Президент қонунларни билмайдиган раҳбарлар ҳақида: Эски ҳаммом - эски тос
Жамият
−
07 Декабрь 2019
8044Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 7 декабрь куни мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун амалда кутилган натижасини кўрсатмаётганини таъкидлади. Бу ҳақда гапираркан давлат раҳбари шундай дейди:
"Қонунлар, Фармонлар нима учун керак? Масалан, иқтисодиётимизни жадал ривожлантиришнинг муҳим шарти бўлган, биз учун янгилик бўлган - "Давлат-хусусий шерикчилик тўғрисида"ги қонунни қабул қилганимизга 7 ой бўлди. Ҳаммамиз учун янги бўлган, кўпдан буён кутилган, ҳаётнинг ўзи талаб этаётган бу қонун лойиҳаси устида биз узоқ вақт ишладик. Кўп-кўп тажриба орттирдик. Айрим тармоқларда давлат-хусусий шерикчилик бўйича лойиҳалар амалга ошиши бошланди, аммо соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт, йўл қурилиши, коммунал хўжалиги каби йўналишларда аксарият ҳудудларда ҳали бу борада ташаббус умуман сезилаётгани йўқ. Ҳудудлардаги раҳбарларимиз ҳали замон ўзгарганини сезмаяпти! Эски тос, эски ҳаммомга ўрганиб қолган улар".
Давлат раҳбари сўзини давом эттириб, аввало раҳбарлар қонунларни пухта ўрганиши ва ишини шу асосда ташкил қилиши кераклигини таъкидлади. Мирзиёевга кўра, мамлакатдаги кўплаб раҳбарлар қонунларни билмайди ва шу боис хатолар устига хатолар қилади.
"Вазир ёки ҳоким янги қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунмаса, англаб олмаса, уни ҳаётга татбиқ этишда жонбозлик кўрсатмаса, одамларда ташаббус уйғотиш қийин бўлади. Агар биз ўзимиз раҳбар бўлиб одамларни шунга инонтира олмасак, улар бизга эргашмайди, ислоҳотларнинг амалга ошиши жуда қийин бўлади", дейди Президент.