Япония билан навбатдаги саммит Ўзбекистонда ўтказилиши мумкин
Жамият
−
08:32 1306 3 дақиқа
Марказий Осиё ва Япония ўртасида ўтказиладиган давлат раҳбарлари даражасидаги кейинги саммитни Ўзбекистон қабул қилишга тайёр. Бу таклиф бугун, 20 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Токиода бўлиб ўтган “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг биринчи саммитида илгари сурилди.
Аввало, саммитларни давлат раҳбарлари даражасида ҳар икки йилда бир марта ўтказиш таклиф қилинган. Бу ҳамкорликка қўшимча кучли суръат бағишлашга хизмат қилади. Навбатдаги шундай учрашувлардан бирини Ўзбекистонда қабул қилишга тайёрлик билдирилган.
Япониянинг адлия ва ҳуқуқ соҳасида ҳамкорлик бўйича янги доимий механизмини яратиш ва келгуси йили Токиода Адлия вазирларининг биринчи учрашувини ташкил этиш борасидаги ташаббуси қўллаб-қувватланган.
Давлат раҳбари Ўзбекистон “Марказий Осиё – Япония 2040” ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиб, ҳужжатга минтақа мамлакатларининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш ва уларни глобал иқтисодий жараёнларга чуқур интеграция қилиш бўйича аниқ дастур ва лойиҳаларни киритиш тарафдори эканлигини қайд этган.
Янги ғоя ва таклифларни ишлаб чиқиш, ҳамкорликнинг кенг кўламли кун тартибини шакллантириш учун мамлакатларнинг етакчи таҳлил тузилмалари иштирокида Экспертлар форумини таъсис этиш муҳимлиги таъкидланган. Форумнинг илк мажлисини келгуси йили Тошкентда ўтказиш таклиф қилинган.
Ўзбекистон етакчиси Япония молия институтларининг Марказий Осиёда савдо-иқтисодий ва инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни кенгайтиришини олқишлаган.
“Ишонаман, Марказий Осиёнинг бой табиий ва кадрлар ресурсларини Япониянинг саноат ва технологик салоҳияти билан бирлаштириб, бир-биримизни тўлдириш ва кучайтириш бўйича самарага эриша оламиз”, деган Шавкат Мирзиёев.
Шу муносабат билан Марказий Осиёнинг инфратузилмаси ва саноатини ривожлантириш инвестиция жамғармасини таъсис этиш таклиф қилинган. Унинг негизида “Сифатли инфратузилма” бўйича дастур ҳамда Япония технопаркларининг Марказий Осиё тармоғи – саноат кооперацияси, маҳаллийлаштириш ва технологиялар трансфери минтақавий платформасини ишга тушириш мумкин.
Бугун рақамли трансформация иқтисодий ўсиш ва барқарорликнинг ҳал қилувчи омилига айланиб бораётганидан келиб чиқиб, давлат раҳбари “Марказий Осиё – Япония” рақамли хаби – рақамли ечимлар, сунъий интеллект, “буюмлар интернети”, киберхавфсизлик ва инновацион иқтисодиёт соҳаларида кўп томонлама ҳамкорлик платформасини яратиш муҳимлигини қайд этган.
Тезюрар поездлар ва автомобиль йўлларини барпо этиш, транспорт йўлакларини рақамлаштириш, аэропортлар ва логистика марказларини қуриш лойиҳаларига Япония инвестициялари, технологиялари ва экспертлари кўмагини жалб этишдан манфаатдорлик билдирилган.
“Яшил” энергетика соҳасидаги ҳамкорлик доирасида когенерация технологияларини жорий этиш, йўқотишларни қисқартириш, зарарли газларни ушлаб қолиш бўйича биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланган. Тошкентда Қайта тикланадиган энергетика соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича минтақавий марказни ташкил этиш таклифи илгари сурилган.
Live
Барчаси