Яқин Шарқда мижозларини ташлаб кетаётган ўзбекистонлик туроператорлар огоҳлантирилди

Жамият

image

Аввалроқ, Яқин Шарқдаги можаро сабаб жорий йил 28 февралдан буён ушбу минтақадан қайтарилган ўзбекистонликлар сони 17 152 нафарга етгани ҳақида хабар берилганди. Ўзбекистон Транспорт вазирлиги уруш фонида Яқин Шарқда мижозларини ташлаб кетаётган туроператорларни огоҳлантирди.

“Ҳолатнинг энг ачинарли томони туроператорлар ва агентлар томонидан ўз мижозларини ташлаб кетиш ва улар билан алоқани узиш, шунингдек, юзага келган форс-мажор ҳолатида йўловчиларни тезкор маълумотлар билан таъминламай, ижтимоий тармоқларда видеороликлар тарқатиш орқали манипуляция қилиш, ўз мажбуриятларини бажариш ўрнига йўловчиларни элчилар ва консуллар билан қолдириб кетиш ҳолатларига гувоҳ бўлинмоқда. Барча тур пакетлар меҳмонхоналар, авиақатновлар, трансферлар ва суғурта полисларини ўз ичига олади”, дейилади вазирлик берган хабарда.

Қайд этилишича, суғурта полиси шартларига мувофиқ форс-мажор ҳолатларда суғурта полисларини йўловчиларнинг меҳмонхона, транспорт ва эвакуация бўйича барча харажатларини қоплаши белгиланган. Бунинг учун туроператорлар ва агентлар барча ишларни тизимли тўғри ташкиллаштириши талаб этилган.

Транспорт вазирлиги барча туроператорлар ва агентлардан юзага келган форс-мажор ҳолатида ҳам истеъмолчилар ҳуқуқларини сўзсиз таъминлаш, мижозлар билан тузилган шартнома шартларга тўлиқ риоя этиш ва ҳар бир фуқаро билан мунтазам алоқани таъминлаган ҳолда уларга тезкор ёрдам кўрсатишга чақирган.

Шунингдек, авиакомпаниялар билан амалдаги шартномалардан унумли фойдаланган ҳолда авиачипталарни парвозлар амалга оширилаётган шаҳарлардаги мунтазам авиақатновларга ўзгартириш орқали ўз мижозларини хавфсиз ҳудудга олиб чиқишда ҳукумат билан биргаликда ҳаракатланиши айтилган.

“Барча резидент ва хорижий авиакомпанияларни халқаро авиаташувлар қоидалари ҳамда Ўзбекистон ва хорижий давлатлар ўртасида имзоланган авиаташувлар тўғрисидаги халқаро битим шартларига амал қилиш, ўз мажбуриятларини бажариш, ишларни тизимли ташкил қилиш суғурта полисларидан тўғри фойдаланиш, авиакомпаниялар ва давлатлар имижига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилишга чақиради”, деб қўшимча қилинган хабарда.

Айни вақтда Қувайт, Қатар ва Баҳрайнга яқин бўлган Саудиянинг Даммам ва Риёз аэропортларидан барча халқаро йўналишларда мунтазам авиақатновлар чекловларсиз амалга оширилмоқда ва авиачипталар сотуви амалда мавжуд.

Шунингдек, туроператорлар авиачипталарни ва парвоз мавжуд бўлган йўналишларга қайта расмийлаштириб ишни тизимли ташкил этиш имкониятига эга. Саудиянинг Жидда ва Мадина йўналишларидаги парвозлар ҳар доимгидек тўлиқ штат ҳолатида амалга оширилиши айтилган.

Фуқаролардан эҳтиросларга берилмаслик ўз туроператор ва агентлари билан доимий алоқада бўлиши сўралган.


Мақола муаллифи

Теглар

огоҳлантириш Транспорт вазирлиги туроператорлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг