Ҳозир энергетика хавфсизлиги жуда муҳим аҳамият касб этмоқда – Шавкат Мирзиёев
Local
−
14:42 525 4 minutes
Бугунги кунда энергетика хавфсизлиги жуда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу ҳақда бугун, 9 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистоннинг “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида ўтказилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг тор доирадаги мажлисида сўз очди.
Давлат раҳбари ўз нутқида барчани қутлуғ сана – Ҳамдўстликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, юз бераётган ўзгаришларга қарамай, мамлакатлар ва халқларни яқин инсоний муносабатлар, умумий тарих ва ҳамкорликнинг улкан салоҳияти боғлаб келаётганини таъкидлаган.
“Бугунги кунда дунё тубдан ўзгармоқда. Зиддиятлар ортиб бормоқда, одатий иқтисодий алоқалар қайта қурилмоқда. Бундай вазиятда ишончни мустаҳкамлаш, позицияларни тез-тез уйғунлаштириб бориш ва келишувларимизнинг реал натижа беришига эришиш айниқса муҳимдир”, дейди Ўзбекистон Президенти.
Иқтисодий интеграция ва ишлаб чиқариш кооперацияси барқарорлик ва тараққиётнинг асосий пойдеворларидан бири бўлиб қолаётгани таъкидланган.
Савдо-инвестициявий шерикликни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш ҳамда оддий товар айирбошлашдан қўшилган қийматнинг тўлиқ занжирларини биргаликда яратишга босқичма-босқич ўтиш зарурлиги қайд этилган.
Шундан сўнг мамлакат етакчиси биргаликдаги саъй-ҳаракатларни қаратиш керак бўлган қатор устувор йўналишларни кўрсатиб ўтган.
Аввало, техник тўсиқларни бартараф этиш, мувофиқлик сертификатларини ўзаро тан олинишини таъминлаш ва давлат харидларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш орқали Эркин савдо зонасининг чекловларсиз тўлиқ фаолият юритишини таъминлаш зарурлиги таъкидланган.
Иқтисодиётлар барқарорлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда озиқ-овқат хавфсизлиги алоҳида аҳамиятга эга экани қайд этилган.
Бу борада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича давлат харидлари соҳасида ўзаро бозор очишни кенгайтириш тўғрисидаги битимни ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик дастурини тез фурсатларда келишиб олиниши ва тасдиқланиши мақсадга мувофиқлиги таъкидланган. Мамлакатлар бозорларидаги вазиятни олдиндан прогноз қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида озиқ-овқат ва ўғитлар экспортига чекловлар киритишдан олдин ўзаро хабардор қилиш ва маслаҳатлашиш механизмини жорий этиш таклиф қилинган.
Саноат соҳасидаги имкониятларни бирлаштириш ва ўзаро инвестициялар ҳажмини ошириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилган. Бизнес вакилларининг ҳамкорликда ишлашдан манфаатдорлиги юқори экани, буни янада ривожлантириш мақсадида махсус иқтисодий зоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича “йўл харитаси” тез фурсатда келишиб олиниши зарурлиги қайд этилган.
Президент транспорт жиҳатдан боғлиқлик масаласига алоҳида тўхталиб, интеграциялашган логистика марказларини ташкил этиш, транзит харажатларини сезиларли даражада қисқартириш, юк ташиш қоидаларини бирхиллаштириш ҳамда МДҲда ягона транспорт ахборот тизимини шакллантириш тарафдори эканини билдирган ҳамда Туркманистон томонининг 2029 йилни Ҳамдўстликнинг транспорт боғлиқлиги йили деб эълон қилиш ҳақидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаган.
Энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасида яқин ўн йилликларга мўлжалланган узоқ муддатли прогнозга эҳтиёж юқори экани таъкидланган.
“Бу эса энергиянинг мавсумий ортиқчалиги ва тақчиллиги қаерда ва қачон юзага келиши, қайси тармоқларни ривожлантириш зарурлиги ҳамда гидроэнергетика, иссиқлик генерацияси ва қайта тикланувчи манбаларни қандай қилиб энг самарали тарзда уйғунлаштириш мумкинлиги ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилиш имконини бериши лозим”, дейди давлат раҳбари.
Иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилган.
“Бу борада мувофиқлаштирилган ва амалий қарорлар зарур. Биз кам углеродли технологияларни жадал жорий этиш ва ёпиқ циклдаги ишлаб чиқаришларни ривожлантириш тарафдоримиз”, дейди Президент.
Саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун МДҲнинг ресурслардан самарали фойдаланиш ва айланма иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқиш таклиф этилган.
Маданий-гуманитар алоқалар Ҳамдўстлик мамлакатлари ва халқлари ўртасида ўзаро англашув ва ишончни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши қайд этилган.
Давлатлараро гуманитар ҳамкорлик жамғармаси форматини кенгайтириш орқали бу йўналишни янада ривожлантириш учун яхши имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилган.
Бугунги кунда янги технологиялар таъсирида тез ўзгариб, замонавий иқтисодиётнинг мустақил ва муҳим тармоғига айланиб бораётган ижодий индустрияларга алоҳида эътибор қаратиш таклиф этилган.
Шу муносабат билан “Маданий сиёсат ва креатив индустриялар” форумини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилган.
Замонавий хавф-хатарлар қаторида бутун дунёда кўлами жадал ўсиб бораётган кибержиноятчилик муаммоси алоҳида қайд этилган.
“Ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган фирибгарлик аллақачон фуқаролар ва бизнесга жиддий зарар етказмоқда, мамлакатларимиз молия тизимларининг барқарор ишлашига хавф туғдирмоқда”, дейди Ўзбекистон Президенти.
Шу муносабат билан Ички ишлар вазирлари кенгашига қисқа муддатда трансчегаравий кибержиноятлар ва фирибгарлик схемаларига тезкор жавоб бериш учун МДҲ Қўшма алоқа марказини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқишни топшириш таклиф этилган.
Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида Ўзбекистон келгуси йили МДҲга раисликни қабул қилишга ва Ҳамдўстликни ривожлантириш учун яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирган. Шунингдек, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга меҳмондўстлик ҳамда саммитни юксак савияда ташкил этгани учун миннатдорлик изҳор этган.
Йиғилиш давомида Ҳамдўстликка аъзо бошқа мамлакатлар делегациялари раҳбарлари ҳам сўзга чиққан.
Live
All