Яқин кунларда Ерга қарийб ярим тонналик учар жисм қулайди

Бу қизиқ

image

Яқин кунларда Ерга совет даврида Венера сайёрасига йўналтирилган, бироқ авария туфайли орбитада қолиб кетган “Космос-482” космик аппарати қулаб тушиши кутилмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Тахминларга кўра, 495 килограмм оғирликдаги модуль май ойининг биринчи ярмида Ерга қулайди. Мутахассисларнинг фикрича, аппарат қисмларининг аҳоли яшаш жойларига тушиш хавфи мавжуд.

Мазкур космик станция 1972 йил 31 март куни Қозоғистондаги Бойқўнғир космодромидан “Венера-8” дастури доирасида учирилган. Бу қурилма асосий аппаратнинг захира нусхаси бўлган ва унинг тузилмаси билан тўлиқ мос келган. Асосий зонд Венерага етиб бориб, ўзининг илмий вазифаларини муваффақиятли бажарган, бироқ “Космос-482” Ер орбитасини тарк эта олмаган. Бунинг сабаби шунда эдики, ундаги ёрдамчи тезлаткич тўлиқ қувват билан ишламаган ва станция Ерни тарк этмай, орбитада қолиб кетган.

Ўша йилларда муваффақиятсиз миссиялар кўпинча “Космос” сунъий йўлдош серияси номи остида яширилган. Шунинг учун ҳам аппарат “Космос-482” деб қайта номланган. NASA маълумотларига кўра, учирилгач, аппарат тўрт қисмга ажралган: улардан иккитаси икки кун ичида Ер атмосферасида ёниб кетган, қолган икки қисми эса чўзилган эллиптик орбитага чиқиб олган. Улардан бири аллақачон Янги Зеландияга қулаган, иккинчиси, яъни айнан тушиш модули 50 йилдан ортиқ вақт давомида орбитада сақланиб қолган.

Ушбу узоқ “ҳаётий цикл” аппаратнинг ўзига хос мустаҳкамлиги билан изоҳланади. Модуль Венеранинг экстремал атмосферасига тушишга мўлжалланган ва кучайтирилган иссиқликдан ҳимоя тизимига эга. Шу боис у атмосферага қайта киришда қисман бутун ҳолатда қолиши мумкин.

“Яна шуни қайд этиш керакки, кузатувларга кўра, модулнинг парашют тизими аллақачон кўп йиллар олдин очилган бўлиши мумкин. Бу эса унинг бутун ҳолда қолишини янада ноаниқ ҳолатга келтиради”, дейилади хабарда.

Космик учиришлар мониторинги билан шуғулланадиган эксперт Георгий Тришкиннинг сўзларига кўра, ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, қулаш эҳтимоли мавжуд ҳудудлар қуруқликда жойлашган, хусусан, Миср, Сурия, Туркия ва Озарбайжон ҳудудлари. Бу эса учар жисмнинг аҳоли яшаш жойларига қулаш эҳтимолини оширади. Агар модуль Ер юзасига тахминан 240 км/соат тезликда етиб келса, зарба кучи бир неча юз грамм тротил эквивалентидаги портлашга тенг бўлади.

Шунингдек, бу ҳолат “Мир” орбитал станцияси каби объектлардан фарқли равишда назорат остида бўлмаган қулаш бўлиб, уни аниқ жойга йўналтириш имконияти йўқ. Шу сабабли, бу воқеа юзасидан башоратлар ноаниқлигича қолмоқда ва мутахассислар бу ҳодисанинг эҳтимолий оқибатларига жиддий эътибор қаратмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Венера Космос учар жисм Космос-482

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг