Япония Бош вазири уй юмушлари ва пардоз сабабли ишга вақт етмаётганини айтди
Олам
−
09:03 1744 2 дақиқа
Япония Бош вазири Санаэ Такаичи пардоз қилиш, чўмилиш, овқат тайёрлаш ва бошқа уй юмушларига кунига камида уч соат сарфлашини, шу сабабли эркакларга қараганда 3-4 соат кўпроқ банд бўлиши мумкинлигини айтди. Унинг баёноти мамлакатда аёлларнинг зиммасидаги уй ишлари ва ташқи кўринишга қўйиладиган талаблар юзасидан мунозараларга сабаб бўлди. Бу ҳақда у жорий йилнинг 14 октябрь куни парламентдаги бюджет муҳокамаси вақтида гапирди.
Унинг айтишича, кун тартибининг тиғизлиги сабабли мамлакат келажаги ва стратегик йўналишлари ҳақида хотиржам ўйлаш учун вақт топиш қийин. Бош вазир ҳар куни уйига катта ҳажмдаги ҳужжатларни олиб кетишини ҳам айтган.
Шунингдек, у ўзининг фақат эркаклардан иборат ёрдамчилар жамоаси аёл Бош вазирнинг эҳтиёжларига ҳали тўлиқ мослашмаганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ёрдамчилари ҳатто телевидениедаги чиқишларидан олдин пардоз қилиш учун ҳам жадвалида вақт ажратишни унутиб қўяди.
Такаичининг баёноти япон жамиятида турлича фикрларни келтириб чиқарган. Айримлар унинг сўзлари аёлларнинг иш ва оилавий мажбуриятлар ўртасида мувозанат сақлаш учун сарфлайдиган қўшимча меҳнатига эътибор қаратганини таъкидлаган.
Бошқалар эса Бош вазирнинг фикрларини танқид қилган. Япония парламентининг юқори палатаси аъзоси, мухолифатчи Ёшико Кира Такаичи аёлларга нисбатан анъанавий қарашларни мустаҳкамлаётганини билдирган. Унинг фикрича, ташқи кўриниш ва ўзини тутишга доир талабларни ўзгармас қоида сифатида қабул қилиш аёллар ҳуқуқларини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатларга зарар етказиши мумкин.
Маълумот учун, Японияда аёллар зиммасига уй юмушларининг тўртдан уч қисмидан кўпроғи тушиши айтилади. Бу ҳолат кўплаб ходимлардан мунтазам равишда қўшимча ишлаш талаб қилинадиган меҳнат маданияти билан янада мураккаблашади. Мамлакатда уй ишларига ёрдамчи ёллаш ҳам кенг тарқалмаган. Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлиги маълумотларига кўра, уй хўжаликларининг атиги 2 фоизи уй хизматчиларидан фойдаланади.
Японияда аёлларнинг ташқи кўринишига оид талаблар ҳам жиддий муҳокама қилинади. Мидашинами деб аталадиган меъёрлар жамоат жойларида озода ва тартибли кўринишни назарда тутади. Бироқ амалда аёллар пардоз, соч турмаги ва кийим танлови бўйича эркакларга қараганда кўпроқ танқидга учраши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Санаэ Такаичининг тунги уйқуси тўрт соатдан ошмаслиги, баъзан эса атиги икки соат ухлаши ҳақида гапиргани хабар қилинган эди.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь