ЙҲҚни бузган ва жарима тўламаган ҳайдовчилар огоҳлантирилди

Жамият

image

Тошкент шаҳрида ЙҲХБ ходимлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қошидаги Мажбурий ижро бюроси вакиллари билан ҳамкорликда ЙҲҚни бузиб, жаримани белгиланган муддатда тўламаган ҳайдовчиларни аниқлашга қаратилган тадбирлар ўтказишни бошлади. Бу ҳақда пойтахт ИИББ Матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига мувофиқ (“Транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартиби”), йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима солиш ҳақида қарор чиқарилган кундан эътиборан олтмиш кун ичида жарима тўланмаган тақдирда, транспорт воситаси ушлаб турилади. 

Транспорт воситаси жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг ижроси юзасидан иш юритиш тугагунига қадар ушлаб турилади. Бу ҳақда  жарима солиш тўғрисида қарор чиқарган ваколатли орган раҳбари ёзма кўрсатма беради.

Шунингдек маълум қилинишича, Тошкент ҳудудида қарздорларни автоматик тарзда аниқловчи 20 та “Автокон” комплекслари ишламоқда. Шу билан бирга, шаҳарга кириш/чиқиш ЙПХ постларида ҳам шундай комплекслар ўрнатилган. 

“Шу муносабат билан ЙҲҚ бузилганлик учун солинган жаримани ўз вақтида тўлашни сўраймиз. Чунки вақтида тўланмаган жаримангиз бўлса ва сиз оилангиз билан шаҳар ташқарисига дам олиш учун кетаётган бўлсангиз, сизни тўхтатиб, автомобилингизни жарима майдончасига жойлаштиришади. ЙҲҚни бузганлик учун жаримани ўз вақтида тўлаш тушунмовчилик ва кайфият бузилишини олдини олади”, дейилади ИИББ хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳайдовчи жарима

Баҳолаганлар

46

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг