Яқин Шарқдаги вазият катта давлатларнинг тарафкашлиги оқибатидир – ўзбекистонлик депутат
Жамият
−
18 Октябрь 2023
8027Кеча, 17 октябрь куни тунда Ғазо секторидаги Ал-Аҳли шифохонасига ҳужум қилинди. Оқибатда тинч аҳоли ҳалок бўлди. Бу эса дунё ҳамжамиятининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Вазиятга муносабат билдирганлар орасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов ҳам бор. Унинг фикрича, Яқин Шарқдаги вазиятнинг янада кескинлашиши катта мамлакатларнинг тарафкашлиги оқибатидир. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзди.
“Ғазодаги Ал-Аҳли касалхонасининг ўққа тутилиши оқибатида 1000 га яқин одам қурбон бўлди. Шубҳасиз, бу халқаро ҳуқуқ ва умуминсоний қадриятлар чегарасидан чиқишдир. Тинч аҳолининг, болаларнинг хун тўлашини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди”, дейди Бекмуродов.
Унинг ёзишича, ҳозирда геосиёсий акторлар сиёсий манфаатларни талашиш, ўзаро айблаш эмас, минтақада вазиятни нормаллаштириш устида ишлаши керак.
“Бугун, уларнинг риторикаси қандай қилиб урушни қўллаш эмас, қандай қилиб урушни тўхтатиш бўлиши керак”, деган депутут.
Исроил-Фаластин можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.
Сўнгги маълумотларга кўра, қуролли тўқнашувлар оқибатида Ғазода 3 минг киши ҳалок бўлган, 13 минг киши жароҳатланган. Исроил томонидан қурбон бўлганлар сони 1,4 минг кишини ташкил этади.