Япония Бош вазири Марказий Осиё етакчилари учун зиёфат уюштирди (видео)
Жамият
−
19 Декабрь 2338 2 дақиқа
Бугун, 19 декабрь куни Токиога ташрифининг биринчи куни якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Акасака саройида Япония Бош вазири номидан Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари шарафига ўтказилган расмий қабул маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон етакчисини Япония Бош вазири Санаэ Такаичи кутиб олди.

Тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.

Ўзбекистон раҳбарининг Япония ҳукумати раҳбари билан музокаралари ҳамда “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг биринчи саммити доирасидаги асосий тадбирлари эртага, 20 декабрь куни бўлиб ўтади.

Тадбир доирасида “яшил иқтисодиёт” ва барқарор тараққиёт, ўзаро боғлиқлик ва минтақавий шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон ресурсларини ривожлантириш каби устувор соҳаларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинади. Саммит якунлари бўйича Токио декларациясини қабул қилиш режалаштирилган.
Саммит дастлаб 2024 йил август ойида Қозоғистонда ўтказилиши режалаштирилган, аммо Японияда Тинч океани соҳилида мега зилзила хавфи юзага келиши муносабати билан фавқулодда тайёргарликлар сабаб бекор қилинган эди.
Япония ушбу саммит орқали Марказий Осиё билан дипломатик ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашни мақсад қилган. Саммитда минтақавий хавфсизлик, савдо ва инвестиция имкониятлари бўйича музокаралар ўтказилиши кутилмоқда. Япон расмийлари ушбу тадбирни глобал давлатларнинг минтақага таъсирини мувозанатлаш имконияти сифатида кўрмоқда.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь