Вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик жинояти учун жазо оғирлаштирилмоқда
Жамият
−
02 Февраль 2023
11800Ўзбекистон қонунчилигида номусга тегиш ёхуд жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш (118, 119-моддалар), шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш (121-модда), 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш (128-модда), 16 ёшга тўлмаганга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш (129-модда) жиноятлари учун жазо чоралари оғирлаштирилмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳи ва Адлия вазирлиги томонидан “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаcи ишлаб чиқилган.
“Қонун лойиҳасида шунингдек, ўн саккиз ёшга тўлмаган жабрланувчининг номусига тегиш ёки унга нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирган ёхуд уни жинсий алоқа қилишга мажбур этган ёки фоҳишаликка жалб қилган, вояга етмаган шахс тавсифланган порнографик маҳсулотни тайёрлаган шахсларга нисбатан жазодан ташқари бошқа жавобгарлик ва таъсир чоралари ҳам кучайтирилиб, хусусан, уларга нисбатан:
– жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари қўлланилмаслиги;
– тамом бўлмаган жиноятлар учун жазо тайинлашда енгиллик берилмаслиги назарда тутилган”, дея маълум қилган Ўринбоева.
Унинг қўшимча қилишича, бундан ташқари “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга ҳам янги норма киритилиши таклиф этилган. Унга кўра, юқоридаги жиноятлар учун ҳукм қилинган шахслар вояга етмаганларга хизмат кўрсатиладиган таълим муассасалари ва соғлиқни сақлаш муассасаларида ишлашлари тақиқланади.
“Айни вақтда Қонун лойиҳаси бўйича жамоатчиликдан келиб тушган таклифлар умумлаштирилмоқда. Ҳужжат лойиҳаси белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилади”, деган Севара Ўринбоева.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь