Яқин Шарқда зўравонлик қурбонлари сони кескин ошди – БМТ
Олам
−
22 Август 2023 3887 2 дақиқа
Яқин Шарқдаги тинчлик жараёни бўйича махсус координатор Тор Веннесланд Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгашидаги брифингда босиб олинган Фаластин ҳудудида зўравонлик ва кескинликнинг давом этаётганидан жиддий хавотир билдирмоқда. Бу ҳақда БМТ Матбуот хизмати тарқатган баёнотда сўз борган.
“Вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган баъзи саъй-ҳаракатларга қарамай, аҳоли пунктларини кенгайтириш ва бузиш, шунингдек, А ҳудудидаги Исроил операциялари ва кўчманчилар зўравонлиги давом этди”, дейди Веннесланд.
Унинг қайд этишича, бундай ҳаракатлар беқарорлик ва экстремизм муҳитини яратишга ёрдам беради.
Веннесланд 25 июлдан 15 августгача қурбонлар сонининг кескин ортганига эътибор қаратди: Ғарбий Соҳилда Исроил хавфсизлик кучлари томонидан 16 фаластинлик ҳалок бўлди, 59 нафари яраланди.
Бундан ташқари, Фаластин бошланғич мактаби, C ҳудуди ва Шарқий Қуддусдаги кўплаб Фаластин бинолари вайрон қилинган. У барча айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирди ва тинч аҳолига нисбатан зўравонликни қоралади.
Исроил Олий суди Ғарбий Соҳилдаги форпостни йўқ қилиш таклифини рад этди ва Шарқий Қуддус аҳоли пунктларида минглаб янги уй-жойлар қурилди. Веннесленд барча аҳоли пунктлари халқаро ҳуқуққа мувофиқ ноқонуний эканлигини ва тинчликка эришишга тўсқинлик қилишини билдирган.
У Фаластин маъмуриятининг танг молиявий аҳволи, шунингдек, маблағ етишмаслиги БМТнинг гуманитар ёрдам кўрсатиш имкониятларини чеклашини айтди. Шу муносабат билан у халқаро ҳамжамиятни БМТ агентликларини молиялаштиришни оширишга чақирди.
Бундан ташқари, махсус координатор Голан тепаликларида Исроил ва Сурия ўртасидаги кескин муносабатлар, шунингдек, Ливандаги Айн ал-Ҳилве фаластинлик қочқинлар лагеридаги тўқнашувларни қайд этган. Махсус координатор вазминликка ва сиёсий етакчиларни БМТ механизмлари доирасида конструктив иштирок этишга чақирмоқда.
Веннесланд зўравонликларни зудлик билан юмшатиш зарурлигини таъкидлаган. Унинг урғулашича, БМТ халқаро ҳуқуқ ва аввалги келишувларга мувофиқ икки давлат ечимини қўллаб-қувватлаш ва ишғолни тугатиш тарафдори.