Япония афғон аёлларининг ҳаётини яхшилаш учун катта пулни хайрия қилди
Олам
−
19 Ноябрь 2025 2354 2 дақиқа
Япония Афғонистоннинг чегара ҳудудларидаги аёлларнинг турмуш шароитини яхшилаш учун 5,6 миллион доллар ажратди. Бу ҳақда кеча, 18 ноябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури хабар берди.
“Чегара ҳудудларида иқтисодий фаолликни рағбатлантириш орқали аёлларнинг турмуш шароитини яхшилаш лойиҳаси” номли икки йиллик ташаббус 73 та кичик лойиҳа орқали жамиятга асосланган ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланишни кучайтириш ва 2100 нафар аёл бошчилигидаги кичик ва ўрта бизнес корхоналарининг молия ва бозорларга киришини яхшилашга қаратилган бўлиб, маҳаллий иқтисодиётни инклюзив тиклашга ёрдам беради.
Лойиҳа субсидияланган кредитлар ва тадбиркорликни ўргатиш орқали тадбиркор аёлларнинг молиялаштириш имкониятларини кенгайтиришга, шу орқали аёлларнинг иқтисодий мустақиллиги ҳамда уларнинг оила ва жамиятни тиклашга қўшган ҳиссасини оширишга қаратилган.
Ушбу ташаббус бундан олдинги “Хусусий секторда аёлларнинг иқтисодий фаоллигини кучайтириш лойиҳаси” доирасида эришилган натижаларга асосланади, у 1260 аёл бошчилигидаги кичик ва ўрта бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаган ва 2500 дан ортиқ янги иш ўринларини яратган, уларнинг 87 фоизини аёллар эди. Лойиҳа, шунингдек, маҳаллий барқарорлик ва турмуш шароитини яхшилайдиган 90 та жамоат инфратузилмаси объектларини тўлдиришга қаратилган. Янги ташаббус ушбу натижаларнинг кўпроқ аёллар, оилалар ва чегара ҳудуди ҳамжамиятлари учун қамровини кенгайтиради.
Афғонистондаги Япония элчиси Кеничи Масамотога кўра, ушбу янги лойиҳа аёлларга ўзлари ва оилалари учун хавфсиз ва самарали иш имкониятларини яратишга ёрдам беради. БМТ Тараққиёт дастурининг Қобулдаги доимий вакили Стивен Родригез эса аёлларнинг иш имкониятларига эга бўлиши – тўсиқларни енгиб ўтиши ва жамият ривожланишига ҳисса қўшиши учун муҳимлигини урғулган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2026 йилда ҳам Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни давом эттиради. Ўтган йилнинг декабрь ойида Афғонистон Ўзбекистон билан электр энергияси етказиб бериш бўйича келишувни навбатдаги йилга узайтирган эди.
Live
Барчаси