Яхшироқ ўтириб олинг! Қўчқоров Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қанчалигини айтди
Жамият
−
30 Ноябрь 2019
27107Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида Бош вазир ўринбосари – Молия вазири Жамшид Қўчқоров нутқ сўзлаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Мамлакатнинг бош ҳисобчиси сенаторларнинг ташқи қарз юзасидан саволларига жавоб қайтараркан, Ўзбекистоннинг ташқи қарзи йил якунига қадар 15,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этишини очиқлади. Бу ялпи ички маҳсулотга нисбатан 25,4 фоиз дегани.
“Жорий йилнинг бошида бу борадаги кўрсаткич 9 миллиард доллар атрофида бўлган бўлса, октябрь ойи ҳолатига кўра, 13,5 миллиард долларни ташкил қилган.
Кредиторларни асосан халқаро молия ташкилотлари ташкил этади. Булар Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ва бошқалардир.
Кредиторлар давлатлар ичида Хитой (2 миллиард доллар), Япония (1,5 миллиард доллар) етакчи”, дейди Қўчқоров.
Кредит сифатида олинаётган маблағлар йирик-йирик лойиҳаларни амалга оширишга сарфланмоқда. Албатта, бу маблағларнинг мақсадли сарфланиши бўйича мониторинг амалга оширилаётир. Бу ҳақда аҳолини кенгроқ хабардор қилиш мақсадида келгусида медиатармоқларда кўпроқ чиқишлар амалга оширилиши айтиб ўтилди.
“Халқаро валюта жамғармасининг қўлланмаси асосидаги ҳисоб-китобларга кўра Ўзбекистон Республикаси учун макроиқтисодий шароит ва айирбошлаш курсининг кўп сценарийли прогнозидан келиб чиқиб, давлат қарзининг хавфсиз даражаси ЯИМга нисбатан 50 фоизни (44 – 55 фоиз оралиғида) ташкил этмоқда.
Бундан кўриниб турибдики, хозирча қарзимиз хавфсиз даражада, бироқ узоқ муддатда бюджет барқарорлигини сақлаш мақсадида ташқи қарзни жалб этиш бўйича имзоланадиган янги шартномаларнинг чегараланган миқдорини 4 млрд АҚШ доллар, давлат мақсадли дастурларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинадиган ташқи қарзнинг чекланган ҳажмини 1,5 млрд. АҚШ доллари миқдорида белгилаш таклиф этилмоқда”, дейди Жамшид Қўчқоров.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь