Wikileaks: Ассанжга қўйилган айбловлар АҚШда сўз эркинлигининг интиҳоси
Олам
−
24 Май 2019
4281Кеча, 23 май куни АҚШнинг Суд ҳокимияти Wikileaks асосчиси Жулиан Ассанжга нисбатан 17 та банд бўйича қўшимча айбловлар эълон қилди.
Америка ОАВнинг таъкидлашича, янги айбловлар АҚШ мудофаа салоҳиятига доир маълумотларнинг ноқонуний қўлга киритилиши ва эълон қилиниши билан боғлиқ.
АҚШ Адлия вазирлигининг бундай ҳаракати Ассанжнинг Буюк Британиядан экстрадиция қилинган тақдирда унга анча оғир жазо берилишига олиб келади. Айблов қўйилган ҳар бир банд бўйича Wikileaks асосчисига 10 йил қамоқ жазоси берилиши мумкин. Аввал қўйилган айбловлар билан бирга ҳисоблаганда Ассанж 175 йилга қамалиши мумкин.
Бунгача Америка томони Wikileaks асосчисини фақатгина мамлакат Мудофаа вазирлиги – Пентагоннинг компьютер тармоғини бузганлик учун жазолаш ниятида эди.
Wikileaks ташкилоти АҚШ томонидан Жулиан Ассанжга қўйилган янги айбловларни мамлакатда матбуот эркинлигининг интиҳоси эканини қайд этиб ўтди.
“Бу ақлсизлик. Миллий хавфсизлик соҳасидаги журналистик фаолият ва биринчи тузатишнинг (АҚШ Конституциясига – таҳр.) тугаши”, дейилади порталнинг Twitter’даги саҳифасида.
АҚШ Конституциясидаги биринчи тузатиш мамлакатда сўз ва матбуот эркинлигини кафолатлайди.
Маълумот учун, 2010 йилда можароларга сабаб бўлган Wikileaks асосчиси жинсий зўравонликда айбланиб, халқаро қидирувга берилганди. Бироқ журналист Швецияга экстрадиция қилиниши арафасида Британиядаги Эквадор элчихонасидан бошпана топишга муваффақ бўлди ва охирги етти йил давомида ўша ерда сақланди.
Таъкидлаш жоизки, Wikileaks асосчисини қўллаб-қувватлаш учун Германия ва Францияда ҳам оммавий кампания авж олган. У ерда Ассанжга бошпана бериш кераклигини таъкидловчилар кўплаб топилади.
Эслатиб ўтамиз, Эквадор бошпана беришдан бош тортган Wikileaks асосчиси Жулиан Ассанж жорий йилнинг 11 апрель куни Лондонда ҳибсга олинди.