Вилоятликларми? Вазир Тошкентдаги тирбандликнинг сабабини айтди

Жамият

image

Тошкент шаҳри йўлларида ҳар куни тахминан 1 миллионга яқин транспорт воситаси ҳаракатланиб, асосий тирбандлик манбаига айланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг пойтахт йўлларидаги тирбандликни камайтириш бўйича Олий Мажлис Сенати қўмитаси раиси Эркин Гадоевнинг сенаторлик сўровига йўллаган жавобида сўз боради.

Вазирликка кўра, сўнгги икки йил ичида Тошкент шаҳрида аҳолига қулай транспорт хизмати кўрсатиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилган. Жумладан, шаҳарнинг автобус парклари учун 1 004 та янги замонавий автобус харид қилинган. Натижада ҳаракат таркиби сони 1 847 тага етган. Автобуслар орасидаги интерваллар икки баробарга қисқарган. Йўловчилар сони 2,2 баробарга кўпайиб, кунлик 1,4 миллион нафарга етган. Бу эса 140 мингга яқин шахсий автоулов ва таксилардан фойдаланишнинг камайишига олиб келган.

Шаҳарнинг 31 та кўчасида алоҳида автобус йўлаклари ташкил этилган. Бу йўналишларда 142 та автобус қатнаб, ҳар куни 22 мингга яқин рейс амалга оширмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, фақат шу йўналишлардагина йўловчиларнинг вақтини тежаш ҳисобига 800 мингга яқин киши қулайликка эришган.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида тирбандликларни камайтириш, жамоат транспорти жозибадорлигини ошириш ҳамда унинг йўлларда ҳаракат устуворлигини таъминлаш учун шаҳарнинг асосий транспорт артерияси ҳисобланган 73 та кўчада жамоат транспорти ҳаракати устуворлиги, пиёдалар учун қулай ва хавфсиз инфратузилма, транспорт оқимини самарали бошқариш (ақлли светофорлар) тизимларини ўз ичига олган комплекс тадбирларни амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.

Билдирилишича, Тошкент агломерацияси аҳолисини жамоат транспорти билан қамраб олиш мақсадида шаҳар атрофидаги ҳудудларга янги автобус йўналишлари очилмоқда. Шунингдек, жорий йилнинг октябрь ойида 200 та янги электробус келтирилиши режалаштирилган. 2026 йилда эса яна 1000 та замонавий автобус Тошкентдаги ҳаракат таркибига қўшилади.

Янги автобуслар келиши билан 48 та янги ва қайта ишланган йўналишлар ишга туширилиб, шаҳар ва агломерация ўртасидаги боғланиш яхшиланади. Шу мақсадда Янги Тошкент ҳудудида 3 та замонавий автосарой қурилиши кўзда тутилган.

Таъкидланишича, режалаштирилган ишлар амалга оширилгандан сўнг, Тошкентда 2 891 та автобус ҳаракатланади, йўловчи ташиш ҳажми эса 750 миллионгача етказилади. Янги йўналишлар, электробуслар ва “ақлли” бошқарув тизимлари орқали пойтахт аҳолиси учун жамоат транспорти янада қулай ва самарали бўлиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев Тошкент шаҳрида юзага келаётган тирбандликларда вилоятликларни айблаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент тирбандлик Вазир Илҳом Маҳкамов Вилоятликлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг