Видеоўйинлар одамни кар қилиши мумкин

Саломатлик

image

Сўнгги вақтларда одамлар орасида видеоўйинлар оммалашиб бормоқда. Ўйинчилар компьютер қаршисида соатлаб вақтини ўтказмоқда. Шу сабабли ҳам ёшлар орасида кўриш қобилиятининг пасайиши, умуртқа поғонасининг қийшайиши каби касалликлар тобора кўпроқ учрамоқда. Яқинда ўтказилган тадқиқот эса видеоўйинлар инсон эшитиш тизимига ҳам катта таъсир қилишини кўрсатди. Бу ҳақда “BMJ Public Health” нашри ҳабар берди. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва АҚШнинг Жанубий Каролина тиббиёт университети мутахассислари видеоўйинлар ва эшитиш қобилиятини йўқотиш билан боғлиқ илгари чоп этилган 14 та илмий мақола маълумотларини таҳлил қилган. Ушбу тадқиқотларда жами 9 мамлакатдан 53 мингдан ортиқ геймер иштирок этган. Натижаларга кўра, машҳур видео ўйинларда қайд этилган товуш даражалари доимий эшитиш қобилиятининг йўқотилишига олиб келиши мумкин.

Таҳлил шуни кўрсатдики, товуш даражаси ишлатиладиган қурилмаларга қараб ўзгаради. Ўйин сеанси пайтида мобил қурилмаларнинг овоз даражаси 43,2 децибел (дБ) атрофида бўлса, ўйин давомида бу кўрсаткич ҳайратланарли даражага –  80-89 децибелгача етади. Бундан ташқари, баъзида ўйинлардаги қисқа товушлар (масалан, отишмалар ёки портлашлар) 119 дБ кўрсаткич чўққисига чиқиши мумкин.

Катталар учун хавфсиз овоз баландлиги чегараси эса 80 децибелни ташкил қилади. Бу даражадаги шовқинни бир киши ҳафтасига 40 соат давомида эшитиши мумкин. Ушбу даражадан сўнг, ҳар 3 децибел учун хавфсиз вақт икки баравар камаяди – яъни 83 дБ учун ҳафтада 20 соат, 98 децибелни тинглаш учун эса ҳафтада атиги 38 дақиқага рухсат берилади. 

Бироқ, болалар учун қабул қилинадиган товуш даражаси бундан ҳам паст. Бу ҳафтасига 40 соат давомида 75 децибелдан бошланади. Шунинг учун, болага 98 дБ ҳажмли товушни ҳафтада атиги 12 дақиқа давомида қабул қилишга рухсат берилади.

Тадқиқотлардан бири видеоўйинларни тез-тез ўйнайдиган болаларда оғир тиннитус (атроф-муҳит тинч бўлган ҳолатда қулоқларда ёки мияда чалинадиган турли шовқинлар)нинг ривожланиш хавфи юқори эканини кўрсатган. Яна бир йирик тадқиқотда эса ўйин эшитиш қобилиятини йўқотишга олиб келиши исботланган.

Шунингдек, тадқиқот жамоаси натижалар жинсга кўра фарқланишини  ҳам аниқлади. Бунга кўра, ўғил болаларда эшитиш муаммолари кўпроқ. Чунки улар қизларга қараганда узоқроқ муддат давомида ҳамда баландроқ частотада ўйин ўйнайди.

Маълумот учун, 2022 йилда дунёда уч миллиарддан ортиқ геймер борлиги ҳисобланган.


Мақола муаллифи

Теглар

компьютер Видеоўйинлар геймер эшитиш тизими

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг