Янги қоида: Энди бир қўл билан автобус ҳайдаш мумкин

Олам

image

Россияда бир қўли ёки оёғи йўқ фуқароларга автобус, трамвай, троллейбус ва юк машиналарини бошқаришга рухсат берилди. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.

Қайд этилишича, Россия Бош вазири Михаил Мишустин имзолаган тегишли қарор мамлакатнинг Ҳуқуқий ахборот расмий интернет порталида эълон қилинди.

Аввал амалдаги тартибга кўра, қўли ёки оёғи йўқ ёхуд жиддий деформацияга
учраган фуқаролар ушбу турдаги транспорт воситаларини бошқариши мумкин эмас
эди.

Янги тартибга кўра, фақат иккала қўли ёки кафти йўқ бўлган, ёхуд қўл панжаларини ҳаракатлантиришига халақит берадиган даражада қўли деформацияланган фуқароларга ҳайдовчилик қилиш тақиқланади. Мазкур ўзгартириш Россияда урушда қатнашиб, қўл ёки оёғидан жароҳат олган ҳарбий хизматчиларни иш билан таъминлаш масаласи муҳокама қилинаётган бир вақтда қабул қилинди.

Жорий йилнинг 10 август куни Бурятия раҳбари Алексей Циденов Владимир Путиндан қўл-оёғидан жароҳат олган уруш қатнашчиларига автобус ва юк машиналарини ҳайдашга рухсат беришни сўраган эди.

Унинг таъкидлашича, бугунги кунда реабилитация воситалари ҳамда транспортни автоматлаштирилган бошқариш тизимлари ривожланган. Шу сабабли айрим жароҳатларга эга бўлган ҳарбийлар ҳайдовчилик фаолиятини давом эттириши мумкин.

19 август куни Владимир Путин ҳам уруш қатнашчиларининг меҳнат бозорига қайтиши масаласига тўхталиб, уларни иш билан таъминлашга олдиндан тайёргарлик
кўриш зарурлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Пермь шаҳридаги “Лукойл-Пермнефтеоргсинтез” нефтни қайта ишлаш заводи дронлар ҳужумига учрагани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг