Япония Бош вазири Мирзиёевга мактуб юборди
Жамият
−
07 Февраль 2025 6015 2 дақиқа
Бугун, 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Япония Бош вазирининг махсус маслаҳатчиси Акихиса Нагасима бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорлик ва амалий шерикликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. Махсус маслаҳатчи Акихиса Нагасима Мирзиёевга Япония Бош вазири Сигеру Исибанинг саломи ва шахсий мактубини етказган.
Япония Ўзбекистонда қонун устуворлигига асосланган эркин ва очиқ халқаро ҳамкорликни таъминлаш ва мустаҳкамлашда ўзининг ишончли ва узоқ муддатли стратегик шеригини кўраётгани таъкидланган. Япония ҳукумати иқтисодий ва инновацион ҳамкорлик, энергетика, саноат, инфратузилма ва ижтимоий соҳалардаги кооперация, жадал таълим ва маданий алмашинувлар, туризм ва меҳнат миграцияси дастурлари, шунингдек, самарали минтақавий ҳамкорлик каби кенг кўламли йўналишларда икки томонлама муносабатлар жадал ривожланиб бораётганини юксак баҳолаётгани алоҳида қайд этилган.
“2024 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 35 фоизга ошди. Япониянинг етакчи компания ва банклари билан лойиҳалар портфели 12 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда. Ўзбекистонда 100 га яқин қўшма корхона ва ташкилотлар, жумладан, Ўзбекистон-Япония маркази муваффақиятли фаолият юритмоқда”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти олий ва юқори даражадаги фаол мулоқотлар ва ўзаро ташрифларни давом эттириш муҳимлигини қайд этди. Савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник соҳалардаги, шу жумладан Япония ҳукуматининг Тараққиётга кўмаклашиш дастури доирасидаги ҳамкорликнинг кун тартиби сермазмун экани қайд этилган.
Ўзбекистон Президенти Япония ҳукуматига жорий йил апрель ойида Осака шаҳрида бошланадиган “Экспо” бутунжаҳон кўргазмасини муваффақиятли ўтказишни тилади. Бўлажак “Марказий Осиё + Япония” форматидаги биринчи саммитга тайёргарлик доирасида минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилган.
Live
Барчаси