Япония Шимолий Корея таҳдиди борасида G7 билан ҳамкорлик қилмоқчи
Олам
−
18 Февраль 2023
5595Аввал хабар берганимиздек, Шимолий Корея бугун, 18 февраль куни Япон денгизи томон номаълум турдаги баллистик ракетани учирган эди. Япония ташқи ишлар вазири Ёшимаса Хаяши эса шу вазият бўйича G7 аъзолари билан ҳамкорлик қилиш ниятида эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда Япония ташқи ишлар вазирлигининг Мюнхендаги учрашувлар тўғрисидаги баёнотида айтилди.
“Вазир G7 билан ҳамкорлик қилиш ниятини эълон қилиб, Шимолий Кореянинг ракета учириши халқаро ҳамжамият тинчлиги ва барқарорлигига таҳдид эканлигини таъкидлади”, дейилади вазирлик хабарида.
Япония расмийларига кўра, қитъалараро баллистик ракета Япониянинг эксклюзив иқтисодий зонасига, шимолий Хоккайдо оролидан 200 км ғарбга қулаган. Унинг парвоз баландлиги тахминан 5,7 минг км бўлиб, у ҳавода 66 дақиқа бўлган ва тахминан 900 км масофага учган. Тахминларга кўра, ракета тик траектория бўйлаб учирилган. Шунингдек, Япония расмийлари ракетанинг мумкин бўлган масофаси 14 минг км дан ошгани, шу сабабли у Америкага етиб бора олишини тахмин қилмоқда.
Воқеа муносабати билан Япония ҳукумати КХДР расмийларига норозилик билдирган. Ўз навбатида Япония бош вазири Фумио Кисида ҳам журналистларга Токио ракета учирилиши атрофидаги вазиятни кузатиш учун Вашингтон ва Сеул билан яқиндан ҳамкорлик қилишини айтган.
Ҳозирча ҳодиса билан боғлиқ ҳеч қандай вайронагарчиликлар ҳақида маълумот берилмаган. Япония патрул кемалари минтақадаги бошқа кемаларни ўқ-дори парчалари топилса, уларга яқинлашмасликка ва зудлик билан расмийларга мурожаат қилишга ундаган. Япония Бош вазири девонида ахборот тўплаш ва таҳлил қилиш учун фавқулодда инқироз гуруҳи йиғилиши чақирилган.
Маълумот учун, Шимолий Корея ўтган йили рекорд даражада (70 дан ортиқ) ракета учирган. Ҳозирги ракета учирилиши 2023 йилдаги иккинчиси бўлса, аввалгиси 1 январга ўтар кечаси бўлиб ўтган.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь