Япония сунъий интеллектга эга 10 млн роботни ишга туширмоқчи

Технология

image

Япония мамлакатдаги ишчи кучи камайишини қоплаш мақсадида 2040 йилгача иқтисодиётнинг 18 та тармоғида сунъий интеллектга (СИ) эга 10 миллион роботдан фойдаланиш ниятида. Бу ҳақда Япония Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлигига таяниб, NHK хабар берди.

Қайд этилишича, ҳукумат сунъий интеллектга эга роботларни ривожлантириш ва жорий этишнинг янги стратегиясини тақдим этган. Унга кўра, мамлакатда ишчи кучи қисқаришига қарши курашиш мақсадида 2040 йилгача иқтисодиётнинг 18 та турли тармоғида сунъий интеллектли 10 миллион роботни ишга солиш режалаштирилмоқда.

Роботлардан саноат ишлаб чиқариши, инфратузилмага техник хизмат кўрсатиш, соғлиқни сақлаш, кексаларни парвариш қилиш соҳаси, табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш ва мудофаа тармоқларида фойдаланиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, нафақат рақамли муҳитда ишлай оладиган, балки жисмоний дунёда ҳам вазифаларни бажаришга қодир бўлган сунъий интеллект тизимларини яратиш лойиҳасини амалга ошириш учун 380 миллиард иена (тахминан 2,3 млрд доллар) ажратилади.

Япония Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири Акадзава Рёсэй Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан сўнг журналистларга баёнот бериб, “Япония робототехника учун сунъий интеллект ишлаб чиқишда дунё етакчисига айланиши” йўлида бир қатор тармоқларда аллақачон маълумотлар йиғиш жараёни олиб борилаётганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг Ухань шаҳрида гуманоид роботлар учун кундалик ҳаётий вазифаларни ўрганадиган махсус роботлар мактаби очилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг