Ўзбекистонга Исроилдан қўнғироқ бўлдими? – Weekend

Таҳлил

Россияда мигрантлар учун тўловларнинг оширилиши, чекловларнинг кўпайиши ҳамда ҳатто ўз фуқаролари учун ҳам тўлов юкининг ошиши фонида Украина разведкаси Кремль 2030 йилда НАТО билан эҳтимолий уруш учун триллион долларлик маблағ жамғармоқда, деган иддао билан чиқди.

Путин Трампнинг дедлайн кўринишидаги ультиматумига ювош ва тақводор инсон сифатида черковга ташриф доирасида жавоб қайтарди.

Марказий Осиё давлатлари Исроилнинг халқаро майдондаги энг катта ютуғи бўлган Иброҳим келишувларига қўшилиши ҳақида хабарлар тарқалди.

БМТнинг ҳисоботларини деярли ҳеч ким ўқимаётгани айтилди. 

Трампнинг одами Ғазога келди ва яҳудий расмийлар у ва дунё кўзига секторда аҳвол яхшилигини исботламоқчи бўлди. Аммо ҳеч ким уларга ишонмайди.

Тугаб бораётган ҳафта давомида жаҳонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Weekend дастурида танишинг.

Мигрантлар ҳисобидан НАТО билан уруш?

Россияда сўнгги пайтларда деярли ҳар ҳафта мигрантлар масаласи билан боғлиқ чекловлар ва улардан ундириладиган тўловларнинг оширилиши ёки ҳеч бўлмаганда шу бўйича таклифлар янграйдиган бўлди. Уларнинг ўз оиласига юборадиган пулларининг миқдорини чеклашдан тортиб, мигрантларнинг фарзандлари учун мактабларни пуллик қилишгача, хуллас қандай бўлмасин миллионлаб меҳнат муҳожирларининг чўнтагини қоқиб олишга чорлаётган рус сиёсатчилари кўпайди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам 31 июль куни янги давлат божхона тўловларини жорий этиш ва мавжудларини ошириш ҳақидаги қонунни имзолади. Унга кўра, транспорт воситаларига эгалик қилиш учун расмийлаштириш жараёнида Россия фуқаролари учун тўловлар ўртача икки баробарга оширилди. Шу ўринда мигрантлар ҳам ёддан чиққани йўқ. Ҳужжатда мигрантларни вақтинча яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш учун 500 рубль миқдорида давлат божи жорий этилиши белгиланган. Мигрантларга патент бериш ёки уни қайта расмийлаштириш бўйича тўлов эса 4,2 минг рублни ташкил этади. Хорижликларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш учун бож 430 рублдан минг рублгача оширилиши белгиланди.

Россияда тўлов мажбуриятларининг бу тарзда кескин ошиши, албатта, мамлакатнинг Украинада олиб бораётган босқини ва унинг харажатларига бориб тақалади. Аммо нега айнан ҳозир, деган савол ўртага чиққан бир пайтда, Украина ҳарбий разведкаси бошлиғи Кирилл Будановнинг Россия 2030 йилга қадар НАТО билан урушга тайёр туриш мақсадида 1 триллион долларлик бюджет жамғаришни бошлади, деган интервьюси пайдо бўлди. Буданов триллион долларлик бюджетнинг асосий мақсадини очиб берди. Россия Федерацияси катта урушга тайёргарлик кўриш учун маблағ ажратади ва бу 1980 йилдан буён энг катта қуролланиш дастури бўлади, дея фикр билдирди. Украина ҳарбий разведкаси раҳбари Кирилл Будановнинг сўзларига кўра, режанинг марказида НАТО билан қарама-қаршилик мавжуд. Ушбу маблағлар Россия Федерациясининг 2030 йилгача НАТО билан кенг кўламли қуролли тўқнашувга тайёргарлигини белгилайдиган тизимли ҳужжат доирасида тақдим этилгани иддао қилинмоқда. Будановнинг сўзларига кўра, ажратилган маблағларнинг асосий қисми 2030 йилгача сарфланиши керак, шундан сўнг харажатлар суръати пасайишни бошлайди. Украина ҳарбий разведкаси маълумотларига кўра, Россия стратегик режаларининг асосий йўналиши Болтиқбўйи мамлакатлари, Финляндия, Норвегия ва умуман НАТОнинг Шимолий қанотидир.

Путин Трампга жавоб қайтарди

Беларуслик Лукашенконинг ҳафта давомида Россияга – Путиннинг олдига бориши Россия Президентининг АҚШ Президенти Дональд Трампга 10 кунлик муҳлат юзасидан жавоб қайтаришда ёрдамлашиш учунлиги маълум бўлди. Путин ва Лускашенконинг 1 август куни Валаам монастирига ташрифи чоғида бир қанча муҳим баёнотлар янгради. Лукашенко Европа ва Россия бирлашганида Хитойданда қудратлироқ куч бўларди деганча, нималаргадир шама қилган бўлса, Путин ўз навбати билан Украина билан асирлар ва жасадлар алмашинуви бўйича норозилик билдирди. Унинг айтишича, Россия гуманитар сабабларга кўра минглаб ҳалок бўлган украиналик аскарларнинг жасадларини топширган ва бунинг эвазига “бир неча ўнлаб йигитлар”нинг жасадларини қабул қилган.

Аммо булар ичида ўша куни айтилган энг муҳим баёнот бошқа эди. Яъни Дональд Трамп Путинга турли хил рақамлардаги муҳлатлар бериб юрган бир пайтда Путин унга жавоб қайтариши керак эди. Россия етакчиси дастлаб Трампнинг ундан ҳафсаласи пир бўлгани ҳақидаги гапларига изоҳ берди. Путин Трампнинг номини тилга олмаган бўлса ҳам “барча умидсизликлар ҳаддан ташқари кутишдан келиб чиқади”, деб таъкидлади. Путин ўтган йилнинг июнь ойида Россия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда Россиянинг мақсадларини эслаб, асосий вазифа – “бу инқирозни келтириб чиқарган сабабларни йўқ қилиш” эканини таъкидлади. Бу орада эса у бирдан жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлган “Орешник” номли ракета серияли ишлаб чиқилаётгани ҳақида сўз очди. У Россия қўшини биринчи серияли “Орешник” мажмуасини олганини ҳам эълон қилди. 

Ўзбекистонга Исроилдан “қўнғироқ”?

Иброҳим келишувлари номли Исроилни тан олиш, у билан дипломатик муносабатларни йўлга қўйиш ҳамда бошқа масалаларда яқин алоқалар ўнатишни назарда тутувчи шартнома мавжуд. Бундан 5 йил олдин мазкур ҳужжат АҚШ Президенти Дональд Трампнинг биринчи муддати сўнгги йилида кучга кирган ва бир нечта араб давлатларини қамраб олганди. Энди у иккинчи муддатида ҳам Иброҳим келишувларини кенгайтирмоқчилиги ҳақида бир неча ой олдин хабарлар чиққанди. Яқинда эса “Reuters” ушбу жараёнга яқин бўлган 5 нафар манбасига таяниб, Трамп маъмурияти Озарбайжон ва айрим Марказий Осиё давлатларини Иброҳим келишувларига қўшиш масаласини фаол муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берди. 

Иброҳим келишувлари 2020 ва 2021 йилларда Трампнинг илк президентлик даврида АҚШ воситачилигида тўртта мусулмон аҳолиси кўп давлат – БАА, Баҳрайн, Марокаш ва Судан томонидан Исроил билан дипломатик муносабатларни нормаллаштириш учун имзоланган эди. Бироқ Озарбайжон ва барча Марказий Осиё давлатлари аллақачон Исроил билан узоқ йиллик муносабатларга эга. Шундай бўлишига қарамай, мазкур давлатларни бу келишувларга расман қўшиш рамзий ҳаракат бўлиб, асосан савдо ва ҳарбий ҳамкорлик каби соҳаларда алоқаларни кучайтиришга қаратилиши такидланмоқда.

Қайд этилишича, бундай кенгайтириш Трампнинг Ғазода қирғин давом этаётган бир пайтда Саудия Арабистонини Исроил билан ярашишга кўндириш режаларидан анча кичикроқ мақсадларга ҳам очиқлигини намоён этади. Маълумки, Саудия Арабистони бир неча бор Исроил Фаластинни тан олиш йўлида жиддий қадамлар ташламаса, яҳудий давлатини тан олмаслигини очиқ ойдин билдириб келади. Ғазодаги юқори ўлим даражаси ва гуманитар ёрдамнинг ёпиб қўйилиши оқибатида юзага келган мисли кўрилмаган очарчилик эса араб жамоатчилигида ғазабни кучайтириб, Иброҳим келишувларига янги мусулмон давлатларни жалб қилишни мураккаблаштирмоқда. Бу орада эса Исроилнинг эмас, балки халқаро майдонда тан олиниш борасида Фаластиннинг вазни ошиб бормоқда. Ўтган йиллар давомида Европанинг айрим давлатлари уни тан олган бўлса, бу йил Канада, Франция ва Буюк Британия каби қудратли Ғарб мамлакатлари Фаластинни тан олишга тайёрланмоқда.

Иброҳим келишувларига қайтадиган бўлсак, Трампнинг тинчлик бўйича махсус вакили Стив Уиткофф март ойида Озарбайжон пойтахти Бакуга сафар қилиб, Президент Илҳом Алиев билан учрашган. Билдирилишича, музокаралар доирасида Озарбайжон расмийлари Қозоғистон каби яқин Марказий Осиё давлатлари амалдорлари билан ҳам алоқага чиққан ва уларнинг қизиқишини ўрганган. Лекин қайси давлатлар билан бевосита гаплашилгани маълум эмас. Қозоғистондан ташқари яна қайси давлатлар? Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ёки Қирғизистонми? Буниси ҳали номаълум. “Reuters”нинг ёзишича, Озарбайжон ҳукумати бу масала юзасидан изоҳ бермаган. Бундан ташқари, Оқ уй, Исроил ТИВ ва Қозоғистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ҳам ҳеч қандай изоҳ бермаган. QALAMPIR.UZ эса ушбу масала бўйича Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланди. Вазирлик матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг таҳририятга маълум қилишича, бу масала бўйича ТИВга мурожаат келиб тушмаган.

Ҳеч ким ўқимаётган БМТ ҳисоботлари

Жорий йилнинг 1 август куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш тузилма томонидан чиқариладиган қатор ҳужжатларнинг самарасизлиги ҳақида гапириб, ташкилот ҳисоботлари ва йиғилишлари сонини қисқартириш зарурлигини айтди. Бунга сабаб эса БМТнинг турли масалалар юзасидан чиқарадиган ҳисоботларини ҳеч ким ўқимаётганидир. Гутерриш аъзо давлатларни ўзининг UN80 ишчи гуруҳи томонидан тайёрланган ҳисобот ҳақида маълумот берди. Ҳисоботда асосий эътибор БМТ ходимлари БМТ Бош Ассамблеяси ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши каби органлар томонидан берилган минглаб мандатларни қандай бажараётганига қаратилган.

“Бугунги кунда барча мандатларнинг ярмидан кўпи ҳисоботларни тайёрлашни талаб қилади. Фақат ўтган йилнинг ўзида котибият 1100 та ҳисобот тайёрлади, бу 1990 йилдагидан 20 фоизга кўп. Бештадан учтаси такрорланадиган мавзуларга тааллуқлидир. Тан олишим керакки, бу ҳисоботлар ҳам узоқроқ давом этмоқда. Сўнгги 20 йил ичида матн ҳажми 40 фоиздан кўпроққа ошди”, деган у йиғилишда сўзга чиқиб.

Антониу Гутерришнинг таъкидлашича, бажарилган ишлар ҳажмига қарамай, ҳисоботларнинг муҳим қисми эътибордан четда қолмоқда: уларнинг ҳар бешинчиси инетернетда фойдаланувчилар томонидан ҳеч бўлмаганда мингта ҳам юклаб олинмаган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби уларнинг ўқилганига ишончи комил эмас. Ҳужжатларни тайёрлаш ва йиғилишларни ташкил этиш харажатлари эса ташкилот бюджетининг муҳим қисмини ташкил қилади. Бош котибнинг сўзларига кўра, бюджетнинг ҳар ўн долларидан бири қўшимча билвосита харажатларни ҳисобга олмаганда, тўғридан тўғри йиғилишлар ва нашрларга хизмат кўрсатишга кетади. 

Маълумот учун, ҳозирда БМТ атрофида 400 га яқин ҳукуматлараро органлар томонидан амалга оширилаётган 40 мингдан ортиқ мандатлар мавжуд. Улар ҳар йили 27 мингдан ортиқ учрашувлар ташкил этилишини талаб қилади ва ҳар куни тахминан 2300 саҳифали ҳужжатларни ишлаб чиқаради. Бу йилига тахминан 360 миллион долларга тушмоқда.

Трампнинг одами Ғазода

Бугун Ғазодаги вазият жуда оғир. Одамлар очликдан ўлмоқда, тирик қолишни истаб ёрдам олишга борганлар эса Исроил аскарларининг ўқидан. Бу вазият кўпчиликка аён. Ҳатто Исроилнинг энг йирик иттифоқчиси бўлмиш АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам Ғазода очарчиликка яқин вазият кузатилаётганини, у ердан олинган кадрлар шуни кўрсатаётганини айтди. Бироқ у ўша тасвирларга ишонмади чоғи Ғазодаги ҳақиқий вазиятни ўз кўзи билан кўриш учун махсус вакили Стив Уиткоффни у ерга юборди. 

Уиткоффнинг Ғазога сафари маҳаллий аҳоли томонидан умид, шубҳа ва ғазаб билан кутиб олинди. Айримлар унинг Рафаҳга ташрифи очликка барҳам беришига умид қилган бўлса, бошқалар бу ташрифни ғалати ва ҳақоратли деб ҳисоблади. Яна баъзи ғазоликлар эса Уиткоффни Исроил кўрсатган расмлар билан чекланмасдан, ҳақиқий вазиятга гувоҳ бўлишга чақирди.

Шундай қилиб, АҚШ махсус вакили Стив Уиткофф 1 август куни АҚШнинг Исроилдаги элчиси билан бирга Ғазога бориб, 5 соат давомида у ердаги инсонпарварлик вазиятини яхшироқ тушунишга уринди. У ташрифининг мақсади Трампга “инсонпарварлик вазияти қандайлигини аниқ етказиш ҳамда Ғазо халқига озиқ-овқат ва тиббий ёрдам бериш режасини ишлаб чиқиш” эканини айтди.

Айнан ўша куни Ғазога ҳаводан озиқ-овқат ташланди. Исроил армияси маълумотларига кўра, Испания, Франция ва Германия каби давлатлар томонидан 126 та парашутда ёрдам туширилган. Бироқ БМТнинг фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги раҳбари бундай усулни “жуда қиммат, етарли эмас ва самарасиз” деб атади.

Боя айтганимиздек, Уиткоф Ғазо жанубидаги Рафаҳдаги ёрдам марказига борди. Фаластинликлар айнан ушбу марказ яқинида озиқ-овқат кутаётганларга Исроил ҳарбийлари ўқ узганини билдирди. Ғазодаги шифохона ушбу ҳужумда камида 3 киши ҳалок бўлганини, 6 киши яраланганини маълум қилди.

Буни қарангки, гуманитар ёрдам олишни кутаётганларга ҳужум қилишини рад қилиб келадиган Исроил бу сафар ўз ҳарбийлари ўқ узганини яшириб ўтирмади. Нима эмиш, ҳарбийлар ўзларига яқинлашаётган одамлар гуруҳига огоҳлантирувчи ўқ узганмиш. Улар қурбонлар ҳақида хабардор эмаслигини, лекин воқеани ўрганаётганини қайд этди. АҚШ элчихонаси вакили эса Уиткоффнинг ташрифи яқинида "ҳеч қандай тўқнашув ёки жароҳатлар" ҳақида маълумот олмаганини билдирди.

Ушбу ташрифнинг яна бир қизиқ томони бор. Уиткоффга ҳамроҳлик қилган АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Ҳакаби Х'даги саҳифасида жорий йил май ойида АҚШ ва Исроил раҳнамолигида иш бошлаган Ғазо гуманитар жамғармаси томонидан 100 миллиондан ортиқ таом тарқатилганини олқишлади. Ҳакаби “100 млн таом тарқатилди” деб ёзилган баннерлар фонида тушган расмини саҳифасига жойлаштирди.

“Ғазо гуманитар жамғармаси ҳар куни 1 миллиондан ортиқ таом тарқатмоқда. Бу ажойиб ютуқ”, деб ёзди у. 

Келинг, шу ерда кичик математик ҳисоб-китобларга эътибор қаратамиз. Ғазодаги 2,1 миллион аҳолига 100 миллиондан ортиқ таом тарқатилган бўлса, бу бир кишига 47 кун давомида кунига битта таомдан тўғри келади. Ушбу жамғарма эса 70 кундан бери фаолият юритмоқда. 

Шу билан бирга, жамғарма тарқатган таомлар Ғазо аҳолисининг барчасига етиб боргани эҳтимоли кам. Ҳозирча фақат жанубий ва марказий Ғазода унинг 3 та фаол тарқатиш пункти бор, бу эса БМТнинг олдинги кўплаб тарқатиш марказларига нисбатан анча кам. Бу йирик оммавий навбатларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади ва БМТга кўра, бундай жойларда юзлаб фаластинликлар ҳалок бўлган.

БМТнинг фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги – UNRWA раҳбари Филипп Лаззарини ушбу жамғарманинг тизимини “нуқсонли” деб атаб, уни “инсонпарварлик инқирозини ҳал қилиш учун эмас, балки ҳарбий ва сиёсий мақсадларда ишлаб чиқилган” деб танқид қилди. Унинг таъкидлашича, UNRWA Ғазога киришни кутаётган 6 мингта ёрдам юк машинасига эга ва уларга киришга рухсат берилиши керак.

БМТ маълумотларига кўра, жамғарма май ойи охирида фаолият бошлаганидан бери 1 000 нафардан зиёд фаластинлик озиқ-овқат излаётган пайтда, улардан юзлаб одамлар айнан ушбу жамғарма манзиллари яқинида, Исроил ҳарбийлари томонидан ўлдирилган. Ғазо гуманитар жамғармаси эса бу рақамларни инкор қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ НАТО Россия Владимир Путин Дональд Трамп БМТ Марказий Осиё Исроил Ғазо Рафаҳ Стив Уиткофф

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг