинг 6 июнь куни шаҳардаги парк яқинида кўринган. Кейинчалик, у кеча, 7 июнь куни эрталаб шаҳар марказида яна пайдо бўлган ва кузатув камераларига тушган. Видеоларда айиқ икки ёш йигитнинг олдидан югуриб ўтаётгани кўринади. Ўша куни кун давомида айиқ тураржой ҳудудларида ҳам кузатилган, бугун, 8 июнь куни эса соат 04:00 атрофида шаҳар марказидан тахминан 2 км узоқликдаги саноат ҳудудида яна пайдо бўлган.  

Шаҳар ҳокимияти аҳолини эҳтиёт чораларини кўришга чақирмоқда. Фуқароларга эшик ва деразаларни ёпиқ сақлаш, айиқ кўринса унга яқинлашмаслик ва дарҳол энг яқин хавфсиз бинога кириш тавсия этилган. Шунингдек, огоҳлантириш учун махсус овозли автомобиллар шаҳар бўйлаб ҳаракатлантирилган.

Полиция ва маҳаллий овчилар уюшмаси айиқни топиш ва хавфсиз тарзда зарарсизлантириш ёки шаҳар ташқарисига ҳайдаш устида ишламоқда. Мутахассисларнинг айтишича, Японияда бундай ҳолатлар сўнгги йилларда кескин ошган. Бу йил мамлакат бўйича 50 мингга яқин айиқ кузатуви қайд этилган. Айиқ ҳужумлари ҳам кўпайиб, айрим ҳолларда одамлар жароҳат олган ёки ҳалок бўлган.

Олимлар буни ўрмонларда асосий озиқ-овқат манбалари камайиши, айниқса эман ёнғоқлари етишмаслиги ҳамда қишлоқ ҳудудларида аҳоли сонининг камайиши билан изоҳлайди. Шу туфайли айиқлар одам яшайдиган ҳудудларга кўпроқ кириб бормоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб Япония айиқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг