Ядро хавфи ёхуд Исроил АҚШни “гиж-гижлаяпти”
Таҳлил
−
03 Ноябрь 894 10 дақиқа
“Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг босими остида Трамп маъмурияти Эронга ядровий зарба беришга тайёрланаётган бўлиши мумкин”, айнан мана шундай таҳликали сўзлар билан америкалик машҳур сиёсий шарҳловчи ва телебошловчи Такер Карлсон ўзининг X саҳифасига пост жойлади. Карлсон на амалдаги сиёсатчи ва на халқаро муносабатлар бўйича таҳлилчи олим, шунчаки журналист. Унинг медиа макондаги рейтинг ва “лайклар” илинжида ёзган ҳамма постини ҳам жиддий қабул қилиш, илмий асосга эга прогноз сифатида баҳолаш хато бўлар эди.
Бироқ сўнгги кунларда Вашингтоннинг Эронга қарши янги ҳарбий амалиётлар эҳтимолини очиқ муҳокама қилиши, Дональд Трампнинг айрим стратегик нишонларни “10 дақиқа ичида” йўқ қилиш мумкинлиги ҳақидаги кескин баёнотлари, Исроил Бош вазири билан бўлган телефон суҳбати ва Теҳронда аҳолига эҳтимолий ядровий ҳужум шароитида қандай ҳаракатланиш бўйича кўрсатмалар тарқатилаётгани фонида ушбу пост бутун медиа маконда жиддий муҳокамага сабаб бўлмоқда. Ҳали Карлсон келтирган маълумотлар тасдиқланмаган, соҳа мутахассислари ҳам айтилаётган тахминларни асоссиз деб баҳоламоқда. Бироқ воқеаларнинг бундай хронологик тартиби, Нетаньяҳунинг курсиси қимирлаб қолгани ва Америка ҳукумати тепасида Трамп турганини ҳисобга олсак, энг ёмон сценарий ҳам имконлидек гўё.
Хўш, навбатдаги ядровий хавф бир журналистнинг ваҳимасими ёки бундай этни жунжиктирадиган миш-мишлар ортида бошқа бир сигналлар борми?
X’даги тўполон
2026 йил 1 ноябрь куни америкалик сиёсий шарҳловчи, Fox News телеканалининг собиқ бошловчиси Такер Карлсон X ижтимоий тармоғида Яқин Шарқдаги вазият янада хавотирли тусга кираётгани ҳақида баёнот билан чиқди. У АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг босими остида Эронга қарши ядровий зарбани амалга оширишга яқин турганини даъво қилди. Карлсоннинг ёзишича, эҳтимолий нишон Эрон марказидаги Pickaxe Mountain ҳудудида жойлашган ерости ядровий иншооти бўлиши мумкин. Унинг таъкидлашича, тахминан 90 метр гранит қатлами остида жойлашган туннель ва иншоотларни АҚШнинг мавжуд анъанавий қуроллари билан йўқ қилиш мушкул иш, шу сабабли Вашингтон олдида ядро қуролидан фойдаланиш варианти ҳам турибди.
“Америка арсеналидаги ҳеч бир оддий қурол бойитиш ишлари олиб борилаётгани айтилаётган туннелларни йўқ қилиш учун 300 футлик (тахминан 100 метр) гранит қатламни ёриб ўта олмайди. Ягона ҳарбий вариант – ядровий зарба”, деб ёзади у.
Карлсон бу эҳтимолни шунчаки ҳарбий зарурат билан изоҳламайди. Унинг фикрича, Нетаньяху Исроилдаги ички сиёсий вазияти сабабли Трампни янги ҳарбий амалиётга ундамоқда. У Исроил Бош вазири АҚШ президентига деярли ҳар куни қўнғироқ қилиб, зарба бериш зарурлигини уқтираётганини, ҳатто 27 сентябрь куни Бирлашган Араб Амирликларига яширин ташриф буюриб, Абу-Дабини Эронга қарши навбатдаги ҳужумга қўшилишга кўндиришга уринганини ёзган. Карлсоннинг даъвосига кўра, Амирликлар бу таклифни рад этган. Унинг таъкидлашича, Нетаньяху учун ушбу уруш ҳокимиятни қўлида сақлаб қолиш мақсадида зарур.
“Нетаньяху чорасиз ва бурчакка сиқилган аҳволда. Ўтган ҳафтадаги сайлов натижаларидан сўнг, агар Трамп Исроил сиёсатига бевосита аралашиб, бошқа партиялар билан келишиб, Нетаньяхуга Кнессетда 61 та ўринни таъминлаб бермаса, у ҳукумат тузолмайди. Акс ҳолда, у бош вазир лавозимидан кетади ҳамда шармандалик, суриштирувлар ва эҳтимолий қамоқ жазосига юз тутади. Нетаньяхуга Трампга яқин бўлишга мажбур. Унга ушбу уруш керак”, деб ёзган у.
Шунингдек, у АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет ва Марказий қўмондонлик раҳбари Бред Куперни ҳам ҳарбий амалиётларни қайта бошлаш тарафдорлари сифатида тилга олади ва айнан улар орқали Нетаньяху Трамп қарорларига таъсир ўтказмоқчи бўлаётганини ёзган. Давлат котиби Марко Рубио ва Марказий разведка бошқармаси директори Жон Ретклифф ҳам Нетаньяху позициясига яқин экани таъкидланган. Бироқ бу даъволар учун у очиқ далиллар ёки номи кўрсатилган манбаларни тақдим этмаган.
Шу билан бирга, Карлсон Трамп атрофида дипломатик ечим тарафдорлари ҳам борлигини таъкидлайди. Унинг ёзишича, вице-президент Жей Ди Вэнс ва махсус вакил Стив Уиткофф Эрон билан келишувга эришиш мумкинлигини айтиб, президентни музокараларни давом эттиришга ундамоқда. Карлсон Трамп якуний қарорни 7 ноябргача қабул қилиши мумкинлигини билдирган. У, шунингдек, АҚШ маъмурияти февраль ойидан буён ядровий доктринани ўзгартириб, тактик ядро қуролларидан биринчи бўлиб фойдаланиш имкониятини осонлаштирганини даъво қилади. Бу фикрни тасдиқловчи расмий ҳужжат ёки мустақил далил эса унинг постида келтирилмаган.
Яна журналист постда эҳтимолий ҳужумнинг оқибатларини ҳам баҳолаган. Карлсоннинг хавотири фақат Эрон ҳудуди билан чекланмайди. У Pickaxe Mountain ҳудудига ядровий зарба берилиши Форс кўрфазини радиоактив ифлосланиш хавфи остида қолдириши, натижада қарийб 100 миллион кишининг ичимлик суви таъминотига таҳдид туғдириши мумкинлигини ёзади. Бундан ташқари, бундай ҳужум халқаро муносабатларда хавфли прецедент келтириб чиқариши, Россияни Украинага, Ҳиндистон ва Покистонни эса бир-бирига қарши ядро қуролидан фойдаланиш ҳақида ўйлашга ундаши мумкинлигини таъкидлаган. Якунда эса биринчи ядровий зарбадан кейин Учинчи жаҳон урушининг бошланиши муқаррар бўлади ва бу уруш қисқа, аммо ҳалокатли якун топиши мумкинлигини ёзган.
“Биринчи ядровий зарбадан сўнг Учинчи жаҳон уруши муқаррар бўлади. Уруш жуда қисқа ва якуний бўлади. Биз ойлардирки ушбу лаҳзалар сари ғафлатда одимлаб келмоқдамиз”, деб ёзади Карлсон.
Карлсоннинг пости X’да кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Хусусан, халқаро муносабатлар бўйича таниқли олим Вали Наср бу баёнотга муносабат билдириб, агар Карлсон келтирган маълумотлар рост бўлса, бу АҚШ маъмурияти учун ниҳоятда жиддий айблов бўлишини ёзди. Унинг фикрича, масаланинг энг хавотирли томони Вашингтоннинг бундай кескин қарорни кўриб чиқишигина эмас, балки уни бошқа давлат босими остида амалга ошириши мумкинлиги ҳақидаги даъводир. Наср бундай сценарийнинг оқибатлари бутун Яқин Шарққа таъсир қилишини, минтақада юз берадиган воқеалар эса унинг чегараларидан ташқарига чиқишини таъкидлаган.
Бироқ барча таҳлилчилар ҳам Карлсоннинг хулосаларига қўшилмаяпти. Халқаро сиёсий таҳлилчи ва Eurasia Group асосчиси Ян Бреммер АҚШнинг Эронга қарши ядро қуролидан фойдаланиши эҳтимоли юқори эмаслигини билдирган. Унинг фикрича, бундай қадам ҳатто Трамп маъмуриятининг ўзидан ҳам қабул қилиниши қийин бўлган қарор бўлиб, Американинг халқаро майдондаги мавқеига мислсиз зарар етказади. Бреммер Эрон билан ҳарбий қарама-қаршилик қайта бошланиши эҳтимолини инкор этмайди, бироқ эҳтимолий зарбалар ядровий эмас, анъанавий қуроллар билан амалга оширилишини кутмоқда.
“Бемаъни ва ёлғон гап. Мунозаралар ядровий зарба ҳақида эмас, балки Трамп асосий эътиборини қаратаётгандек кўринаётган энг кучли конвенционал қурол ҳақида кетмоқда... Ядровий зарба эса Яқин Шарқда ва ундан ташқарида ҳам АҚШ ташқи сиёсати ҳамда обрўси учун ҳар бир жабҳада катта ҳалокат бўлар эди”, деб ёзади у.
Карлсоннинг бу пости Исроилга ҳам етиб борди. Times of Israel нашри журналистни сўнгги пайтлардаги Исроилга қарши ва конспирологик риторикасининг мантиқий давоми сифатида баҳолади. Нашр Карлсонни Эрон инқирозидан ўз аудиторияси эътиборини тортиш ва сиёсий шов-шув кўтариш учун фойдаланаётганликда айблаган.
“The Business Standard” нашри ҳам вазиятга аралашиб, Трамп ва Нетаньяху ўртасида мулоқотлар ҳақиқатан бўлиб ўтгани ҳақида хабар берди. Аммо хабарда музокаралар ядровий зарба эмас, балки дипломатик босим ва келажакдаги ҳарбий стратегиялар атрофида боргани айтилган.
Шундай қилиб, биргина журналистнинг таҳликали пости нафақат X тармоғида, балки кенгроқ доираларда ҳам ядровий ҳужум хавфи яна кун тартибига чиқишига олиб келди. Гарчи бу постдаги фикрлар ҳар қанча ишончсиз бўлмасин, АҚШнинг янги ҳужум тўлқини тез орада содир бўлиши кутилмоқда.
Урушнинг қайталаниши
Вашингтон ва Теҳрон ўртасида дипломатик музокаралар давом этаётган бир пайтда, ҳар икки томон эҳтимолий янги ҳарбий тўқнашувга тайёргарлик кўрмоқда. АҚШ минтақада йирик ҳарбий куч тўплаган, Исроил Бош вазири Дональд Трампни ҳужумларни қайта бошлашга ундамоқда, Эрон эса нафақат армиясини жанговар шайликка келтиряпти, балки аҳолини ҳам эҳтимолий кенг кўламли уруш оқибатларига тайёрлаб келяпти.
Яқин Шарқда нисбий сукунат яна бузилиши мумкин. АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга қарши янги ҳарбий операция бошлаш имкониятини кўриб чиқаётган бир пайтда, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Вашингтонни зарбаларни қайта бошлашга ундамоқда. АҚШ ва Исроил манбаларига таянган Axios нашрига кўра, икки давлат раҳбари 31 октябрь куни телефон орқали мулоқот қилган. Суҳбатнинг асосий мавзуси Эрон билан музокаралар ва ҳарбий амалиётларни қайта бошлаш эҳтимоли бўлган. Исроил томонининг суҳбатни “кескин”, америкалик манбанинг эса “тўғридан тўғри ва очиқ” деб таърифлагани ҳам томонлар ўртасидаги қарашлар бир хил эмаслигини кўрсатмоқда.
Нетаньяху Трампни 3 ноябрь куни АҚШда бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлардан кейиноқ Эронга қарши янги зарбалар беришга кўндиришга уринмоқда. Бироқ Оқ уй ҳозирча дипломатик музокаралар натижасини кутиш тарафдори. Трампнинг ўзи 31 октябрь куни Эрон билан музокаралар “яхши кетаётганини” айтган бўлса-да, Теҳроннинг ваъдаларга содиқ қолишига ишониш қийинлигини таъкидлаган.
Шу билан бирга, Америка президенти Эрондаги яна бир ёки иккита ядровий объект масаласини ҳал қилиш зарурлигини айтиб, буни атиги 10 дақиқада амалга ошириш мумкинлигини билдирган. У, хусусан, Исфаҳон вилоятида, Натанз ядровий мажмуаси яқинида жойлашган Pickaxe Mountain ҳудудини ҳам тилга олган. Эрон бу ерда ядровий дастур доирасида иш олиб борилаётганини расман тан олмайди.
“Биз буни 10 дақиқа ичида амалга оширишимиз мумкин. Бунинг учун режамиз бор. Pickaxe Mountain объектини кўришингиз мумкин. Биз бу масалани ҳал қилишимиз керак. Буни жуда тез амалга ошира оламиз”, деган у тоғ ичида жойлашгани тахмин қилинаётган ядровий объектга ишора қилиб.
Вашингтоннинг дипломатик ва ҳарбий йўналишларда бир вақтнинг ўзида ҳаракат қилаётгани бежиз эмас. Маълумотларга кўра, АҚШ Арабистон денгизида 3 та авианосец, 17 та ҳарбий кема ва 20 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчидан иборат йирик флотни жамлаган. Ҳарбий кучлар президент буйруғидан кейин 96 соат ичида зарба беришга тайёр ҳолатга келтирилаётгани айтилмоқда. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио эса Трамп ҳозирча янги ҳужум бўйича якуний қарор қабул қилмаганини ва дипломатик ечим имконияти сақланиб қолаётганини билдирган. Демак, ҳарбий сафарбарликнинг ўзи ҳужум муқаррарлигини англатмайди, бироқ Вашингтоннинг Теҳронга босим ўтказиш имкониятларини сезиларли даражада оширади.
Теҳрон эса бундай эҳтимолий ҳужумларга тайёргарликни бошлаб юборган. 31 октябрь куни Эрон олий раҳбари Мужтабо Хоманаий мамлакат ҳарбий қўмондонлиги билан учрашувда ҳар қандай таҳдидга зудлик билан, самарали ва географик чегаралар билан чекланмаган жавоб қайтарилиши кераклигини билдирган. Эрон армияси вакили Муҳаммад Акрамния ҳам эҳтимолий янги уруш аввалги тўқнашувдан узоқроқ давом этиши мумкинлигини айтган.
Айни пайтда Эроннинг тайёргарлиги фақат ҳарбийлар билан чекланмаяпти. Тармоқларда Эрон оммавий ахборот воситаларида намойиш этилган фуқаро муҳофазаси видеолари тарқалмоқда. Унда аҳолига фавқулодда вазиятларда, жумладан, ядровий ҳужумга учраганда бошпаналардан фойдаланиш, зарур озиқ-овқат ва сув захирасини шакллантириш, оилавий хавфсизлик чораларини кўриш ҳамда эҳтимолий ҳужум вақтида қандай ҳаракатланиш бўйича кўрсатмалар берилган. Видеода бункерлар, омон қолиш учун зарур буюмлар ва оилаларни хавфсиз жойга олиб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Карлсон томонидан тарқатилган ядровий ҳужум хавфи ҳақидаги пост ҳам айнан шу вазиятда оловга ёғ сепгандек бўлди. Ядровий можаро хавфи яна кун тартибига чиқди. У ўзи билан олиб келиши мумкин бўлган қоронғу келажак эса бутун дунёни хавотирга солмоқда. Балки айнан шу қўрқув ҳам Трамп каби давлат раҳбарларини бугун қизил тугмани босишдан тийиб турган бўлса, ажаб эмас. Шундай экан, кўнглингизни хотиржам қилаверинг: бизни ядро қуролидан ядро қуролининг ўзи ҳимоя қилиб турибди.