Яна сайлов, яна ваъдалар
Жамият
−
30 Сентябрь
5902Ўзбекистон Экологик партияси – “Табиат учун бирлашайлик!”
Ўзбекистон Халқ демократик партияси – “Ҳар бир инсоннинг фаровонлиги учун!”
“Миллий тикланиш” демократик партияси – “Қадриятларга таянган тараққиёт!”
“Адолат” социал-демократик партияси – “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!”
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси – “Ваъда эмас натижа, эртага эмас бугун”.
Жорий йилнинг 27 сентябрь куни 5 партия ўртасида сайловолди дебати бўлиб ўтди. Унда партия раҳбарлари иштирок этиб, сайловчиларнинг саволларига жавоб берди ва ўзаро мунозарага киришди. Хўш, депутатлар бу сафар халққа нималарни ваъда беришади? Одамлар кўпроқ қайси партияга ишонади?
27 октябрь куни Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловида агар “Миллий тикланиш” партияси ғалаба қозонадиган бўлса, аёлларни ўз хоҳишига кўра ҳарбий хизматга жалб этмоқчи.
“Мактабни тугатиб, олий таълимни давом эттирмаётган ёшларни мажбурий армияга жалб қилмоқчимиз, аёллар эса ўз хоҳишига кўра ҳарбий хизматни ўташи мумкинлигини айтганмиз. Бу қадриятларимизга уйғун. Ватанни ҳимоя қилишда эркак ёки аёл деган тушунча бўлмайди”, деди партия етакчиси Алишер Қодиров.
Агар сайловда “Адолат” социал-демократик партияси сайловда ғалаба қозонса, болаларнинг йўлларда ҳалок бўлишини тўхтатмоқчи. Бунинг учун эса йўл қоидасини бузганлик учун жавобгарликни оширмоқчи.
“Инсон ҳаётига тажовуз қилиш, гарчанд қасддан бўлмаса ҳам, жазоланиши керак. Ўтган йилнинг ўзида автоавария туфайли 2282 та фуқаро вафот этган. Ундан 263 таси болалар. Биз йўл қоидасини мунтазам бузганлар учун жазони кучайтириб, керак бўлса, умрбод ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қиламиз”, деди “Адолат” СДП етакчиси Робахон Маҳмудова.
Ўзини тадбиркорлар партияси дея таништирадиган, аммо тадбиркорларнинг қуёш панелларини мажбурий тарзда ўрнатишига жим қараб турган Ўзбекистон Либерал демократик партияси эса фермерларни ҳимоя қилмоқчи.
“Тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, фермер хўжалигининг ишларига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарликни кучайтириш масалаларини дастуримизга киритганмиз”, деди партия етакчиси Актам Ҳайитов.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси эса ўзининг сайловолди дастурларига имконияти чекланган инсонларни давлат идораларига ишга жойлаштириш ва шу билан ижтимоий тенгликни таъминлашни мақсад қилган.
“Миллиондан ортиқ ногиронлиги бор шахсларга ҳам тенг имконият яратишимиз керак. Уларнинг парламентда ўрин эгаллаши, маҳаллий кенгашда бўлиши, умуман давлат идораларида фаолият юритиши жамиятнинг ривожланишига хизмат қилади ва жамиятни тенглик, барқарорликка олиб келадиган омил ҳисобланади”, деди Улуғбек Иноятов.
Агар Ўзбекистон Экологик партияси ғалаба қилса, Ўзбекистонда дарахт экилган биронта жой аукционга қўйилмайди.
“Океан ва денгизлардан узоқ бўлган Ўзбекистонни глобал исишдан фақатгина дарахтлар қутқара олади. Шу сабабли сайловолди дастуримизга дарахт бор жойларни аукционга қўймаслик ва дарахт кесганлик учун жазо чораларини кучайтириш, керак бўлса, ерини тортиб олиш таклифларини киритганмиз”, деди Экопартиянинг юқори вакили Абдушукур Ҳамзаев.
Партия раҳбарлари гарчи бошқа давлатлардаги сайловлар каби очиқ-ошкора, баҳсли, тортишувли ва ҳатто жанжалли рақобатни кўрсатмаётган бўлса ҳам, дебат давомида ўткир саволлар билан бир-бирини “ўйиб олиш”га уринди.
Масалан, ЎзЛиДеП Ўзбекистонда сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаймиз, деб ваъда бериб юборди.
“Сўз эркинлиги ЎзЛиДеП учун доимо муҳим бўлиб келган, сўнгги вақтларда интернет нашрларимиз, мустақил фаолият юритувчи блогерларимиз кўпайди. Очиқлик сиёсатини давом эттириш дастуримизда белгиланган. Шунингдек, уй-жой масаласи доимо муҳим масала бўлиб келган. Бу дастуримизга 1 млн хонадонни кейинги 5 йилда қуриш, шу билан бирга, арзонлаштириш ва узоқ муддатли ипотекаларни халқимизга тақдим қилиш киритилган”, дея ваъдасини баён қилди партия раиси Актам Ҳайитов.
Шунингдек, партия мигрантларни ҳам қўлламоқчи. Аммо қандай қўллайди, буни аниқ айтмади. Мигрантларнинг Россияда қандай қийинчиликка учраётгани, уларга қандай ёрдам бермоқчилиги ҳақида гапирмади Ҳайитов.
“Адолат” социал-демократик партияси ёш оилаларнинг уй-жой олишида субсидияларни кўпайтириш, аҳолининг ер сотиб олиш имкониятини ошириш тарафдори эканлигини таъкидлашига қарамасдан бошқа партия вакили томонидан партиянинг сайловолди дастури қуруқ гаплардан иборат экани ва ҳатто баъзи таклифлари хаёлпарастликдан бошқа нарса эмаслиги айтилди.
“Биз субсидияларни кўпайтириш ва уларни қурилиш ташкилотларининг ўзларидан олишни режалаштиряпмиз. Сабаби ипотека кредитларини фоизи билан қайтариш кераклиги барчамизга маълум. Субсидия эса беғараз ёрдам. Бунинг учун эса қурилиш ташкилотларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Уларнинг ер олиши учун имтиёзлар яратиб бермоқчимиз. Бундан ташқари, қайта тақсимлаш воситаларини адолатли тақсимлаш ташаббусини илгари сурамиз. Қолаверса, прогрессив солиқ тизимини жорий қилмоқчимиз. Бу борада ривожланган давлатлар тажрибаларига таянамиз. Бу тизим давлат бюджетини кўпайтиришга ва камбағалликни қисқартиришга олиб келади”, деди “Адолат” раиси Робахон Маҳмудова.
“Миллий тикланиш” партияси хорижликларга ишонмаяпти, шекилли. Қодиров мамлакатни ривожлантиришда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга таянмоқчи.
“Биз 40 миллионга яқинлашиб қолган халқ бўлсак, шу ҳолатда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга суянмасдан, мақсади фақат фойда олиш бўлган инвесторларга таяниш бизнинг иқтисодиётимизни хавф остида қолдиради. Шу сабабли маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни айрим масалаларда, хусусан, хорижга чиқиш, яъни экспорт масаласида қўллаб-қувватламасак бўлмайди. Бундан ташқари, ажрим жарималарни оширишни режа қилганмиз. Оилани сақлаб қолиш учун бу ечим муҳим ҳисобланади. Қолаверса, янги авлод педагогларини тайёрламоқчимиз. Бу жабҳада ишларни абитуриент танловидан бошлаймиз. Яъни педагогик қобилияти бўлмаган абитуриент педагогикага қабул қилинмаслиги керак. Бу узоқ муддатли жараён. Давлат тили масаласига келадиган бўлсак, бу борада ҳаммамиз бирлашиб, бир ёқадан бош чиқармасак, ислоҳотлар ислоҳотлигича, қонунлар эса қонунлигича қолиб кетаверади”, дейди Алишер Қодиров.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг сайловолди дастуридан ўрин олган ижтимоий уй-жойларни кўпайтириш таклифи бошқа партия вакили томонидан адолатсизлик деб баҳоланди. Гап шундаки, ижтимоий уй-жойларни кўпайтириш тадбиркорлардан мажбурий улуш олиш йўли орқали амалга оширилар экан.
“Биз йирик қурилиш компанияларини ижтимоий уй-жойларни қуриш учун ҳамкорликка таклиф этишни режа қилганмиз. Бу орқали уйсиз ночорларнинг уй билан таъминланишини мақсад қилдик. Компаниялар эса ўз маблағини кейинги йилларда қайтариб олишади”, демоқда Улуғбек Иноятов.
Бундан ташқари, бу партия ёш болаларни ҳар хил гаджетлардан узоқлаштириш, уларни реал ҳаётга қайтариш учун болалар ўйингоҳларини кўпайтиришни режа қилган эмиш.
“Фарзандларимиз ахборот технологияларидан узоқлаша олмай қолгани барчамизга маълум. Биз бу борада болалар ўйингоҳларини кўпайтиришни режа қилганмиз. Уларнинг жисмоний фаолият билан шуғулланиши тарафдоримиз. Майдончаларни болалар ёшига мослаб ушлаб туриш масаласини ширкатларга юкламоқчимиз. Биз қонунчиликда мана шу ширкатларни қўллаб-қувватлаш масалаларини ҳам кўриб чиқяпмиз”, деди у.
Дебат давомида энг кўп танқидларга Экологик партия раиси Абдушукур Ҳамзаев чидаш берди. Бошқа партия вакиллари уни кўчага чиқмай туриб таклиф ёзишда айблади ва айрим таклифларини реалликдан йироқ, дея баҳолади.
“Ҳар йили 2-4,5 млн тонна заҳарли газни атмосферага чиқарамиз. Шундан 1.4 миллиони автотранспортлардан чиқяпти. Шу сабабли 2030 йилдан бошлаб пойтахт ва йирик шаҳарларда ички ёнув двигателли автотранспорт воситаларининг ҳаракатини тақиқлаш таклифини сайловолди дастуримизга киритганмиз, бизга темир керакми, умр керакми?!
Қолаверса, бизга органик тоза маҳсулот керак. Халқимизга синтетикадан ҳоли маҳсулот етказиб беришни ҳам ўз дастуримизга киритганмиз. Деҳқончилик ва боғдорчиликда фойдаланилаётган дори воситалари фойдали ҳашаротларни қириб юборди. Озуқа занжири бузилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг зараркунандаларга чидамли навларини яратиш бўйича иш олиб бораётган олимларни қўллаб-қувватлаймиз”, деди Экопартия раҳбари Абдушукур Ҳамзаев.
Марям Чориева
LiveБарчаси