Янги хавф: ғилдиракли компьютерлар одамларни кузатмоқда

Олам

image

Замонавий автомобиллар энди оддий транспорт воситаси эмас, балки ғилдиракли компьютерларга айланган. Улар ҳайдовчилар ҳақида кутилганидан анча кўпроқ маълумот йиғиб боряпти ва бу жараён кенгайиб бораётгани қайд этилмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Бугунги кунда автомобиллар фойдаланувчининг жойлашуви, ҳаракатланиш йўналиши, ҳайдаш услуби, хавфсизлик камаридан фойдаланиш ҳолати, тезлик ва тормоз каби маълумотларни қайд этади. Айрим моделларда эса ҳайдовчининг юз ифодаси, тана ҳаракати, ҳатто биометрик белгиларни кузатиш имконини берувчи камералар ҳам мавжуд.

Мутахассислар бундай маълумотлардан суғурта компаниялари ва турли хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳам фойдаланишини айтади. Натижада айрим ҳайдовчиларнинг суғурта тўловлари уларнинг ҳайдаш одатларига қараб ўзгариши мумкин.

“Бугунги автомобиллар инсон ҳаётини деярли узлуксиз кузатиб бориш имконига эга”, дейди Брукингс институти эксперти Даррелл Вест.

Mozilla Foundation’нинг 2023 йилги таҳлилига кўра, 25 та автомобиль брендининг ҳеч бири тўлиқ махфийлик стандартларига жавоб бермаган. Ҳисоботда автомобиль ишлаб чиқарувчилари фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари – ёш, жойлашув, соғлиқ ҳолати ва ҳатто психологик хусусиятларигача бўлган маълумотларни йиғиши мумкинлиги қайд этилган.

Баъзи компаниялар ушбу маълумотларни учинчи томонларга сотиши ҳам мумкинлиги айтилади. АҚШда айрим ҳолатларда автомобиль маълумотлари суғурта нархларини оширишда ҳам омил бўлгани қайд этилган.

Мутахассислар фикрича, энг катта муаммо – бу фойдаланувчилар кўпинча бундай кузатувга розиликни ўқилмаган шартномалар орқали билмасдан бериб қўйишидир.

“Кўпчилик ўз машинаси қандай ҳажмда маълумот йиғаётганидан бехабар”, дейди махфийлик бўйича таҳлилчи Жен Калтридер.

Автомобиль саноатида интернетга уланган транспорт воситалари улуши тез суръатда ортиб боряпти. Таҳлилларга кўра, яқин йилларда янги автомобилларнинг деярли барчаси интернетга уланган тизимларга эга бўлади. Шу билан бирга, айрим давлатларда ҳайдовчининг чарчаган ёки маст ҳолатини аниқлаш учун инфрақизил камералар ва ақлли тизимлар ўрнатиш режалаштирилган. Бироқ бу технологиялар йиғадиган маълумотлардан фойдаланиш бўйича аниқ тартиблар ҳали тўлиқ шаклланмаган.

Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, бу жараён хавфсизликни ошириши мумкин, бироқ шахсий ҳаётга оид янги хавфларни ҳам юзага келтиради.

Зарнигор Худойбердиева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

автомобил Янги хавф

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг