WBA раҳбари Иноуэга Гудмандан кейин Аҳмадалиев билан жанг қилишини буюрди
Спорт
−
17 Декабрь
7140Биринчи ярименгил вазн тоифасида вақтинчалик WBA чемпионлик камарини қўлга киритган Муроджон Аҳмадалиев кейинги жангини катта эҳтимол билан япониялик вазннинг мутлақ чемпиони Наоя Иноуэга қарши ўтказади. Бу ҳақда Ўзбекистон Профессионал бокс федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси ва унинг жамоаси WBA раҳбариятидан ушбу вазнда мутлақ жаҳон чемпиони Наоя Иноуэга қарши жанг беришларини талаб қилмоқда.
“Биз барча камарлар учун жанг ўтказишни истаймиз. WBA бунинг учун ўз томонидан барча зарурий чораларни қўллашини сўраймиз. Тушунамиз, ташкилот Иноуэнинг машҳурлигидан келиб чиқиб, унинг камарларини олиб қўйгиси келмаяпти. Лекин истак сабаб қоидаларга қарши бормаслик керак”, дейди Аҳмадалиевнинг менежери Вадим Корнилов.
WBA ташкилоти президенти Хильберто Мендосанинг хабар беришича, WBA Иноуэ 24 январь куни австралиялик Сэм Гудманга қарши жангни ўтказиб олганидан кейин мажбурий равишда Муроджон Аҳмадалиевдан чемпионлик камарларини ҳимоя қилади.
“Иноуэ ва унинг жамоасида Гудманга қарши жангдан кейин якуний қарор қабул қилиш учун 10 кун муҳлат бўлади. Шу муддат ичида Наоянинг жамоаси Аҳмадалиевнинг жамоаси билан ўзаро жанг бўйича келишиб олишлари лозим”, дейди Мендоса.
Аҳмадалиевнинг юристи, яъни ҳуқуқшунос-адвокати Пэт Инглиш боксчи номидан WBA ташкилотига мактуб жўнатди.
“Бизга ваъда беришганди, лекин бу ўз вақтида бажарилмади. Жанг белгилаш бўйича резолюция бор эди. Биз ҳурмат билан, лекин қатъий равишда WBA’дан имкон қадар тезроқ Иноуэга қарши жангни белгилашларини талаб қиламиз. Биз Наоянинг Гудмандан кейин яна бир ихтиёрий ҳимоя жанги ўтказишига мутлақо қаршимиз. Японияликнинг ҳимоя жанги фурсати аллақачон келган ва у мажбуриятларни бажариши шарт”, дейилади Инглиш ёзган мактубда.
Маълумот учун, Муроджон Аҳмадалиев 14 декабрь куни тунда Монте-Карлода ташкил этилган профбокс оқшомида мексикалик Рикардо Эспинозани 3-раунддаёқ нокаутга учратиб, вақтинчалик WBA чемпионига айланди.