“Тинчлик кенгаши” – Трампнинг шахсий “огород”и бўладими?
Олам
−
22 Январь 2993 9 дақиқа
Ўтган 2025 йилда, бутун дунёда тантана билан қарши олинган Мисрнинг Шарм ал-Шайх шаҳридаги Ғазо тинчлик саммити қайсидир маънода Исроил ва Ҳамас ўртасидаги можарога “парда тортган” эди. Ўт очишлар тўхтатилиб, асирлар ўз юртларига қайтгач, инсонларда “уруш якунига етди”, деган тасаввур уйғонганди. Аммо дунёнинг кўплаб етакчи давлатлари иштирокида бўлиб ўтган ушбу йиғилишнинг хурсандчилиги узоққа бормади, бироз муддатдан сўнг турли баҳоналар билан ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланди.
Янгитдан бошланган можаро бошқа шов-шувли воқеалар фонидами ёки атай эслашдан қочилгани учунми, гўёки панада қолиб кетгандек. Аcлида эса оташкесимдан сўнг ҳам ҳалок бўлганлар сони ортишда давом этмоқда, Ғазонинг турли бурчакларида ҳарбий ҳаракатлар ҳали тўхтагани йўқ, кўплаб халқаро ташкилотлар ҳужумлар борасида янги статистикалар чиқармоқда.
АҚШ Президенти Доналъд Трамп эса ваниҳоят муаммони тан олгандек, келишувнинг иккинчи босқичига ўтишини эълон қилди. Буни қарангки, ер шарининг турли бурчакларида янгидан янги можароларга сабаб бўлаётган Трамп тинчликни таъминлашни ваъда қилувчи халқаро ташкилот тузишини эълон қилди. Унинг раҳбарлигида янги Тинчлик кенгаши тузиш бошланди. Афтидан Трамп, тобора обрўси тушиб бораётан БМТ фаолиятидан қониқмаяпти шекилли, энди бутунлай ўз назоратида бўлган халқаро ташкилотни таъсис этиш пайига тушиб қолди. Хўш ушбу Тинчлик кенгаши нима ва унга кимлар таклиф этилган?
Тинчлик кенгаши нима?
2025 йилнинг 13 октябрида Шарм ал-Шайх шаҳрида бўлиб ўтган Тинчлик саммити Ғазо урушини тугатиш йўлидаги энг муҳим дипломатик қадамлардан бири бўлганди. АҚШ, Туркия, Қатар ва Миср раҳбарлари бошчилик қилган ушбу саммитда яна 27 та мамлакат ва нуфузли халқаро ташкилотлар иштирок этган эди. Миср Президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси, АҚШ Президенти Доналъд Трамп, Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған “Трампнинг абадий тинчлик ва фаровонлик декларацияси” деб номланувчи қўшма декларацияни имзоладилар. Аммо қизиғи шундаки, уруш олиб бораётган томонларнинг ҳеч бири – на Исроил вакили ва на Ҳамас вакили ушбу йиғилишда иштирок этди. Балки шу сабаб ҳам музокаралар натижаси кутилганидек бўлмагандир.
Ғазо масаласида кўзланган тинчликка эришилмагач, вужудга келган танқидлар ортидан 10 декабрь куни Доналъд Трамп, янги йилда янги Тинчлик кенгаши тузилишини эълон қилган эди. Ваъда қилинганидек, 15 январь куни Оқ уй янги “The Board of Peace”, яъни “Тинчлик кенгаши” номли тузилма ташкил этилганини эълон қилди.
“Мен Тинчлик кенгаши ташкил этилганини эълон қилишдан жуда ҳам мамнунман. Кенгаш таркиби яқин кунларда эълон қилинади, бироқ ишонч билан айта оламанки, бу исталган жойда ва исталган вақтда тузилган энг буюк ва энг нуфузли кенгаш бўлади”, дея ёзган Трамп.
Дастлаб Ғазо секторидаги муаммоларни ҳал қилиш доирасида тузилиши керак бўлган ўтиш даври ҳукумати, янги режага кўра, нуфузли халқаро ташкилотга айлантирилиши мумкин. Баъзи мутахассисларнинг фикрича, Тинчлик кенгаши амалдаги БМТнинг муқобили бўлиши эҳтимоли мавжуд. Бунинг исботи сифатида, эълон қилинган Тинчлик кенгашининг низоми кўрсатилмоқда. 13 бобдан иборат низомни ўқиб шуни илғаш мумкинки, бу шунчаки муваққат ҳукумат тузилмаси эмас, бизнес-модель асосида ишлаб чиқилган янги халқаро ташкилотдир.
Низомнинг 1-моддасига кўра, Тинчлик кенгаши – можаролар таъсирида бўлган ёки уларнинг хавфи остида қолган ҳудудларда барқарорликни тарғиб қилиш, ишончли ва қонуний бошқарувни қайта тиклаш ҳамда мустаҳкам тинчликни таъминлашга интилувчи халқаро ташкилотдир. Кенгаш бундай тинчлик ўрнатиш вазифаларини халқаро ҳуқуққа мувофиқ ҳамда ўз Низоми доирасида тасдиқланган тартибда амалга оширади.
“Кенгаш тинчликка интилаётган барча халқлар ва жамиятлар томонидан қўлланилиши мумкин бўлган энг илғор тажрибаларни ишлаб чиқади ва оммалаштиради”, деб белгиланган низомда.
Тинчлик режасининг иккинчи босқичи доирасида тузилаётган янги кенгашга бир вақтнинг ўзида жуда кўплаб давлатлар таклиф қилинган. Низомнинг аъзолик тўғрисидаги бобига кўра, кенгашга аъзолик фақат раис томонидан таклиф қилинган давлатлар билан чекланади. Таклиф этилган ҳар бир давлатда 3 йил бепул аъзолик ҳуқуқи мавжуд бўлиб, келгусида кенгашнинг доимий аъзоси бўлиш учун давлатлар 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги бир марталик бадал тўловни амалга ошириши керак бўлади.
Низомга кўра, кенгашнинг йиғилишлари камида йилига бир марта ҳамда Раис тегишли деб ҳисоблаган вақт ва жойларда қўшимча овоз бериш йиғилишларини ўтказиш белгиланган. Бундай йиғилишларнинг кун тартиби Ижроия Кенгаши томонидан белгиланиши ёзиб қўйилган.
16 январда Оқ уй эълон қилган баёнотда янги Тинчлик кенгашининг дастлабки ижрочи органи таркиби эълон қилинди.
- АҚШ Давлат котиби Марко Рубио;
- АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткофф;
- Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнер;
- Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр;
- америкалик миллиардер Марк Роуэн;
- Жаҳон банки президенти Аджай Банга;
- АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчисининг ўринбосари Роберт Габриэль.
Оқ уйнинг аниқлик киритилишича, Ижроия кенгашининг ҳар бир аъзоси Ғазони барқарорлаштириш ва узоқ муддатли ривожлантириш билан боғлиқ алоҳида йўналишга раҳбарлик қилади. Асосий вазифалар қаторида бошқарув салоҳиятини мустаҳкамлаш, минтақавий алоқаларни ривожлантириш, инфратузилмани тиклаш, инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, кенг кўламли молиялаштириш ва капитал сафарбарлиги кўрсатилган.
Янги “ташкилот”га раислик масаласи эса ҳеч қандай сайловлар ёки муддатли ўрин алмашувларсиз, раиснинг ихтиёрига боғлиқ ҳолда давом этади ва кейинги раис ҳам ворис тайинлаш йўли билан аниқланади. (Бамисоли қадимий монархиялар каби) Шубҳасиз, дастлабки раис ҳам Дональд Жон Трампнинг ўзи бўлиши, ҳатто низомда ҳам белгилаб қўйилган. Трамп ушбу низомни 22 январь куни Швейцариянинг Давосда бўлиб ўтадиган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида тасдиқлашни режалаштирмоқда.
Таклифнома олганлар
Дональд Трамп янги халқаро тузулмага аъзолар сонини ошириш илинжида дунё давлатларига мактублар йўллашни бошлаб юборган. Ҳиндистон, Миср, Финландия, Беларусия ва Бразилия каби Жанубий Америка, Африканинг қатор давлатлари, Европа ва Осиёнинг етакчи лидерлари, аллақачон таклифномалар қабул қилиб олди.
Таклиф қилинган давлатлар қаторида Марказий Осиё минтақасидан Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари ҳам борлиги алоҳида аҳамиятлидир. Шубҳасиз, бу сўнгги йиллардаги АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида интиграциялашувнинг тобора яхшиланиб бораётганидандир.
Жорий йилнинг 19 январь санасида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига Президент Дональд Трампдан Яқин Шарқда тинчликни мустаҳкамлаш ва можароларни ҳал этиш юзасидан халқаро ташаббусга қўшилиш бўйича расмий таклиф келиб тушди. Ўзбекистонга Тинчлик кенгашига таъсисчи давлат сифатида қўшилиш таклиф этилган бўлиб, келгусидаги узоқ муддатли тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни шакллантириш йўлидаги ҳаракатларда бирлашиш таклиф қилинган.
Билдирилишича, Ўзбекистон раҳбари америкалик мавқедошига жавоб мактубини йўллаб, унда Ўзбекистон Тинчлик кенгашига таъсисчи давлат сифатида қўшилишга тайёрлигини билдирган. Президент ўз мактубида ушбу ташаббусга Яқин Шарқдаги кўп йиллик низоларни ҳал этиш, кенг минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида қаралаётганини таъкидлаган.
Марказий Осиёнинг яна бир давлати, Қозоғистон Республикаси ҳам Тинчлик кенгашига таклиф этилган. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон Яқин Шарқда барқарор тинчликни таъминлаш, давлатлараро ишончни мустаҳкамлаш ва глобал барқарорликни оширишга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканлигини тасдиқлаган. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Руслан Желдибой “Tengrinews”га берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Ҳа, Президент Қосим-Жомарт Тўқаев дунё етакчилари орасида биринчи бўлиб расмий таклиф олди ва Қозоғистон ушбу Тинчлик кенгашининг асосчиларидан бири бўлиш имкониятига эга бўлди. Жавобан, давлат раҳбари АҚШ Президентига миннатдорчилик билдирилган хат йўллади ва ушбу янги ташкилотга қўшилиш бўйича розилигини тасдиқлади”, деган Желдибой.
Ғазода тинчлик ўрнатиш масаласидаги доимий фаоллардан бири Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам биринчилардан бўлиб таклифнома олди. Туркия президенти коммуникация департаменти раҳбари Бурҳанеттин Дуран эълон қилган баёнотида маълум қилишича, Эрдўған Трампдан 2026 йил 16 январдаёқ таклиф хатини қабул қилиб олган.
“БМТ Хавфсизлик Кенгаши 2803-резолюция орқали АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан эълон қилинган Ғазодаги можарони тугатиш бўйича кенг қамровли режани қўллаб-қувватлашга қарор қилди. Бунинг бир қисми сифатида Ғазода хавфсизлик ва қайта қуришни таъминлаш учун масъул бўлган “Тинчлик Кенгаши” ва унинг тузилмалари ташкил этилмоқда”, деб ёзган Дуран.
Тинчлик кенгашига таклиф этилганлар рўйхатида Украина урушини бошлашга буйруқ берган Россия Президенти Владимир Путиннинг ҳам борлиги қизиқ ҳолат. Трамп ва Путин ўртасидаги чигал муносабатлар, Россиянинг янги халқаро тузилма аъзоси бўлишига тўсқинлик қилмади. Балки бундан мақсад, Путин билан Украина масаласида келишиб олиш ҳам бўлиши мумкин, деган тахминлар ҳам йўқ эмас. “The Financial Times” нашрининг ёзишича, Трампнинг Путинни таклиф қилишига у билан мулоқот ва илиқ муносабатларни сақлаб қолиш истаги сабаб бўлган.
“Ҳа, Президент Путин ҳам дипломатик каналлар орқали ушбу Тинчлик кенгаши таркибига кириш бўйича таклиф олди. Ҳозирда биз бу таклифнинг барча тафсилотларини ўрганмоқдамиз ва ҳамма нозик жиҳатларни аниқлаштириш учун Америка томони билан алоқалар бўлишига умид қиламиз”, дейди Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков 19 январь куни журналистларга берган интервьюсида.
Аммо, билдирилган таклиф борасида ҳали Россия бир тўхтамга келгани йўқ. Песков Россия бу масаланинг барча нозик жиҳатларини ўрганиб чиқишини таъкидлаган.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, дунёнинг барча давлатлари ҳам Трампнинг янги айримлар томонидан “пул-ишлаш компанияси” дея таърифланаётган янги тузилмасига қўшилишга рози эмас. Энг биринчилардан бўлиб таклифномани қабул қилиб олган Франция маъмурияти Трампга рад жавобини берди.
“Bloomberg” нашри берган хабарга кўра, Франция Президенти Эмануэль Макрон янги халқаро ташкилот низоми дастлаб кўзда тутилганидек, фақат Ғазо сектори масалалари билан чекланиб қолмаётганидан норози эканлигини билдирган ва таъсисчи сифатида аъзо бўлиш чақирувини рад қилган.
Хулоса қилиб айтганда, Ғазо секторидаги муаммоларни комплекс тарзда ечиш мақсадида бошланган ҳаракатлар, БМТга рақобатдош бўлиши мумкин бўлган янги халқаро ташкилот вужудга келиши билан давом этиши мумкин. Аммо, бугунги гегемонлик курашлари оқибатида халқаро ҳуқуқ деярли “мажруҳ” бўлиб қолган бир пайтда, ушбу ҳуқуқларга тупуриб қўйгани билан танилган инсон асос солган ташкилот қанчалик тинчликни таъминлай олади деган савол дунё ҳамжамиятини ўйлантирмоқда. Ҳархолда, Нобель олмагани учун тилчлик ҳақида қайғурмаслигини тан олган Трампдан яна тинчлик ўрнатишни кутиш... Ҳокимиятга келиш учун “тинчлик ўрнатиш” ғояларидан фойдаланиб, курсига ўтиргач тайинли можарони ҳал этолмаган Трампнинг бундай жимжимадор номлар билан янги ташкилот тузишидан мақсад нима экан энди?
Live
Барчаси