Ўзбекистонда ҳам Бош вазир истеъфога чиқарилиши мумкинми? Конституциявий суд раиси жавоби
Жамият
−
16 Январь 2020
30254Агар Олий Мажлис қонунчилик палатаси, Сенат ёки Вазирлар Маҳкамаси бир неча бор Конституцияга зид тарзда бирор хужжат қабул қилса нима бўлади? Саволга жавобни Конституциявий суд раиси Бахтиёр Мирбобоев берди.
Кеча, 15 январь куни Олий суд биносида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали тадбирдаги маърузаси бўйича давра суҳбати ўтказилди. Тадбир ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори, элчи Жон Макгрегор, Олий суд вакиллари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов ва бир неча давлат элчиларидан иборат дипломатик корпус иштирокида ўтказилди.
“Конституциявий суд коллегиал орган. Шу сабабли унинг бир судьяси ишни кўриб чиқа олмайди. Қарор маслаҳатлашув асосида кўриб чиқилади. Кўпчилик овози билан қабул қилинади. Агар норматив-ҳуқуқий хужжат Конституцияга мос келмаса, Конституциявий суд мажлисига киритилган бўлса, бу масала, албатта, кўриб чиқилади.
Конституциявий суд икки хил қарор чиқариши мумкин. Биринчиси, шу ҳужжат Конституцияга мос ёки бу ҳужжат Конституцияга мос эмас, деб қарор чиқариши мумкин. Агар Конституциявий суд ҳужжатни Конституцияга мос эмас деб қарор чиқарса, қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб шу норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзининг кучини йўқотади.
Савол туғилиши мумкин: Конституцияга мос бўлмаган ҳужжат қабул қилган давлат органи ёки мансабдор шахсларга нисбатан уларнинг юридик жавобгарлигини белгилайдиган нормалар борми?
Бу саволнинг жавоби Конституциямиз ва бошқа қонунларимизда ўз аксини топган. Масалан, Конституциямизнинг 95-моддасига мувофиқ – “Қонунчилик палатаси ёки Сенат бир неча бор Конституцияга зид қарорлар қабул қилган тақдирда Ўзбекистон Президентининг Конституциявий суд билан бамаслаҳат қабул қилган қарори асосида Олий Мажлиснинг қонунчилик палатаси ёки Сенати тарқатиб юборилади”, дея маълум қилди Конституциявий суд раиси.
Маҳкама раҳбари, шунингдек, қонунчиликка зид қарорлар қабул қилинса, Ҳукумат ва Бош вазир қандай жавоб бериши ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
“Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонунга мувофиқ “Агар Вазирлар Маҳкамаси бир неча марта Конституцияга мос келмайдиган қарор қабул қилса, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Бош вазир лавозимидан озод этилади. Бизнинг қонунчилигимизга кўра, Бош вазир лавозимидан озод этиш Вазирлар Маҳкамасининг ҳамма аъзоларини истеъфога чиқишига сабаб бўлади”, дейди Бахтиёр Мирбобоев.
Маълумот ўрнида, “Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 7-моддасига кўра, Вазирлар Маҳкамаси таркибида унинг нормал фаолият кўрсатишига таҳдид солувчи, бартараф этиб бўлмайдиган ихтилофлар юзага келганда, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси томонидан бир неча бор Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид қарорлар қабул қилинган тақдирда Бош вазир лавозимидан озод этилади.