Саммитни ютган Путин — Weekend
Таҳлил
−
17 Август 9949 14 дақиқа
Жорий ҳафта давомида жаҳонда содир бўлган воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Weekend дастурида танишинг.
Путиннинг “ғалабаси”
Трамп Путин келишини ярим соат самолёт ичида кутгани, халқаро жиноятчига қизил гилам ёзилгани, икки Президент устидан вайронкор B2 учиб ўтгани, улар музокаралар ўтадиган жойга битта машинада боргани, Трамп ўз аёлининг хатини мавқедошига етказгани ва Россия етакчиси ортга қайтаётганда уни АҚШнинг F-22 самолётлари муҳофаза қилгани. Бўлди. Ҳозирча дунёдаги вазиятни ўзгартиришига умид боғланган Аляскадаги саммит фақат шулар билангина эсда қолди. Чунки на Оқ уй ва на Кремль бу саммит ҳақида жўяли бир баёнот билан чиқмади.
Айни дамда саммитнинг расмий изоҳи сифатида икки раҳбар томонидан матбуот анжуманида айтилган “биз кўп масалаларда келишиб олдик, музокаралар самарали бўлди”, деган сўзлари ва Трампнинг “Fox News”га берган интервьюсидаги баъзи ишораларини қабул қилишга мажбурмиз. Аммо кўпчиликни Трампнинг хизмат машинасида улар ўртасида ортиқча одамларсиз кечган ҳоли суҳбати ва деярли 3 соатлик “3 га 3” форматдаги музокараларининг батафсил ва аниқ тафсилотлари қизиқтирмоқда. Бироқ на илож, расмийлар деярли ҳеч нимани очиқлагани йўқ.
Шундай бўлишига қарамай, кузатувчилар, Европа расмийлари ва Ғарб ОАВ бу саммит ҳамда унинг эҳтимолий натижаси ҳақида ўзларининг изоҳ ва тахминларини билдирмоқда. Нашрлар Трамп ва Путин учрашувида ҳеч қандай келишувга эришилмагани ҳақида ёзаётган бўлса, Зеленскийнинг атрофидагилар бу саммитни “ҳеч нарсага арзимайдиган воқеа” деб баҳолаган. Трампнинг Путинга қилган чегарасиз илтифоти эса Европани хавотирга солаётгани аниқ. Иттифоқдагилар Ғарбнинг бирдамлиги ҳақидаги ўз хавотирларини яширмади. Жумладан, Европарламентнинг Мудофаа қўмитаси раҳбари Штрак-Циммерман “Ғарб бирлиги Аляска саммитидан сўнг ахлатга ташланди”, дея таъкидлади. Бундан ташқари, мутахасислар кўра, Путиннинг АҚШга ташрифи унинг халқаро изоляциядан чиққанини билдиради ва у энди ростманасига катта давраларга қайтди. Шунингдек, Трампнинг Миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчи Жон Болтон эса бу саммит Путиннинг ғалабаси билан якунланганини даъво қилди. Унга кўра, Трамп учрашувда ҳеч нарсани қўлга киритмаган. Путин эса аксинча, жуда кўп нарсага эришган. Жумладан, Жон Болтоннинг таъкидлашича, Россия етакчиси санкциялардан қутулган, уни энди ўт очишни тўхтатиш хавфи кутмаяпти ва қолаверса, кейинги учрашувнинг аниқ санаси ҳам белгилаб қўйилмаган. Бу эса Путин ўзи хоҳлаган натижаларнинг катта қисмини қўлга киритганини англатади.
Аммо Жон Болтон айтган ютуқларнинг ичида ҳозирча фақат биттаси қолиб кетган кўринади. Оқ уй ва Кремль ёпиқ музокараларда тилган олинган масалаларга аниқлик киритиб, ким нимани хоҳлаганига батафсил тўхталмаган бўлсада, ОАВ Трамп ва Путин Донбасс минтақаси ҳақида маслаҳатлашгани ҳақида хабар тарқатмоқда. Хусусан “Bloomberg” ва “Financial Times” манбаларига кўра, Путин Трампга босқинни тўхтатиш эвазига Донбассни тўлиқ ўзиники қилиши ҳақида сўз очган. У шу пайтгача чала эгаллаб олинган Запарожье ва Херсоннинг қолган ерларига эса ортиқ даъво қилмаслиги, босқинни айни пайтдаги фронт чизиқларида якунлаши тахмин қилинмоқда. Трампнинг саммитдан сўнг, “Fox News”га берган интервьюсига назар ташлайдиган бўлсак, бу таклиф унга ёққандек кўринади. Чунки у Аляскадаги музокараларда Украина хавфсизлигига оид кафолатлар берилиши билан бирга ҳудудлар ҳақида ҳам суҳбат бўлганини маълум қилди, аммо тафсилотларга батафсил тўхталмади. Аммо АҚШ манбалари Путин билан учрашувдан сўнг, Трамп Зеленский ва бошқа Европа етакчилари билан суҳбатда бу таклифни уларга етказгани ҳақида ёзмоқда. Бу орада эса Дональд Трампнинг эски пластинкаси яна айланишни бошлади. У Украина бўйича келишувга эришиш имконияти энди Зеленский ва Европа давлатларига боғлиқлиги, Зеленский жуда кўп нарсани йўқотаётганини тан олиши лозимлиги, Россия қудратли экани, аммо Украина бундай кучга эга эмаслиги ҳамда Киев битим тузиши шартлигини такрорлади.
Бундан кўриниб турибдики, Трамп узил кесил тинчлик шартномаси эмас, балки ҳеч бўлмаганда фронт чизиғида ҳаракатларни тўхтатишга ҳам рози. Бу эса аввал тахмин қилинганидек, у зудлик билан ўзини тинчлик ўрнатгандек кўрсатиб, сайловолди ваъдаларини номигагина бўлса ҳам бажармоқчи. Чунки, Запорожье ва Херсондаги босқиннинг юзлаб километрга чўзилган фронт чизиғида тўхташи, келгусида жуда мураккаб ҳудудий ноаниқликларни, улар эса навбатдаги қуролли тўқнашувни келтириб чиқариш эҳтимоли юқори.
Меланиянинг Путинга хати
АҚШнинг амалдаги биринчи хоними Мелания Трамп эри Дональд Трампнинг сиёсий фаолиятида ўзига хос таъсир доирасига эга фигуралардан бири экани тахмин қилинади. Айниқса жорий йилда бундай мазмундаги фикрлар анча кўпайди. Трамп Украинага қурол етказиб беришни тиклаган ва Путинга нисбатан риторикасини ўзгартирган пайтларда Мелания эффекти ҳақидаги гап-сўзлар анча кенг муҳокама қилинди. Аляскадаги саммитда ҳам Меланиянинг таъсири яққол кўзга ташланди. Трамп рафиқаси Меланиянинг махсус хатини Путинга етказгани ҳақида хабарлар чиққанди. “Fox News” эса ўз манбаларига таяниб, Россия раҳбари мактубни қўлга олиши билан уни дарҳол делегациялар кўз ўнгида ўқигани ҳақида хабар берди. Хат матнини ҳам бугунги кунда салкам Оқ уй матбуот хизматига айланган “Fox News”нинг ўзи эълон қилди. Унда биринчи хоним Мелания Трамп асосан болалар хусусидаги хавотирларини баён қилган ва энг сўнгида тўхташ вақти келганини урғулаган. Хат матни эса қуйидагича:

“Ҳурматли, Президент Путин.
Ҳар бир бола, хоҳ мамлакатнинг қишлоқ жойида туғилган бўлсин, хоҳ улуғвор шаҳар марказида, ўз қалбида бир хил сокин орзуларни баҳам кўради. Улар севги, имконият ва хавфдан йироқ бўлишни орзу қилади.
Келажак авлоднинг умидини тарбиялаш ота-она сифатида бизнинг бурчимиздир. Еткчилар сифатида эса фарзандларимизни қўллаб-қувватлаш масъулияти тор доира манфаатларидан устун.
Шубҳасиз, биз ҳамма учун қадр-қимматга тўла дунёни чизишга ҳаракат қилишимиз керак – шунда ҳар бир қалбда тинчлик уйғонади ва келажакнинг ўзи мукаммал ҳимояланган бўлади.
Ҳар бир авлоднинг давомчилари ўз ҳаётларини покликдан бошлайди – география, ҳукумат ва мафкурадан устун турадиган беғуборликдан. Бу оддий, аммо чуқур тушунча, аминманки, жаноб Путин, сиз ҳам фикримга қўшиласиз.
Ҳозирги дунёда баъзи болалар атрофдаги зулматдан бехабар жим кулишга мажбур бўляпти, бу уларнинг келажагига даъво қилиши мумкин бўлган кучларга жимгина қаршилик кўрсатишдир. Жаноб Путин, фақат сиз уларнинг оҳангдор кулгисини тиклашингиз мумкин.Бу болаларнинг айбсизлигини ҳимоя қилиш орқали сиз фақат Россияга хизмат қилишдан кўпроқ нарсани қиласиз – сиз бутун инсониятга хизмат қиласиз. Бундай дадил ғоя инсониятнинг барча бўлинишларидан устундир ва сиз, жаноб Путин, бугун бир қалам билан бу қарашни амалга оширишга муносибсиз.
Вақт келди.
Ҳурмат билан,
Мелания Трамп”.
Энди Зеленский боради
Путиндан сўнг Трамп ҳузурига ташриф навбати Зеленскийга. У 18 август куни Вашингтонда Дональд Трамп билан учрашади. Трамп Путин билан учрашувни тугатиб, Аляскадаги саммитни 10 дан 10 га баҳолаб, НАТО етакчилари ва Зеленскийга ҳам қўнғироқ қилиб, учрашув ҳақида маълумот беришини айтиб ортга қайтганди. Кейинчалик у Аляскадан қайтаётганда нақд 6 соатлик парвоз давомида дастлаб Зеленский билан 1,5 соат, сўнгра НАТОга аъзо давлат раҳбарлари билан ҳам жуда узоқ гаплашгани айтилди. Зеленскийга ташриф таклифи берилган қўнғироқ кўп нарсаларни ойдинлаштирди. Украина Президенти АҚШ еткачиси билан телефон мулоқоти мазмунли ўтганини айтиб, Вашингтонда барчасини тўхтатиш учун боришини маълум қилиб, таклиф учун миннатдорлик билдирди.
У, шунингдек, қатор масалаларни муҳокама қилиш учун 3 томонлама формат мос келишини билдирди. Ўз ўрнида, Трамп ҳам жорий йил март ойи бошида Оқ уйда у билан тенгма тенг айтишган Зеленскийни интизорлик билан кутяпти.
Эсингизда бўлса, ўша учрашувда Трамп Зеленский қачон тинчликка тайёр бўлса, яна қайтиб келиши мумкин, дея таъкидлаганди. Мана, у яна АҚШга бормоқда. Бу галги учрашув қандай кечишини ва нималар рўй беришини тахмин қилиб бўлмайди. Чунки ўтган сафарги жанжалли учрашув бошланишига қадар икки ўртада ҳаммаси жойида, Украина табиий бойликларини АҚШ ихтиёрига ўтказишга тайёр эди. Аммо суҳбатга ювуқсиз қошиқ каби қўшилган вице-президент Жеймс Дэвид Вэнс ҳаммасини барбод қилгани, кўпчиликнинг кечагидек ёдида.
Зеленскийнинг Оқ уйга ташрифи арафасида эса Европада бироз шовқин-сурон кўтариляпти. ЕИ етакчилари Путин ва Трампнинг учрашувидан кейин Россияга нисбатан янги санкциялар жорий этишга тайёр эканини билдирди. Улар Киевга қурол етказиб бериш ёки Украинани ЕИ ва НАТОга интеграциялашдан воз кечиш бўйича чекловларни рад этмоқда. Франция Президенти Эммануэль Макрон эса Путин ва Трампнинг учрашувидан сўнг, Украинага ёрдам кўрсатишга тайёр бўлган “кўнгиллилар коалицияси” учрашувининг ўтказилишини эълон қилди.
Хабарингиз бор, Европа Иттифоқи жиддий масалаларда бир ёқадан бош чиқара олмаяпти. Венгрия ва Словакия каби аъзолар Иттифоқ ичида бошбошдоқлик кайфиятини ёйганига анча бўлди. Шу боис Брюссель “кўнгиллар коалицияси”га катта эҳтиёж сезди. Бундай коалициянинг бўлиши эса ЕИдаги бирлик ўтмишда қолганининг белгисидир.
Ўз ўрнида, бирлик нафақат ЕИда, балки НАТО сафида ҳам анча олдин заифлашганини кўриш мумкин. Барчаси Украинанинг альянсга қўшилиш борасидаги келишмовчиликларга бориб тақалади. Россия босқини ва Кремлнинг ультиматумлари Киев учун бугунга келиб, НАТОга қўшилишни ҳаддан ортиқ мураккаблаштириб юборди. Альянсга аъзо кўплаб давлатлар ҳудудий яхлитлик борасида жиддий муаммоси бор бўлган мазкур мамлакатнинг ўз сафларига қўшилишига қарши. Венгрияга ўхшаганлар эса ўзининг бу тўғрисидаги муносабатини яшириб ўтирмайди.
Шу боис, бугунга келиб Европа ва АҚШ Украинага НАТОга тўлақонли аъзолик бўлмасада, альянс Низомининг 5-моддасида назарда тутилган хавфсизлик ва мудофаа кафолатларини бериш имкониятини муҳокама қилмоқда. Яъни, гап НАТОга аъзо мамлакатлардан бирига ташқи ҳужум содир бўлса, барчанинг бирдек ҳаракатга келиши ва умумий душманга қарши курашишини англатадиган 5-модда ҳақида кетяпти. Аслида бу модда бутун альянснинг энг асосий моҳиятини ташкил қилади. НАТО мана шу 5-моддаси билан НАТО ҳисобланади.
Бундай кафолат ҳақида эса бирор бир хориж нашри эмас, балки Италия Бош вазири Жоржия Мелони маълум қилди. Манбалар мазкур таклифга АҚШ ҳам рози бўлганига ишора қилмоқда. Бир қанча нашрларга кўра, Киев Вашингтондан НАТОга аъзо бўлмаган ҳолда, ундаги хавфсизлик кафолатлари ҳақида таклиф олган.
Билдирилишича, бу масала Аляскада Трамп ва Путин ўртасида муҳокама қилинган бўлиши мумкин. Бироқ ҳозирча ҳеч ким мазкур кафолат қандай ишлаши, салкам НАТОга қўшилишни англатадиган ушбу кафолатга Путин қандай қилиб рози бўлиши мумкинлиги билмайди. Чунки у энг бошидан буён Украинанинг альянсга қўшилишига қарши. Аммо 5-модда бу салкам НАТО аъзоси деганидир.
Хитой XXII асрга қадам қўйди
АҚШ, Россия ва Европа каби йирик ўйинчиларнинг бор эътибори Украина масаласига қаратилган бир пайтда Хитой технологик мўъжизалар яратишда қолганларни ортда қолдирмоқда. Ҳафта давомида чин ўлкаси тарафдан кутилмаган янгилик янгради. Бу аллақачон одамлар томонидан қизғин муҳокама қилиниши бошланган суррогатлик функцияларини бажара олиши кутилаётган роботдир. Содда қилиб айтганда, Kaiwa Technology компанияси 2026 йилда дунёда илк бор ҳомиладорликни симуляция қила оладиган ва инсон эмбрионини кўтара оладиган, яъни фарзанд туғиб берадиган гуманоид роботни тақдим этишни режалаштирган. Бундай новаторлик шубҳасиз АҚШдаги Кремний водийсига дам беради.
Мазкур лойиҳа унга бўлган юқори даражадаги ижтимоий талаб туфайли ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, у мамлакатда туғилиш даражаси пасайиши ва ортиб бораётган бепуштлик муаммосини ҳал қилишга қаратилган. Компания асосчисининг сўзларига кўра, сунъий бачадон технологияси аллақачон якуний босқичга етган. Маълум қилинишича, робот бутун жараённи – уруғланишдан тортиб туғуруққача бўлган даврни такрорлай олади. Унинг нархи қарийб 14 минг доллар бўлиши кутилмоқда. Сингапурдаги Нанян технология университети фалсафа доктори Чжан Сифеннинг айтишича, сунъий бачадон технологияси аллақачон юқори ривожланиш даражасига етган. Энди уни роботнинг қорин бўшлиғига киритиш орқали инсон ва робот ўзаро алоқада бўлиб, ҳомиладорликни юзага келтириш, ҳомиланинг ичкарида ўсишини таъминлаш мумкин.
Маълумот ўрнида шу ҳам қайд этиш жоиз, бундай инкубация усули ҳайвонларда аллақачон синовдан ўтказилган. Фақат унда инсон эмбриони эмас, балки ҳайвонники муваффақиятли тарзда синовдан ўтган. Яъни 2017 йилда АҚШ олимлари сунъий бачадон ёрдамида муддатидан олдин туғилган қўзини вояга етказишга эришган. Аммо мутахассисларнинг фикрича, инсон эмбриони билан тўлиқ жараённи такрорлаш учун технологияни янада такомиллаштириш лозим. Кўрамиз, бир йилдан сўнг Хитойда бундай амалиёт қандай натижа бераркан.
Қозоғистон Россия ва Хитойдан бойроқ
Аҳолиси 20 миллион 333 минг, ЯИМ эса 300 миллиард долларни ташкил этадиган Марказий Осиёнинг энг бадавлат мамлакати Қозоғистон энди жон бошига ЯИМ даражаси бўйича Россияни ҳам, Хитойни ҳам ортда қолдирди. Халқаро валюта жамғармаси эълон қилган статистик маълумотларга кўра, жорий йилда ушбу кўрсаткич Қозоғистонда 14 770 долларни ташкил этмоқда. Россияда бўлса, бу миқдор 14 260, Хитой эса 13 690 доллар. Бундай иқтисодий юксалиш билан Қозоғистон эндиликда МДҲ орасида ЯИМ жон бошига тақсимоти борасида пешқадамга айланди. Ушбу кўрсаткич ҳозирги нархлар ва инфляцияни инобатга олади, шу сабабли мамлакатнинг иқтисодий фаровонлик даражасини анча аниқ акс эттиради. Мутахассислар бу ютуқни бир нечта асосий омиллар билан изоҳламоқда. Жумладан, Қозоғистон катта нефть, газ ва уран захираларига эга бўлиб, энергия ресурслари ва фойдали қазилмалар экспорти иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб қолмоқда. Сўнгги йилларда мамлакат хомашёни қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни фаол ривожлантираётгани ҳам таъкидланмоқда.
Аммо афсуски, Ўзбекистон бундай масалада ҳали мақтагулик натижага эриша олмайди. Чунки қўшниси Қозоғистонда мазкур кўрсаткич 15 минг долларга яқинлашган бир пайтда Ўзбекистонда бу миқдор бор йўғи 3,5 минг долларга тенг. Бу эса Ўзбекистондаги ЯИМнинг аҳоли жон бошига тақсимоти Қозоғистондан 4 баравар паст дегани.
Тўғри, юқорида қайд этилганидек, Қозоғистондаги бундай юқори кўрсаткич асосан табиий бойликларга боғлиқ. Бундан ташқари, ЯИМнинг жон бошига тақсимотини белгилашда мамлакатдаги аҳоли сони энг муҳим аҳамиятга эга. Масалан, Қозоғистонда 20 миллиондан бироз кўпроқ, Ўзбекистонда эса 37 миллиондан ортиқ аҳоли бор. Аммо барибир, Қозоғистоннинг иқтисодий аҳволи жанубдаги қўшнисиникидан анча яхши. Жумладан, унинг ЯИМ 300 миллиард доллардан ошган бўлса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 130 миллардни ташкил қилади.
Боз устига ўша Жаҳон баникининг бошқа ҳисоботида Ўзбекистон юқори даромадли давлатга айланиши учун, яъни аҳоли жон бошига даромад 14 минг доллардан ошиши учун камида яна 100 йил кераклигини прогноз қилмоқда. Қозоғистон учун эса бундай мақомга эришиш учун 30 йил кетиши тахмин қилинган. Бу ерда ҳам орадаги фарқ 3 баравардан кўп. Ҳа айтганча, Қозоғистон ЯИМнинг аҳоли жон бошига тақсимоти бўйича юқорида таъкидланганидек, аллақачон 14 минг долларлик довондан ўтган. Бу ерда эса гап аҳоли жон бошига миллий даромад ҳақида кетмоқда. Булар бир-биридан бироз фарқ қилувчи тушунчалар эканини ҳам қўшимча қилиш лозим. ЯИМ мамлакат ҳудудида бир йилда ишлаб чиқарилган барча товар ва хизматларни ўз ичига олади. Аммо ялпи миллий даромад давлат фуқаролари ва компаниялари томонидан ишлаб топилган соф фойда бўлиб, унинг таркибига мамлакатда фаолият юритаётган хорижий компаниялар даромадлари ҳисобга олинмайди.
Покистон ва Ҳиндистон яна зиддиятда
Ер юзининг бир чекасида босқичилик ва қирғинларни тўхтатиш мақсадида катта умидлар билан саммит ташкил қилинаётган бир пайтда Осиёдаги икки йирик давлат дунё учун навбатдаги можарони тайёрламоқда. Нью-Деҳли ва Исломобод яна бир-бири билан зиддиятга бормоқда. Бири ракета қўшинлари тузишини эълон қилса, бошқа бунга жавобан янги мудофаа тизими ишлаб чиқишини маълум қилди. Энг қизиғи, бу ҳақдаги баёнотлар деярли бир вақтда янгаради. Дастлаб, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф 14 август куни мамлакат Қуролли кучлари таркибида ракета қўшинлари тузилишини айтди. Шарифнинг айтишича, бу қўшинлар замонавий техника билан жиҳозланади ва улар Покистон армияси жанговар салоҳиятини мустаҳкамлаш йўлидаги янги босқич бўлади. Хавфсизлик хизматидаги юқори мартабали мансабдор эса бу ракеталарнинг асосий нишони Ҳиндистон эканини яшириб ўтирмаган.
Орадан бир кун ўтиб эса Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди мамлакат 2035 йилга келиб “Сударсан Чакра”, яъни “Замонавий технологик қалқон” номли илғор қурол тизимини ишлаб чиқишини маълум қилди. Бу тизим шаҳарлар ва стратегик объектларни ҳимоя қилишга мўлжалланган бўлиб, илғор кузатув, ҳужумни тўхтатиш ва қарши зарба бериш имкониятларини бирлаштиради. Бу эса ҳаводан, қуруқликдан ва денгиздан келадиган таҳдидларни бартараф этишга имкон бериши таъкидланмоқда. Аммо ўз нутқида Моди ушбу янги мудофаа тизими ҳақида батафсил маълумот бермаган. Шундай бўлишига қарамай, мутахассислар бу технология Исроилнинг “Темир гумбаз”ига ўхшаш бўлишини тахмин қилмоқда.
Live
Барчаси