Япония Бош вазири лавозимидан кетиши мумкин

Олам

image

Сиёсий хайриялар билан боғлиқ қонунларнинг бузилишига алоқадор можаро Бош вазир Фумио Кисиданинг Япониянинг ҳукмрон Либерал-демократик партияси (ЛДП) фракцияси раҳбари лавозимидан истеъфога чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Kyodo” агентлиги хабар берди.

Маълумотларга кўра, можаро бизнес вакиллари 20 000 иена (тахминан 136 доллар)га чипталар сотиб олган зиёфатлар ва базмлар орқали йиғилган маблағлар туфайли келиб чиққан. 

Нашрнинг ёзишича, уларнинг сонига қараб квота белгиланиб, маблағларни ЛДПдан бўлган депутатларга ўтказиш режалаштирилган. Бироқ, бу молиявий ҳисоботларда ўз аксини топмади. Шундай қилиб, бу маблағлар махфий фонд сифатида ёки ҳокимият учун ишлатилиши мумкин бўлган, деб тахмин қилинди. Япония оммавий ахборот воситаларининг билдиришича, ҳозирда Токио прокуратураси бу борада тергов олиб бормоқда.

Кисиданинг ўтмишдошлари, одатда, бош вазирлик даврида ҳомийлик асосидаги сиёсат пайдо бўлмаслиги учун ўз фракциялари етакчиси сифатида истеъфога чиққан бўлса-да, Кисида 2021 йил октябрь ойида лавозимга киришганидан бери ўз мавқеини сақлаб келаётганди.

“Мен партиянинг сиёсий масъулиятини ва жамоатчилик ишончини қайтаришга қаратилган саъй-ҳаракатларида етакчилик қиламан”, дейди ЛДП таркибидаги тўртинчи йирик фракцияга раҳбарлик қилган Кисида журналистлар билан суҳбатда. 

Унинг қўшимча қилишича, у Бош вазир лавозимида ишлаётган пайтда ўз фракциясини тарк этади, унга яқин манбалар эса гуруҳ раҳбариятининг ўрни ҳозирча бўш туришини айтган.

ЛДП фракциялари одатда ўз аъзоларини сайлов маблағлари билан таъминлаб, уларни вазирлик лавозимларига тавсия қилган. 370 дан ортиқ ЛДП депутатларининг қарийб 80 фоизи партия ичидаги гуруҳлардан бирига мансуб.

Аммо танқидчилар узоқ вақтдан бери фракцияларнинг бундай функциялари кўплаб ЛДП депутатларига махфий маблағларни ишлаб чиқариш имкониятини берганини таъкидлайдилар, чунки улар ўз гуруҳларидан қандай пул олишлари ва улардан қандай фойдаланишларини кузатиш қийин.

Илгари ўлдирилган бош вазир Синдзо Абэ бошчилик қилган ва ҳозирда Вакиллар палатаси аъзоси Рю Сионоя раислик қиладиган энг йирик фракция 100 миллион иендан ортиқ махфий маблағларни бирлаштирганликда гумон қилинмоқда.

Кисида 6 декабрь куни ЛДП етакчиларига сиёсий-молиявий можародан сўнг маблағни партияларга ўтказмасликни буюрган, бироқ ҳукмрон партияга бўлган ишончни тиклаш учун унинг ўз фракциясини тарк этишига чақириқлар кучаймоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кисида Россия ва Хитойнинг Япония чегаралари яқинидаги ҳарбий машғулотларидан хавотирда эканлигини билдирган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Япония вазир ЛДП Kyodo

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг